Линклар

logo-print

Найрангбоз солиқчи, ҳибс этилган қўшмачи ва Фейсбукдаги реклама сабабли жазо


Тошкентдаги бир неча компанияга Фейсбукда алкогол маҳсулотларини реклама қилгани учун иш очилди.

Тошкентдаги бир неча компанияга Фейсбукда алкогол маҳсулотларини реклама қилгани учун иш очилди.

Фейсбукда алкоголни реклама қилган Тошкентдаги бир неча компанияга иш очилди. Найрангбозлик қилган уч нафар солиқ нозири ишдан бўшатилди. Болалар ҳақини еган боғча мудираси маҳкамага тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистонлик қизларни фоҳишаликка мажбурлаган аёл Тошкент аэропортида қўлга олинди”

Тошкентда қизларни жинсий қулликка йўллаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди (“Даракчи”, 25 февраль). Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшовчи 35 ёшли Муяссар Бобораҳимова ўзбекистонлик қизларни мўмай пул ваъда қилиб Туркияга юборган. У ерда қизларни М.Бобораҳимованинг қўшмачи танишлари кутиб олган ва уларнинг ҳужжатларини олиб қўйиб, фоҳишаликка мажбурлаган. Жиноий гуруҳ иши юришмай қолган, қад-қомати келишган, чиройли қизларни ўлжа қилган. М.Бобораҳимова Тошкент халқаро аэропортида тезкор тадбир натижасида қўлга олингани хабар қилинган.

“Найрангбозлик қилган уч нафар солиқ нозири ишдан бўшатилди”

Хоразм вилоятида ўтказилган рейд чоғи “Дамас” ҳайдовчисини сохта гувоҳ ёрдамида лицензиясиз кира қилишда айблаган уч нафар солиқ нозири ишдан бўшатилди (“Ҳуқуқ”, 25 февраль). Қайд этилишича, ҳайдовчини киракашликда айблаш учун етарли далилга эга бўлмаган солиқчилар найранг ўйлаб топган: cолиқ идорасига иш ўрганишга келган амалиётчи йигитдан “Дамас” машинасига мингани ва ҳайдовчига кира ҳақи бергани ҳақида ёлғон тушунтириш хати ёздириб олган. Судда сохта гувоҳ бор ҳақиқатни айтгач, солиқчилар уни ҳам қўрқитган. Пировардида эса солиқчиларнинг айби исботланиб, улардан ишдан бўшатилган ҳамда суд ҳукми билан тегишли жазога тортилган.

“Болаларнинг ҳақига хиёнат қилган боғча мудираси маҳкамага тортилди”

Наманган вилояти Учқўрғон тумани 42-мактабгача таълим муассасаси мудираси Зарифа Юлдашева болалар ҳақига хиёнат қилиб, жуда катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган (“Ҳуқуқ оламида”, 25 февраль). Мудира хўжалик бўлими бошлиғи билан тил бириктириб, 36 турдаги 116,9 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини ўмарган. Жиноятда боғчага озиқ-овқат етказиб берувчи фирмалар ҳам аралашган. Қолаверса, боғча раҳбари ҳужжатларни сохталаштирган. Қайд этилишича, мудира З.Юлдашева икки йил муддатга мансабдорликда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 210 баравари миқдорида жарима тўлаган.

“Фейсбукда алкогол маҳсулотларини реклама қилган Тошкентдаги бир неча компанияга иш очилди”

Давлат рақобат қўмитаси Фейсбук тармоғида алкоголь ва тамаки (чилим) истеъмолини тарғиб қилган бир неча компанияларга иш қўзғади (“Истеъмолчи”, 24 февраль). Масалан, “Italiano VERO”, “Bier Regen” ресторанлари ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пивони, “Petrovich” ресторани эса рус ароғини реклама қилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан ресторан эгаларига иш қўзғатилган. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари рекламаси тақиқланган.

“Бекободлик ишсиз йигит уни ташлаб кетган хотинини чавақлади”

Бирор жойда ёлчитиб ишламаган бекободлик йигит хотинини пичоқлади. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, исми ошкор қилинмаган йигит рўзғор юкини бўйнига олиш ўрнига “Пайнет” шахобчасида ишлайдиган хотинининг топган пули эвазига ҳаёт кечириб юрган. Шу боис оилада тез-тез келишмовчиликлар бўлиб турган. Навбатдаги жанжалдан кейин аёл қизини олиб отасиникига кетиб қолган. Эр эса “Пайнет” шахобчасига бориб, хотинини пичоқлаган. Қайд этилишича, хотини ҳаётига зомин бўлган йигит 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Темир йўл чиптасини телефонда харид қилиш мумкин”

“Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти 23 февралдан мижозлари учун Android ва iOS тизими платформасида мобиль иловаларни ишга туширди (“Оила даврасида”, 25 февраль). Дастур асосида темир йўл чиптасини он-лайн харид қилиш мумкин. Илова фойдаланувчилари поездлар жадвалидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот олади. Чипта сотиб олишда UzCard тизимидан фойдаланилади. Иловаларни www.uzrailway.uz cайтидан юклаш мумкин.

“26 ёшли ҳайдовчи пиёдани уриб нобуд қилиб, қочиб кетди”

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Найманча қишлоғида ҳудудида рўй берган йўл транспорт ҳодисасида 1979 йилда туғилган А.Абдукарим нобуд бўлди (“Постда”, 20 февраль). Йўлни кесиб ўтаётган пиёдани номаълум ҳайдовчи уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Оғир жароҳат туфайли фуқаро вафот этган. Суриштирув жараёнида автоҳалокатни шу туманда яшовчи 26 ёшли Д. Ш. “Кобальт” машинасида содир этгани аниқланди. Айни пайтда тергов олиб борилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG