Линклар

“Ўзбекистон темир йўллари” Ангрен-Поп электрлашган темир йўли қурилишини якунлагани ҳақида хабар берди. Икки йил давомида қурилган 123 километрли мазкур йўл Ўзбекистоничкарисидаги темир йўл ташувларини қўшниларга қарам бўлмаган ҳолда амалга ошириш имконини беради.

“Ўзбекистон темир йўллари” томонидан барпо этилган Ангрен-Поп электрлашган темир йўлининг узунлиги 123 километрдан кўпроқ бўлиб, унинг 19 километрини тоғ орасида қурилган туннель ташкил этади. Мазкур йўл қурилиши ортидан Ўзбекистон Фарғона водийсидан мамлакатнинг бошқа вилоятларига юк ташишда Тожикистондан бўлган қарамликдан тўла қутилди.

Авваллари ўзбек темир йўлчилари шарқий вилоятларга ўтиш учун Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги темир йўллардан транзит сифатида фойдаланишга мажбур эди. Айрим сиёсатшунослар Тожикистон бундан ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун Ўзбекистонга босим кўрсатиш воситаси сифатида фойдаланиб келган, деб ҳисоблар эди.

Тожикистон расмийларининг билдиришича, Ўзбекистон йилига Фарғонадан 4 миллион тонна юкни тожик темир йўли орқали транзит қилар эди. Бунинг учун Ўзбекистон Тожикистон бюджетига йилига 28 миллион доллар тўлаб келган. Ўзбекистон Ангрен - Поп йўлини қуриш жараёнида Тожикистон орқали юк ташиш ҳажмини ҳам камайтириб борган.

Тожик расмийларининг билдиришича, Ўзбекистон транзит ҳақидан ташқари Душанбега олиб ўтилаётган юклар учун яна йилига 30 миллион доллар миқдорида тўлов тўлар эди. Ўзбекистон бу тўловни нақд пул билан эмас, газ, цемент ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан берарди.

Ўзбекистон бир неча йил аввал Қамчиқ довони орқали Фарғона водийсига элтувчи янги йўлни қуриб битказди. Мазкур йўл барпо этилганидан сўнг Ўзбекистоннинг Тожикистон йўлларига бўлган қарамлиги уч барбарга камайган.

Экспертларнинг айтишларича, Ангрен - Поп электрлашган темир йўлининг ишга туширилиши ортидан Тожикистон бюджети катта миқдордаги тўловлардан маҳрум бўлибгина қолмай, балки Хитой -Марказий Осиё - Европа темир йўлини барпо этиш каби муҳим минтақавий лойиҳалардан ҳам четлаштирилди.

Тошкент 2013 йилдаёқ Тожикистонни Хитой - Марказий Осиё –Эрон темир йўли лойиҳадан четлаштирилишини талаб қилган ва бу талаб инобатга олинган эди. Хитой - Марказий Осиё –Эрон темир йўли лойиҳасининг умумий қиймати 1 миллиард 633 минг долларни ташкил этади. Бу маблағнинг 1 миллиард 100 миллион долларини Ўзбекистон, қолган қисмини эса Евросиё тараққиёт жамғармаси беради.

Хабарларда айтилишича, Ангрен - Поп темир йўли қурилишига Хитойнинг “Эниксимбанк”и 350 миллион доллар молиявий ёрдам берган. Ангрен-Поп йўналишидаги қатнов 2016 йил июнь ойидан йўлга қўйилиши айтилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг маълум қилишича, мазкур йўлдан йилига 600 минг йўловчи ва 4 миллион 600 минг тонна юк ташилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG