Линклар

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмаси ўзгартирилиб, эндиликда бу идора Меҳнат вазирлиги деб аталиб, фақат аҳолини иш билан таъминлаш, бандлик, меҳнат муҳофазаси билан шуғулланадиган бўлди. Ўзбекистон президентининг 22 февраль кунги қарори билан ижтимоий муҳофаза масалалари Меҳнат вазирлиги зиммасидан олиниб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига, ижтимоий нафақалар бериш вазифаси эса Ўзбекистон Молия вазирлигига юкланди.

Нафақахўрларга нафақа миқдорини белгилаш ва уларни тўлаш вазифаси Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Пенсия жамғармасига ўтказилди.

Эндиликда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги деб аталувчи идора матбуот ҳизмати бошлиғи Сардор Абдиқундузов Озодлик билан суҳбатда бундай структуравий ўзгаришлар вазирликка ишсизлик ва бандлик муаммолари билан кўпроқ шуғулланиш имконини беришини айтди.

- Шу пайтгача вазирлигимиз ижтимоий муҳофаза билан ҳам шуғулланган. Ижтимоий нафақалар ҳам бизнинг вазирлик зиммасида эди. Энди ижтимоий соҳага оид ҳамма масалалар Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтади, меҳнат қонунчилигига оид масалалар меҳнат вазирлигида қолади. Нафақа масалалари билан Молия вазирлиги шуғулланади. Бир ҳафта ичида бу билан боғлиқ чора-табирлар ишлаб чиқилади,- деди Абдиқундузов.

Эндиликда пенсия, ижтимоий нафақалар ва бошқа тўловларни белгилаш вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Пенсия жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари амалга оширадиган бўлди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати мулозими мазкур ўзгаришларнинг нафақа бериш тизимига қандай таъсири ҳақида ҳозирча изоҳ беролмаслигини билдирди.

- Ҳозирча бу ҳақда ҳеч нарса айтолмаймиз. Ҳали энди чиқдида бу фармон. Ҳозир аниқ қандай ўзгаришлар бўлишини билмаймиз,- деди Молия вазирлиги матбуот хизмати мулозими.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидагилар эса Ўзбекистон президенти қароридан мутлақо хабарсиз эканликларини айтишди.

Ўзбекистонда пенсияларнинг кечикиши, ишсизлик, меҳнат қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар йиллардан бери давом этиб келади.

Ҳукумат ана шу муаммоларни ечиш, нафақахўрларга пенсияларининг вақтида берилишини таъминлаш, ижтимоий мухофазани такомиллаштириш, бандлик муаммоларини ҳал этиш мақсадида бу ўзгаришларга қўл урганини айтмоқда.

Лекин, таҳлилчилар вазирликлардаги структуравий ўзгаришлар йўли билан бу муаммони ҳал этиб бўлмаслигини айтишади.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев вазифаларнинг вазирликлар ўртасида қайта-қайта тақсимланиши аслида ташвишланарли хол эканини таъкидлайди.

- Оқ вазирлик шуғулланадими, қора вазирлик шуғулланадими пенсия вақтида берилиши керак. Қайси ташкилот бу масала билан шуғулланиши, қайси вазирликка биркитиб қўйиши бош масала эмас. Энди пойтахтда пенсия таъминоти абгор аҳволда экан уни у ёки бу вазирликларга футбол қилиб, ҳал этиб бўлмайди. Буни муҳокама қилиш керак. Халқ назоратини рўёбга чиқариш керак. Токи ҳукумат халқ томонидан назорат қилинмас экан бундай ҳукумат биринчи навбатда ғирромлар, ўғрилар ва олигархлар тарафида бўлади. Афсуски, биз бугун буни тўла гувоҳи бўлиб турибмиз,- дейди Шароф Убайдуллаев.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмийлари ўтган ҳафтада мамлакатда ишчиларга ойликларнинг кечиктирилиши меҳнат қонунчилигининг энг кенг тарқалган бузилиши бўлиб қолаётгани, шунингдек иш берувчининг меҳнат шартномасини ноқонуний равишда тўхтатиши ва эълон қилинган бўш ўринларга ишга қабул қилмаслик ҳоллари кўп учрайдиган муаммо эканини тан олиб чиққанди.

Вазирлик ўтган йили меҳнат қонунлари бузилиши билан боғлиқ тўрт мингта шикоят тушгани ва қонун бузилишлари бўйича иш берувчиларга 1,5 миллиард сўм миқдорида жарима солинганини билдирганди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 1 миллиондан ортиқ иш ўрини яратилиши ва ойлик маош ва нафақаларнинг мунтазам ошириб борилишини таъкидлаб келади.

Кузатувчилар бу рақам реалликдан анча йироқ экани, миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожиралари Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилишини айтишади.

XS
SM
MD
LG