Линклар

logo-print

Москва вилоятининг Климовск шаҳрида 4 ойдан буён маош ололмаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик қурувчи аянчли аҳволда қолди. Саноқсиз ўртакаш пудратчилар орасида сарсон бўлаётганини Озодликка гапириб берган муҳожирлар пулсиз нолегал ҳолатга тушгани, ҳатто ейиш-ичишга пули йўқлигидан шикоят қилди.

Россиянинг Москва вилояти Климовск шаҳрида қурилишда 4 ой меҳнат қилган ўзбек муҳожирлари ўз ҳақларини ололмаётганидан арз қилди.

Ўзбек ишчилари бригадасининг Нуриддин исмли раҳбари 28 нафар ўзбекистонлик қурувчи “Аккорд-Пост” ширкатига янги офис қуриш ишларида қатнашганини айтади:

- Бу почта фирмасига тегишли бинонинг ички қисмини ремонт қилдик. Фақат ўзбек боллар ишлади – шпатлёвка, штукатурка, плитка қўйдик. Ҳозир 11 киши пул кутиб ётибмиз, жами 28 кишига пул бериши керак. Бошида 15 кунда пул берамиз, ой охирида ҳисоб-китоб қиламиз дейишган эди. Ноябрь ойидан буён 4 ой ишладик. Ҳозир ҳам шу бошлиқлардан бирига тегишли квартирада турибмиз. Бизларни ишга Хасан деган турк инсон ёллаган, уни асли тошкентлик Акрам деган йигит ёллаган, уларни Сергей Евгеньевич деган рус одам ёллаган, улар орасида Максим дегани ҳам бор. Хуллас, униси бунисига, буниси унисига ташлаб турибди. Улар орасида битта Эдуард деган осетиялик йигит бор – ейишга пулимиз йўқ эди ўртоғидан 3 минг рубль етказиб берди, оч қолмасин деб. Ҳозир магазиндан келдим,- дейди асли бухоролик Нуриддин.

Асосан бухоролик ва қорақалпоғистонлик экани айтилган муҳожирлар маошини вақтида ололмагани учун ойлик патент тўловини тўлай олмагани ва аллақачон нолегал ҳолатга тушгани аниқланди.

Нуриддин иш берувчи вақтинча яшаб турган ётоқдан уларни бир тийинсиз кўчага ҳайдаб чиқараётганини ҳам айтади.

- Ҳозир битта йигитимизни қарзга чегарага юбордик, ишонасизми? Биз нелегал ҳолатдамиз. Бу ердагилар ҳаммаси пулни олиб қайтиб кетиш ниятида. Жонга тегиб бўлди! Ишлаб юриб, пул кутамиз. Менга 40 минг, бошқаларга 100 мингдан бериши керак. Бизни ҳеч ким қулоқ солмаяпти бу ерда: чечен болларни олиб келиб ҳам кўрдик. Полицияга борсак, ўзимиздан ҳужжат сўрайди, ФМСга борсак “Ҳужжат қани?”, дейди. Бошқа жойга борсак “Договор қоғоз қани?” дейди. Иккита бола қайсидир метро ёнидаги судга ҳам ариза ташлаб келибди, ҳатто ўша ҳам ёрдам бермади,- дейди Нуриддин.

Суҳбатдош Ҳасан исмли пудратчига бажарилган ишнинг ҳақини “АльянсЭнергоСтрой” компанияси бериши кераклигини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек йигитларини ишга ёллаган Ҳасан муаммонинг ҳаммаси бош пудратчи ва буюртмачи ўртасида келиб чиққан тушунмовчиликда, дея вазиятни изоҳлаган бўлди:

- Улар бизга тахминан 2- 2,5 миллион рубл шартнома асосида беришлари керак. Бизни ишга ёллаган фирма буюртмачи ташкилот билан келиша олмади. Энди шу пулларни ундиришда қолди масала, ваҳоланки биз офисни тўлиқ таъмирдан чиқардик. Улар масалани суд орқали эмас, аллақандай таниш-билиш орқали ундириб олмоқчи экан. Шу орада қурилишда ишлаган йигитларимиз жуда оғир аҳволда қолди. Аввалига ишимизни жуда мақташди, кейин эса пулни март ойида берамизга ўтишди,- дейди бригадир Ҳасан.

Ҳасаннинг сўзларига кўра, бош пудратчи бўлган “АльянсЭнергоСтрой” бажарилган иш учун ҳозирча пул ололмаяпти. У ўзбекистонлик ишчиларга яна бир оз вақт кутиб туриш керак, деб айтганини билдирди.

Озодлик “Аккорд-Пост” компанияси раҳбарияти номига вазият юзасидан юборган сўровномага жавоб олди. Ширкатнинг ўзини Александр Валерьевич деб вакили янги офисни таъмирлаш ишлари бўйича буюртмаси “АльянсЭнергоСтрой” томонидан қониқарли бажарилмаганини маълум қилди. Ходим, шунга қарамасдан, ўтган бир неча ойлик меҳнат ҳақи ширкат ҳисобига ўтказилганини қўшимча қилди.

У ўзбек ишчиларининг барча эътирозлар билан “АльянсЭнергоСтрой” раҳбариятига “қонунда белгиланган тартибда” мурожаат қилиши зарурлигини таъкидлади.

“АльянсЭнергоСтрой” ширкати раҳбарияти ҳозирча бу масала юзасидан бирор изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Озодлик иш ҳақини ололмаётган ўзбек қурувчилари билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG