Линклар

logo-print

Қирғиз журналисти: Раҳмат, сенга Ўзбекистон!


Ўзбекистонлик футзал фанатлари Тошкентда ўтган қитъа биринчилигида.

Ўзбекистонлик футзал фанатлари Тошкентда ўтган қитъа биринчилигида.

Қирғизистонлик журналист Қудрет Тайчабаров ўз Интернет блогида Тошкентда ўтган футзал бўйича мусобақаларда қирғиз футболчиларини ўзбеклар ўта қизғин қўллаб-қувватлагани, айрим футбол мухлислари “Қирғизистон”, деб ҳайқиравериб, овозлари бўғилиб қолганини ёзар экан, бу ҳолатни бағрикенглик намунаси ўлароқ тақдим этди. Мазкур блог ижтимоий тармоқларда юзлаб одамларнинг ижобий эмоцияларига сабаб бўлди.


Қуйида қирғиз журналистининг блогини ўзбек тилига таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Таржимон имкони борича, автор стилистикаси ва мақола руҳини оригиналига мос равишда сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

“Мен бошидан охиригача томоша қилган футзал бўйича қитъа биринчилиги Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида якунланди. Кўпчилик спорт мутахасислари қирғиз полвонларининг Осиё биринчилигида қўлга киритган медаллари ҳақида гапиришди. Мен бу воқеага унча эътибор қаратмадим. Негаки, Қирғизистон кураш бўйича дунёнинг кучли командаларидан бирига эга экани ҳаммага маълум. Мен, полвонларимиз ўз мажбуриятларини бажардилар холос, деб ҳисоблайман.

Футзал бўйича Қирғизистон терма жамоаси Тошкентда яхши ўйин кўрсатди. Командамиз вице чемпион ўзбек тўптепарлари билан ўз гуруҳида 1-ўрин учун қаттиқ беллашди, плей-оффда эса мазкур турнирнинг чемпиони бўлган Эрон билан мусобақалашиб, турнирдан чиқиб кетди. Агар Эрон билан эмас, бошқа команда билан беллашганимизда, совринли ўринлардан бирини эгаллашимиз аниқ бўлиб қолган эди. Эрон командаси дунёдаги кучли жамоалардан бири. Улар Италия, Бразилия, Испания командалари билан тенг даражада ўйнай олади. Уларда пул кўп бўлгани учун футболчилари фақат футболчи бўлиб ишлайди, фаровон яшайди. Бизда эса футболчилар асосий ишидан чиққанидан сўнг кечқурун тренировкага боради, уй-рўзғор ташвишлари билан бўлиб, футболга тўла эътибор қарата олмайди.

Мана шу сабабли ҳам биз ривожлана олмаяпмиз. Агар бошқа давлатлардаги каби ҳукуматимиз спортга қаттиқ эътибор қаратганида, бизнинг йигитларимиз ҳам ўзбек футболчиларидан қолишмайдиган даражада ўйнай олар эди.

Шу ўринда кўпчиликка маълум бўлмаган бир воқеани айтиб берай. Бир марта бизнинг футзалчилар бир обрўли турнирдан соврин олиб қайтишса, уларни Оқ уйнинг 7 –қаватига чақиришиб (Оқ уй - Қирғизистон президенти девони ва парламент жойлашган бино. Қирғизистон президент имаъмурияти 7-қаватда жойлашган –таржимон) 500 сўмлик (ҳозирги курс бўйича 6,5 доллар - таржимон) Хитой соатларини совға қилишибди.Ўшанда футболчиларимиз жуда норози бўлган экан. Футболчилар кейинги турнирларда плей-оффга чиқиш беллашувини ҳар бир футболчига 800 доллардан тегадиган қилиб сотиб, ютилиб беришарэкан.

Менимча, улар тўғри қилишади. Агар давлат уларнинг қадрига етмаса, бу бечоралар оилаларини яна қандай йўл билан боқиши керак? Футболчиларимиздан ташқари полвонларимиз, боксчиларимиз олтин ва бронза медалларини катта пулга баҳолаб, тирикчилик қилиб келишаяпти.

Айримлар футболчилар Австралия билан бўлган мусобақани ҳам пулга ютқазиб беришди, деб айтишади. Бироқ уларга дунё биринчилигида қатнашган ҳар бир жамоа ФИФАдан 50 минг доллардан пул олади, деб айтдим. Шунинг учун бу ўйинни йигитларимиз сотмаган, фақат уларнинг тажрибасизлиги панд берди ва ўша ўйинни ютқаздик. Шунга қарамай, Осиё чемпиони бўлган японларни 6:2 ҳисоб билан мағлуб этишимиз янги қирғиз тарихига ёзиладиган воқеа бўлди.

Мазкур постимда мен қувонч билан таъкидламоқчи бўлган воқеа юқоридаги суратда акс этган. Баҳри дилим очилиб, ичимга илиқлик югурди. Қўзимдан ёш триқираб оқиб кетди. Қирғизистон командаси Ливан, Саудия Арабистони, Эроон, Япония, Австралия командлалари билан мусобақалашаётганда залдаги ўзбек ишқибозлари “Қирғизистон”, деб ҳайқириб, икки ака-уканинг болалари бир-бирини қандай қўлласа, қирғиз футболчиларини ана шундай иштиёқ билан қўллаб турди.

Айрим ўзбек фанатларининг овозлари Япония-Қирғизистон беллашувида бўғилиб қолди. Бизникилар ғалаба қозонганида эса уларнинг суюнганини кўрсангиз эди!!! Менимча, агар Осиё биринчилиги Бишкекда ўтганида эди, бизнинг фанатлар қўшниларимизнинг футболчиларини бу даражада қўллаб-қувватлай олмас эди. Негаки, тарихнинг айрим саҳифаларида бир-биримиз билан жанжаллашиб қолган вақтларимиз бўлган.

Мана шу ҳаёлга бориб ўзимдан жуда уялиб кетдим. Нега ўзбек спортчиларининг даражаси, рейтинги бизнинг жамоамиздан юқори, улар нега биздан кўра аъло даражада ўйнайди, деган саволга жавоб топгандай бўлдим. Билсангиз, спортда бағрикенглик, кенг феъллик, кечиримли бўлиш муҳим экан, узоқдаги бировни эмас, яқин туғишганинг бўлган қўшнингни кўнглини кўтариб, қувватлаб турсанг, Яратган ҳам “кел, шу бағрикенгларга омад берай”, дер экан. Балки шу сабабли ҳам Ўзбекистон жамоаси кумуш медалга сазовор бўлиб, Эрон билан тенг баҳслаша олаётгандир?

Феълимизни кенг қилайлик, қирғизлар! Мусулмон биродарлар бир-бирини қўллаб-қувватлаши фарз амалдир.

Раҳмат, Ўзбекистон!!! Бошқалар унутса ҳам, мен сенинг қўллаб-қувватлаганингни ҳеч қачон унутмайман!!!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG