Линклар

“Тезпишар пахта навларини Ўзбекистонга америкалик агрономлар олиб келган”


27 февраль куни АҚШдаги Johnson Museum ва Stratford Hall ҳамкорлигида 1931 йилда Сталин таклифи билан пахтачиликни ривожлантириш учун Ўзбекистонга келган 16 америкалик агрономдан бири тақдирига бағишланган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Озодлик суҳбатлашган мутахассислар¸ ўзбек пахтачилигига янги нав ва янги технологияларни ўз даврида айнан шу америкаликлар олиб келганини айтишди.

Виржиниядаги музейда тақдим этиладиган ҳужжатли фильм 1931 йили 16 нафар америкалик пахтачи агроном сафида СССР¸ унинг 15 республикасидан бири бўлган Ўзбекистонга келган Жозеф Роан (Joseph Roane) ҳаëтига бағишланади.

Америкадаги Кремл деб аталган кичик шаҳардан Кремль таклифи билан Ўзбекистонга келганини ҳикоя қилувчи фильм “Кремлдан Кремлга” деб аталади.

Қулликдан қутулгач¸ бадавлат пахтакор фермерга айланган қора танли оиланинг АҚШдаги нуфузли университетларни агрономлик бўйича тугатган ўғли Жозеф Роан 1931 йилда америкалик пахтачи-селекционер Оливер Голден раҳбарлигида Ўзбекистонга келган 16 нафар қора танли америкалик агрономлардан бири.

Бу гуруҳни СССРга таклиф қилган Сталин америкалик мутахассислар олдига Ўзбекистонда кеч кузга қолмай ҳосил бериб бўладиган навлар яратиш ва ҳосилдорликни бир неча бараварга кўтариш вазифасини қўйган.

“Яқиндагина уйланган Жозеф Америкада буюк депрессия ҳукм сураëтган бир пайтда Сталиннинг расизмдан холи бир муҳитда ойига 600 долларлик маош олиб¸ ўзи севган иш билан шуғулланиш таклифини жон деб қабул қилади. 1931 йил октябрида хотини Сади билан Янгийўлдаги кичик қишлоқнинг томсувоқ уйига кўчиб бориб яшай бошлайди. Уч йил ичида ўзбек ва америка пахта навларини чатиштириб¸ ҳосил бериш вақти 25 фоизга қисқарган янги тезпишар навни яаратади”¸ дейди ҳужжатли фильм муаллифларидан бири АҚШ матбуотига.

Ўзбекистонлик биолог олим¸ академик Бекжон Тошмуҳаммедов мамлакатга 30-йилларда 16 нафар қора танли агроном келганини яхши билиши¸ ўзи ана шу гуруҳ раҳбари Оливер Голденнинг қизи Лили Голден билан бирга катта бўлганини айтади:

- Ўзбекистонга келганлар орасида Голден деган қора танли агроном ҳам бор эди. Голден ўзбекларни замонавий пахтачиликка ўргатган агроном эди. У одам шу ерда яшаб¸ Тошкентда вафот этган¸ Боткин коммунистлар қабристонига давн этилган. Қизи Леяни яхши биламан. Тошкентда катта бўлди¸ кейин МГУнинг тарих факультетига ўқишга кириб¸ Москвада қолиб кетди. Отасининг қабрини қидириб уч-тўрт марта Тошкентга келиб юрди. Лекин бизда рус қабристонларида ҳар хил бемаза ишлар бўлган ва Голденнинг қабри бузилиб¸ жойи сотиб юборилган. Леа на қабрни¸ на қабр тошини тополмади. Голденнинг невараси Россияда машҳур журналист (Елена Ханга)¸ дейди биолог академик.

Оливер Голден Сталин қатағонлари кулъминацияга етган 1937 йилда тасодиф билан НКВД қамоғидан қутулиб қолади¸ аммо кўп ўтмай 1940 йилда юрак хуружидан ўлади.

Жорий ҳафта кўрсатиладиган фильм қаҳрамони Жозеф Роан эса¸ Сталин қатағонлари чет элликларни ҳам четлаб ўтмаслиги аниқ бўлгач¸ Америкага қайтади ва ҳаëтининг сўнггига қадар пахтачилик¸ хусусан¸ селекционерлик билан шуғулланади.

Академик Бекжон Тошмуҳаммедовга кўра¸ гарчи ўзбеклар руслар босқинига қадар ҳам пахта экиш билан шуғулланган бўлса-да¸ айнан афро-америкалик агрономлар Ўзбекистонга замонавий пахтачиликни олиб кирган:

- Бу агрономлар Америкадан чиққан янги пахта сортларини олиб келишган ва шу сортларни Ўзбекистон шароитига мослаштиришган. Ўзбеклар уларгача ҳам пахтачиликни яхши билишарди¸ лекин бу янги навлар пахтачиликда катта ўзгариш қилган. Билишимча¸ ҳозиргача ҳам америкаликлар яратган сортлар ишлатилади. Улар янги навлар билан бирган пахтачиликка Американинг янги технологияларини ҳам олиб киришган¸ дейди академик Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG