Линклар

Эрон теледастури афғонлар ғазабини келтирди


Эрон телеканали намойиш этган "Ёйилиш" дастуридан олинган скриншот.

Эрон телеканали намойиш этган "Ёйилиш" дастуридан олинган скриншот.

Эрон ҳукумат телеканалининг “Ёйилиш” деб аталувчи янги теледастури мамлакатга келган афғонистонлик қочқинларга қарши нафрат уйғотувчи кўрсатув сифатида танқид қилинмоқда. Дастурда АҚШ биологик ўзгартирилган вирусни ташувчи одамни Афғонистондан Эронга юборгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Эрон фуқаровий ҳимоя ташкилоти аввал ҳам биологик ҳамда кибер хавфлар ҳақида огоҳлантирган. Хабарларга кўра, ташкилот 20 февралдан эфирга узатила бошланган дастурни тайёрлашда бевосита қатнашган.

Айрим афғонлар “Ёйилиш” Эронда истиқомат қилувчи афғонларнинг янада кўпрок дискриминация қилиниши ва таҳқирланишига олиб келишини айтмоқда. Фаолларга кўра, Эронда афғонистонлик муҳожирларнинг ҳуқуқлари шундоқ ҳам поймол қилиниб келинади.

Хабарларга кўра, қонуний ва ноқонуний аснода Эронга борган афғонистонлик муҳожирларнинг умумий сони 3 миллионга яқиндир.

Facebook фойдаланувчиларидан бири “Бу дастур жамоатчилик фикрига салбий таъсир кўрсатади. Одамлар муҳожирларни жосус, деб ўйлай бошлайди”, деб ёзди.

“Мен афғонман. Дастур директори айблашга бошқа одам топа олмадимикин? Шармандалик”, деб ёзди бошқа бир фойдаланувчи.

Бошқалар эса теледастур Теҳрон билан Қобул ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатишини айтишмоқда.

“Ҳар икки мамлакатнинг расмийлари бу каби адоватли ишларнинг олдини олиш учун ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашлари зарур”, деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Хабарларга кўра, бир гуруҳ афғон дастурни қоралаб, Эроннинг қобулдаги элчихонасига мактуб ёзган.

Би-Би-Си маълумотига кўра, хатда “Эрон матбуоти мусулмонлар ўртасида адоватни кучайтириш ўрнига бирдамликка кўпроқ эътибор берса яхши бўларди”, деб ёзилган.

Эрондаги маҳаллий матбуот ҳам дастурни танқид қилди. Tasnim янгиликлар агентлиги теледастур жамиятда “катта ташвиш” уйғотгани ҳақида ёзди. Агентлик хабарида дастур “дидсизлик” билан тайёрланган, дейилади.

“Хорижий матбуот узоқ йиллардан бери икки мамлакат халқини бир-биридан узоқлаштириш учун курашиб келади. Афғонистондаги истилочи мамлакатларнинг фитналарини теледастур фош қилар экан, эътиборсизлик ва бепарволик бу ҳодисани янада ёқимсиз қилиб кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.

Дастур продюсери Fars радикал хабар агентлигига берган қисқа интервьюсида унга ёғдирилган танқидларга эътироз билдирди.

Бижан Ширмарз 23 февраль куни бўлиб ўтган суҳбатда: “Томошабинлар шошма-шошарлик билан хулоса чиқармаслиги керак”, деди.

Ширмарз танқидчилар дастурнинг 12 эпизодини кўриб бўлишгач, афғонлар ҳақорат қилинмаганини англашларини айтди.

“Биродарларимизни нега ҳақорат қилайлик? Уларга адоватимиз йўқ”, деди у.

2015 йил Эрон далат телевединиеси эфирга узатган болалар дастури ортидан мамлакатдаги озарбайжонлар шоу уларни ҳақорат қилганини айтиб, намойишга чиққан эди. Бунинг ортидан телеканал узр сўраган эди.

XS
SM
MD
LG