Линклар

Қирғизистондаги мадрасаларнинг кўпчилиги лицензиясидан маҳрум бўлади


Қирғизистондаги 101та мадрасининг камида 92таси бош мударриси олий маълумоти йўқлиги аниқланди

Қирғизистондаги 101та мадрасининг камида 92таси бош мударриси олий маълумоти йўқлиги аниқланди

Мамлакатдаги 101 мадраса мударрисларининг қанчаси текширувдан ўта олиши номаълум, лекин деярли барча диний ўқув юртлари директорлари таълим бериш лицензиясидан маҳрум этилиши аниқ. Маълум бўлишича, бош мударрисларнинг аксар кўпчилиги олий маълумотсиз бўлгани боис таълим беришга лойиқ эмас, деб топилган. Қирғизистонда диний таълим соҳаси устидан назоратнинг кучайтирилиши мамлакатда диний радикаллашув авж олаётган пайтга тўғри келмоқда.

Қирғизистондаги деярли барча мадрасалар директорлари 2016 йилда лицензияларидан маҳрум этилади. Мазкур қарор бирорта бош мударриснинг дин бўйича олий маълумоти йўқлиги билан изоҳланмоқда.

Қирғизистон Диний аттестация қўмитаси раиси Абдулла Асронқуловнинг Озодликка айтишича, мамлакатдаги мадрасалардан 92 фоизининг бош мударрисллари диний таълим бериш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Қўмита раиси 23 февраль кунги суҳбат чоғида мазкур қарор 2014 йилда жорий этилган меъёрий қоидалар асосида қабул қилинганини билдирди.

Асронқуловнинг яна айтишича, Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси Қирғизистон бош муфтийсига университет даражасидаги ёки бошқа тан олинган диний олийгоҳлардан дипломалари бўлмаган мадраса раҳбарларини вазифаларидан четлатишни тавсия этиши кўзда тутилмоқда.

Қирғизистондаги 101та мадрасадан 72таси ўз мударрисларини аттестациядан ўтказишга рўйхатдан ўтказди. Аттестация 24 февраль куни ўтказилиши белгиланган.

2014 йилда жорий этилган меъёрий чораларга биноан мамлакатдаги барча мадрасалар мударрисларининг мунтазам равишда давлат аттестациясидан ўтиши талаб қилинади. Бундан мақсад мадрасаларда экстремистик ғоялар ўқитилишининг олдини олиш ва исломий ўқув юртларидаги таълим жараёнини тартибга солишдан иборатдир.

Ҳозирча аттестациядан мударрисларининг қанчаси ўтиши мумкинлигига доир тахминлар йўқ.

2012 йилда Қирғизистон хавфсизлик идоралари мамлакатнинг олий диний идораси – Муфтиятни қирғиз болаларини ноқонуний тарзда Бангладешдаги диний мактабларга ўқишга жўнатганликда айблаган эди. Расмийларга кўра, Бангладешдаги кулбаларда болаларга Таблиғи Жамаат ҳаракатининг экстремистик ғоялари ўқитилган.

Қирғизистон ҳукуматининг диний мактаблар устидан назоратни кучайтириш уринишлари мамлакат бўйлаб диний радикаллашув кучаяётган пайтга тўғри келмоқда.

Кейинги ойларда қирғиз хавфсизлик идоралари амалга оширган аксилтеррор операциялари натижасида исломий экстремизмга алоқадор, деб кўрилган бир неча шахс ўлдирилди ёки қўлга олинди.

Ўтган йилнинг июль-октябрь ойларида қамоққа ҳукум этилган ва турмадан қочишга муваффақ бўлган исломчиларни қўлга олиш амалиётлари пайтида уларнинг бир неча нафари ҳамда камида тўрт милициячи ва қамоқхона нозири ўлдирилган эди.

Қирғизистон расмийлари Яқин Шарқда “Исломий давлат” экстремист гуруҳи сафларида юзлаб қирғизитонлик ёшлар жанг қилаётгани борасида ҳам хавотир билдириб келади.

Ўтган ой ўрталарида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2015 йилда Сурия ва Ироқдаги жангларда Ислоимй жангарилар сафидаги 30 қирғизистонлик ҳалок бўлганини билдирди.

XS
SM
MD
LG