Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:07

Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш режасини тақдим қилди


АҚШ президенти Барак Обама 2002 йилда очилган Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш режаси бўйича матбуот анжумани ўтказди. Режага кўра, қамоқхонада қолган 91 маҳбуснинг 60га яқини АҚШ қамоқхоналарига кўчирилади ва қолгани эса бошқа давлатларга жўнатилади. Бу режа мамлакат бюджети учун 290 миллион АҚШ долларидан 475 миллион долларгача тушиши мумкинлиги айтилмоқда.

Сешанба куни Пентагон раҳбарияти АҚШ Конгрессига Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш бўйича анчадан буён кутилаётган ҳисоботни тақдим қилади.

Тақдимот олдидан матбуотга сўзлаган АҚШ президенти Обама бу қамоқхона айни пайтда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, унга таҳдид солаётганини айтди.

Обамага кўра, бундан ташқари, бу қамоқхонанинг бир йиллик таъминоти ҳам қиммат - 85 миллион АҚШ долларига тушмоқда.

Қамоқхона 2002 йилда ўша пайтдаги президент Жорж Буш томонидан Афғонистондаги уруш вақтида аср олинган маҳкумларни сақлаш учун очилган. Бу ердаги маҳкумлар АҚШ фуқаролари эга бўлган кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум этилган ва кўпчилиги айбловсиз, ҳукмсиз сақланган.

Ўз вақтида 780 маҳбус сақланган қамоқхонада ҳозирга келиб 91 маҳкум қолган. Булардан 60 га яқини ўта хавфли жиноятчи ҳисобланади.

Қамоқхона ёпилган тақдирда Обама бу маҳбусларнинг АҚШ ҳудудидаги бошқа қамоқхоналарга ўтказилишини таъминлаши лозим. Ҳозирча, маҳбусларнинг 35 нафари бошқа давлатларга кўчирилиши, қолганлари АҚШдаги 13 та қамоқхонага тақсимланиши айтилмоқда.

Ҳисоботда хавфли маҳбусларни бошқа қамоқхоналарга кўчириш ва қамоқхонани ёпиш учун сарф-ҳаражат миқдори 290 миллион АҚШ долларидан 475 миллион долларга тушиши мумкинлиги айтилган.

Президент Обама Оқ Уйга келганидан буён бу қамоқхонани ёпишини айтиб келади, аммо Конгресс бу режани маъқулламаётир.

XS
SM
MD
LG