Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

Провайдерларга тариф 1 йилда 20 марта арзонлади, лекин Интернет нархида ўзгариш йўқ


"Ўзбектелеком" давлат ширкати провайдерлар учун хизмат нархини яна пасайтирди. Йил бошига нисбатан 1 Мбит/с Интернет нархи 21,20 долларга арзонлади. Бу кейинги бир йил мобайнида провайдерлар учун нархнинг йигирманчи марта арзонлашидир. Лекин оддий фойдаланувчилар учун нархлар қимматлигича қолмоқда, Интернет сифатида ҳам яхшиланиш кузатилгани йўқ.

Бир йилда 20 марта арзонлаган тариф

“Ўзбектелеком” ширкати 17 февралдан бошлаб Ўзбекистондаги провайдерлар учун ташқи канал Интернет-хизматлари тарифларини 1 Мбит/с учун 136,34 долларгача пасайтирди. Бу ҳақда ширкат ўз расмий сайти орқали маълум қилди.

Шу билан “Ўзбектелеком” провайдерлар учун нархларни йил бошидан бери учинчи марта камайтирди.

Йил бошида интернет-хизматлари тарифлари 1 Мбит/с учун 157,60 доллар бўлган бўлса, бугунга келиб, 21,20 долларга арзонлади.

Сўнгги бир йил мобайнида эса ширкат мамлакатдаги давлатга қарашли ва хусусий провайдерлар учун тарифларни жами йигирма марта арзонлатди.

Ўтган йилнинг бошига нисбатан провайдерлар учун тарифлар 115 долларга пасайтирилди.

“Ўзбектелеком” сайтидаги рақамларни ҳисоб-китобини қилсак, сўнгги беш йил давомида Интернет хизматлар тарифлари жами 668 долларга арзонлаган. 2011 йилнинг бошида 1 Мбит/с учун Интернет тарифи 804 долларга тенг бўлган.

Тариф оддий фойдланувчи учун арзонламайди

Лекин ҳар йили мунтазам тарзда провайдерлар учун нархлар арзонлаётганига қарамасдан, Интернет фойдаланувчилари учун нархларда пасайиш мутлақо кузатилмаяпти.

Ўзбекистонда Интернет нархи қўшни давлатларга нисбатан анча юқори даражада қолмоқда. Масалан, Ўзбекистонда оддий фойдаланувчи 3 Мбит/с Интернетни 30 долларга харид қилса, қўшни Қирғизистонда шунча тезликдаги Интернет-пакетни 15 долларга сотиб олиш мумкин.

“Ўзбектелеком”нинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ширкат фақат провайдерлар учун тарифларни туширган, лекин оддий фойдаланувчилар учун нархни туширишни провайдерлар ҳал қилиши лозим:

- "Ўзбектелеком" ҳар бир Интернет хизматини берувчи провайдерлар учун Интернет хизматини арзонлаштирди. Бу улар учун.

Озодлик: Оддий фойдланувчи учун нима фойда бундан?

- Бу фақат провайдерлар учун бўлган нарса.

Озодлик: Демак, оддий фойдланувчига бундан ҳеч қандай фойда йўқ?

- Энди провайдерлар ўзи хоҳласа, балки бўлиши мумкин. Агар провайдернинг расходи камроқ бўлса, улар фойдланувчилар учун ҳам нархни арзонлаштириши мумкин. Лекин буниси биз аниғини айта олмаймиз,- деди "Ўзбектелеком" ширкати ходими.

Мамлакатдаги энг етакчи провайдерлардан бири ҳисобланадиган “Саркор телеком” компаниясига қўнғироқ қилиб, фойдаланувчилар учун тарифлар борасида ўзгаришлар бўлиши мумкинми, дея сўрадик.

Компания масъуллари яқин орада нархларнинг туширилиш режаси йўқлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон - "Интернет душмани"

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилар сони айни дамда 10 миллиондан ошган, 20 миллион киши мобил алоқага эга.

UZINFOCOM марказининг билдиришича, Ўзбекистоннинг UZ миллий зонасида рўйхатдан ўтган доменлар сони бугунги кунда 25 мингдан ошган.

Лекин Ўзбекистонда Интернет, айниқса UZ миллий доменида рўйхатдан ўтган ресурслар қаттиқ назорат остига олингани айтилади.

Кўплаб веб-сайтлар, жумладан, Озодлик сайтига мамлакат ичкарисида тўсиқ қўйилган. Интернетдаги Skype ва шу каби сўзлашув сайтлари бир неча ойдан бери ишламаяпти.

Ўзбекистон ҳар йили "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг "Интернет душманлари" бўлган мамлакатлар рўйхатида тилга олинади.

Каримов: Интернетни тўхтатишга ким уринса¸ бу ахмоқона иш

Лекин тўсиқлар ва Интернет тезлигининг пастлигига қарамай ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ошиб бораяпти.

Бу эса мамлакат президентини ташвишга солган кўринади.

Ислом Каримов учун ким аҳмоқ?
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:47 0:00

Президент Ислом Каримов яқинда ўтган йиғилишлардан бирида Интернетни чеклаб бўлмаслигини таъкидлаб, ижтимоий тармоқлар ёшлар учун “бало” эканлигини гапирди:

“Мана Интернет деганни¸ албатта¸ фойда томони жуда кўп. Интернетни тўхтатишга ким уринса бу ахмоқона. Унга чегара қўйиш мумкин эмас. Лекин баъзи томонлари шунда ичадики, анаву ижтимоий тармоқда тарқаладиган твиттер бўладими, бошқаси бўладими, ҳаммасини инобатга оладиган бўлсак агар, бу шундай бало бўлаяптики, буни тўхтатиб бўлмас экан. Фақат боланинг ўзи қорани оқдан ажратишга қурби етиши керак. Бошқа йўли йўқ, ҳеч қандай Интернетни тўхтатиб бўлмайди”, дейди Ислом Каримов.

XS
SM
MD
LG