Линклар

Amnesty International халқаро ташкилоти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият сўнгги бир йил давомида ёмонлашганини хулоса қилди. Ташкилот эълон қилган навбатдаги ҳисоботда Ўзбекистонда қийноқ қўллаш ва ноинсоний муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон кенг тарқалгани айтилади.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга доир қисми: “ҳокимият вакиллари ўзгача фикрловчилар ва хавфсизлик соҳасидаги реал ва эҳтимолий таҳдидларга қарши курашиш учун қийноқ қўллашди ва ноинсоний муносабатда бўлишди”, деган хулосадан бошланади.

Ҳисоботда яна айтилишича, “судлар қарор чиқаришда кўпинча қийноқ, боисм ва ёлғон воситасида олинган кўрсатмалардан фойдаланади. Давлатга қарши ва террорчиликда айбланиб, судланганларнинг қамоқ жазоси истаганча узайтиради”.

Amnesty International ўз хулосаларини кўплаб гувоҳлар билан ўтказилган суҳбатларга асослаган.

“Ҳибсда ўтириб чиққанлардан бири МХХ тергов изоляторида, ҳамда ҳожатхона, душхона, карцер ва қийноқлар учун девроларига махсус елим қопланган хоналарда эркак ва аёлларнинг ходимлар ва маҳбуслар тарафидан қийноққа солинаётгани ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, МХХ ходимлари ҳибсга олинганларни батареяларга кишанлаб қўйиб, суякларини бейсбол тўқмоқлари билан уриб синдиришган”, дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда шунингдек, 2015 йил мартида президент сайлови ўтказилгани ва унда Ислом Каримов “ҳеч қандай сиёсий рақобатсиз” кетма-кетига тўртинчи муддатга сайлангани қайд этилади.

Amnesty International мамлакатдаги иқтисодий вазият оғирлашаётгани масаласига ҳам тўхталиб, жаҳон бозорида хом ашё нархининг тушиши ортидан Ўзбекистон иқтисодий ўсиши ҳам сустлашганини ёзади. “Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан келаётган пул жўнатмалари 45 фоиздан ортиқроққа камайиб кетгани” иқтисодий вазиятнинг янада оғирлашишига ҳисса қўшаётгани қайд этилади ҳисоботда.

Ташкилот тадқиқотчилари кузатувларига кўра, “Исломий давлат” экстремист гуруҳидан келаётган таҳдид боис эҳтимолий экстремистлар, айниқса ватанига қайтаётган меҳнат муҳожирларига нисбатан давлат репрессиялари кучайган. Россия ва бошқа мамлакатлардан қайтаётган муҳожирлар Ўзбекистон ҳокимияти томонидан Сурияда “Исломий давлат” сафида жанг қилганликда гумонланади, дея ёзилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG