Линклар

Саводсиз врачларга қарши кураш бошлаган деҳқон давлат мафиясига рўпарў бўлди


Бешариқлик деҳқон ва уста Қаҳрамон Имончаев Ўзбекистон президентининг давлат телеканаллари орқали қайта-қайта намойиш этиладиган чиройли гапларига чиппа-чиндан ишонган содда ўзбеклардан. У президентимиз коррупцияга қарши курашмоқда¸ адолатли жамият қурмоқда¸ деб ишониб¸ президент “йўли”дан юришга қарор қилгану¸ балога қолган.

Бир фарзанди туғилиши билан¸ иккинчиси туғилмай туриб бешариқлик врачлар айби билан нобуд бўлганини айтаëтган Қаҳрамоннинг учинчи фарзанди ҳам дардман туғилган.

Нотўғри ташхис қўйиб¸ нотўғри даволаш ортидан чақалоқ оғир аҳволда Бешариқ касалхонасидан Фарғонадаги махсус касалхонага олиб келинади. Бу ерда 90 кун ëтиб¸ ўзига келар-келмас¸ уйига чиқариб юборилади.

-Бешариқ соғлиқни сақлаш тизимидагилар сўраган пулларию айтган дориларини еткизиб берганимга қарамай¸ боламга қарамадилар¸ уни ўлар ҳолатга еткиздилар. Шундан сўнг буларнинг кирдикорларини фош қилиш учун ҳуқуқ тизимларига мурожаат қилдим¸ ўзим ҳам шахсий суриштирувларимни бошладим¸ дейди Қаҳрамон.

Аммо бир гуруҳ саводсиз ва порахўр врачлар деб тушунганим бу одамлар орқасида президент аппаратига қадар бўлган бўғинларда ўтирган ўнлаб одамлар манфаати бор экан ва мен ўзим билмай туриб давлат номидан иш кўраëтган катта мафия тўдасига қарши чиқибман¸ дейди Қаҳрамон Озодликка.

Унга кўра¸ Бешариқ соғлиқни сақлаш тизимидаги порахўрлик ва жиноятларга бу тизимни назорат қилиш учун қўйилган прокуратура ва МХХ ходимлари ҳам шерик бўлгани боис¸ улар бу жиноятларни босди-босди қилиш ҳаракатига тушган.

Оқибатда¸ мен ëзган аризани на прокуратура¸ на МХХ қабул қилмаяпти¸ аксинча¸ менинг ўзимни туҳматчига чиқариб¸ ҳеч бир асоссиз судга олиб кетиб¸ судлаб¸ жаримага тортишди¸ дейди Қаҳрамон.

-Прокуратура¸ МХХнинг асосий вазифаси коррупцияга қарши кураш эмасми? Президент улардан шуни сўрамаяптими? Мен улар қилиши керак ишларни қилиб¸ жиноий тўда кирдикорларини далил-исбот билан тақдим этсам¸ улар бу ерда жиноят аломати йўқ¸ деган баҳона билан уни йўққа чиқараяпти. Президент айтаëтган адолат қани бу давлатда? дейди бешариқлик деҳқон Озодлик билан суҳбатда.

Адолат излаб бутун системани қаршисига олган бешариқлик Қаҳрамон Имончаев билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG