Линклар

“Исломий давлат” Босния муфтийсига сўйиш билан таҳдид қилди


Босния муфтийси Ҳусайн Кавазович.

Босния муфтийси Ҳусайн Кавазович.

“Исломий давлат” сафларида жанг қилаётгани айтилган босниялик жангари Босния муфтийси Ҳусайн Кавазовичга Инитернетда таҳдид қилиши ортидан Босния расмийлари муфтийни қўриқлаш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Эълон қилинган видеода “Исломий давлат” байроғи остида сўзлаган Амир Селимович муфтийни пичоқлашга онт ичади ва мужоҳидлар Боснияга боришини айтади.

Мазкур таҳдид ҳамда расмийларнинг унга жиддий ёндашаётгани боснияликлар орасида мамлакат фуқаролари исломий жангарилар учун ўлжа бўлаётгани ҳақидаги хавотирлар урчиётганини кўрсатади. Бундан ташқари, бу “Исломий давлат” ва бошқа экстремистик гуруҳларнинг қўли узунлиги ҳақидаги халқаро хавотирлардан дарак беради.

Хабарларга кўра, Селимович 1992-95 йиллардаги урушда мамлакатнинг асосан мусулмонлардан иборат армияси аъзоси бўлган. Урушдан кейин мардикорлик қилиб кун кечирган. 2014 йил эса Суриядаги исломий жангарилар сафига қўшилган.

Селимович Тузла шаҳри яқинидаги Своят қишлоғида улғайган. Озодлик радиосига интервью берган ҳамқишлоқлари уни босиқ, лекин ичкиликка муккасидан кетган одам ўлароқ таърифлашди. Уларнинг айтишича, Селимович радикаллашишидан аввал оила аъзоларидан узиқлашган. Селимович яна боснияликлар ёдидан кўтарилмайдиган ишга қўл уришини айтиб, онт ичган.

Қишлоқ турғунларидан бири Селимович ичимлик сотиб олиш учун пул сўраб юрган, бор мулкини сотиб юборган бўлса ҳам, ҳеч кимга таҳдид солмаганини ёки бировга ҳалақит бермаганини айтди.

Селимовични таниганлар у ваҳобийлар билан ўралаша бошлашидан аввал турмуш ўртоғи икки боласини олиб кетиб қолганини, Селимович кейинроқ Травник шаҳрилик бошқа консерватив аёлга уйланганини айтишди.

“У аёл келганидан кейин ҳижобга кирди, фақат кўзлари кўриниб турарди”, деди Селимовичнинг ҳамқишлоқларидан бири. Қишлоқ турғуни Селимович аёли ва ёш боласи билан 2014 йил Сурияга йўл олганини айтди. “Кетишидан аввал икки одам келди. Улар бизнинг тилда зўрға сўзлашарди. Икки-уч ҳафтадан кейин Селимович ҳам кетди”.

Селимовичга яқин манбаларнинг айтишича, уни аввалроқ Сурияга кетган қариндоши чақирган. Хабарларга кўра, Селимовчни чақирган қариндоши ўтган йилнинг охирида ҳалок бўлган.

Своятлик аёлнинг айтишича, Селимовч кетишидан аввал ваҳобийлар тўпланиб туриши айтиладиган Грачаница қишлоғига борган.

Босниядаги яна бир қишлоқ Горня Маочадаги ваҳобийлар бундан аввал терроризмда айбланган эди.

Селимовичнинг Своятдаги собиқ дўсти унга ачиниши айтиб, “У бирор нима қилиши кераклигини, қилган иши учун уни бутун Босния эслаб қолишини айтган эди”, деди.

Селимовч таҳдид қилган Босния муфтийси Кавазович мунтазам равишда исломий радикализмни ҳамда босниялик мусулмонларнинг радикаллашаётганини қоралаб келади.

Муфтий Селимович видеоси тарқалиши ортидан ҳукуматдан ўзини ҳимоя этишни талаб қилди.

Босния миллий хавфсизлик вазири Драган Мектик муфтий ҳаётига жиддий таҳдид борлиги ортидан ҳукумат уни қўриқлаш чора-тадбирларини кўраётганини айтди.

Босния, Косова ҳамда Себриядаги расмийлар бу мамлакатлар хорижга, жумладан, Ироқ ва Сурияга жиҳодчи экспорт қилувчи давлатга айлангани ҳақидаги тасаввурларга қарши курашиб келади.

Босния расмийларга кўра, Сурия ва Ироқда экстремистик гуруҳларга қўшиглан 200га яқин боснияликнинг камида 26 нафари ҳалок бўлган, 50 нафари эса уйига қайтган.

Босния аҳолиси сони 4 миллионга яқин бўлиб, уларнинг 40 фоизи мусулмондир.

XS
SM
MD
LG