Линклар

АҚШ ва Россия шартли сулҳга эришган бир пайтда Суриядаги зўравонликларда ўнлаб одам ўлди


Syrian army soldiers inspect the site of a two bomb blasts in the government-controlled city of Homs, Syria, in this handout picture provided by SANA on February 21, 2016. REUTERS/SANA/Handout via Reuters ATTENTION EDITORS - THIS PICTURE WAS PROVIDED BY A

Syrian army soldiers inspect the site of a two bomb blasts in the government-controlled city of Homs, Syria, in this handout picture provided by SANA on February 21, 2016. REUTERS/SANA/Handout via Reuters ATTENTION EDITORS - THIS PICTURE WAS PROVIDED BY A

Суриялик фаоллар ҳамда ҳукумат тарафидаги матбуотга кўра, Суриянинг ҳукумат назоратидаги ҳудудларида рўй берган портлашлар оқибатида 140дан ошиқ одам ўлдирилган.

Ҳужумлар 21 февраль куни, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия билан Суриядаги можарода “шартли сулҳга эришилгани” тўғрисида эълон қилган кун содир этилди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган “Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси” гуруҳи Ҳомс шаҳрида асосан тинч фуқаролардан иборат камида 59 одам икки автомобилнинг портлатилиши натижасида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Портлашлар шаҳарнинг президент Башар Ассад дохил алавийлар мазҳаби вакиллари истиқомат қиладиган Ал-Заҳра туманида рўй берди.

Ҳомс шаҳри деярли бутунлай Сурия ҳукумати назоратидадир. Воқеадан бир неча соат ўтиб Дамашқнинг шиалар истиқомат қиладиган туманида камида учта бомба портлатилди.

Ҳукумат телевидениеси ҳужумлар натижасида камида 87 одам ҳалок бўлгани ва 200 нафар одам жароҳатлангани ҳақида хабар қилди. “Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси” ташкилоти эса қурбонлар сони 80дан ошиқ, дея билдирди.

Ҳужумлар Саййида Зайнаб туманида рўй берди. Мазкур туманда Муҳаммад Пайғамбарнинг невараси Зайнаб бинт Алининг қабри жойлашган ва шиалар учун муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

Ҳомс ва Дамашқдаги портлашлар учун маъсулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олди.

“Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси” ташкилотининг яна билдиришича, ҳукумат қўшинлари охирги бир кун ичида Ҳалаб шаҳрининг шарқий минтақаларида ўтказган ҳарбий амалиётда “Исломий давлат”нинг камида 50 жангариси ўлдирилганини билдирди. Ҳукумат қўшинларига Россия ҳарбий учоқлари ҳаводан ёрдам бериб турган.

Аввалроқ Керри Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Сурияда шартли сулҳ борасида келишиб олганлари ҳақида эълон қилган эди.

21 февраль куни Амманда Иордания ташқи ишлар вазири Носир Жуда билан учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Керри: “Зўравонликларни тўхтатиш шартлари бўйича дастлабки келишувга эрищдик, бу яқин кунларда амалга оширилиши мумкин”, дея баён қилди.

Керри Лавров билан эришилглан дастлабки келишув борасида яқин кунларда АҚШ Президенти Барак Обама ва Россия Президенти Владимир Путин суҳбатлашишига умид қилишларини қўшимча қилди.

Давлат котиби томонлар келишув "шартлари бўйича музокалараларни давом эттираётгани"ни қўшимча қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Лавров Керри билан телефон орқали Сурияда оташкесимга эришиш ҳақида суҳбатлашганини тасдиқлади.

Вазирлик баёнотига кўра, суҳбат давомида оташкесим шартлари муҳокама этилгани, бу шартлар “БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан террорчи дея тан олинган” гуруҳларга тааллуқли бўлмаслигини билдирди.

Теҳронда эса Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

IRNA расмий янгликлар агентлиги Шойгу Руҳонийга президент Путин мактубини топширгани ҳақида хабар қилди.

Агентлик Шойгу “минтақадаги барқарорлик билан боғлиқ вазият ҳамда Сурияда оташкесимга эришиш бўйича музокаралар жараёни” ҳақида умумий маълумот берганини қўшимча қилди.

Деярли беш йилдан бери давом этаётган можарода Россия ва Эрон президент Башар Ассадни қўллаб келади.

Қудратли давлатлар 12 фераль куни Мюнхенда учрашиб, Суриядаги зўравонликни тўхтатиш ҳамда урушдан азият чекаётган одамларга гуманитар ёрдам етказиб туриш бўйича ҳамкорлик қилишга келишишди.

Суриядаги фуқаролар урушида иштирок этаётган турли тарафларни қўлловчи 18 давлат ўртасида эришилган келишув 19 февралдан бошлаб зўравонликни тўхтатишга чақиради.

XS
SM
MD
LG