Линклар

Тошкент марказий кўчасида яна бир Мерседес автобуси ëниб кетди


Ëнғин жойидан олинган сурат.

Ëнғин жойидан олинган сурат.

26 февраль куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек кўчасида Мерседес-Бенз русумли йўловчи автобус ëниб кетди. Ўзбекистон транспорт тизими мутасаддилари йўловчи транспортида кўпайиб бораëтган бундай ҳалокатлар сабаби Германиядан олинган автобусларнинг Хитойдан келган арзон эҳтиëт қисмлар ва маҳаллий мойда юриши билан боғлиқлигини айтмоқда.

Озодликнинг бораëтган суриштирувга яқин манбасига кўра¸ 26 февраль куни Тошкентда йўловчи автобуснинг ëниб кетишига мотор бўлмасидан ўтадиган электр симидаги ноқислик сабаб бўлган.

Озодлик манбасининг айтишича¸ ҳайдовчининг тезкор ҳаракати сабаб йўловчилар автобусдан дарҳол тушириб юборилган ва ҳеч кимга талофат етмаган. Facebookдаги “Водители Ташкента” саҳифасига қўйилган суратлардан автобуснинг бутунлай ўт ичида қолгани кўрилади.

23 февраль куни ҳам Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида ҳам 2008 йилда ишлаб чиқарилган йўловчи автобусда ëнғин чиққан эди.

Озодликнинг транспорт тизимидаги манбасига кўра¸ жорий йилнинг биринчи икки ойида юз берган иккала ëнғин сабаби Германиядан олиб келинган Мерседес автобусларига Хитойдан келтирилган арзон ва сифатсиз эҳтиëт қисмлари қўйиш билан боғлиқдир.

“Асосан¸ 2007-2008 йилда Германиядан олиб келинган автобусларнинг электр ўтказиш тизимидан ëнғин чиқаяпти. Бу автобусларни олганда немислар бизга фақат оригинал эҳтиëт қисмлар¸ оригинал материаллар ва оригинал мойлаш маҳсулотлари ишлатинглар¸ шунда хавфсизлигига кафолат берамиз¸ деган. Лекин бунга қурбимиз етмайди. Биржа орқали электрон савдо қилиш ҳақида ҳукумат фармони чиққан. Қонунга кўра¸ биз эҳтиëт қисмларни савдо биржасидаги энг арзон сотувчидан олишга мажбурмиз. Асосан¸ Хитойдан келган эҳтиëт қисмлар¸ ўзимизда ишлаб чиқарилаëтган мойни ишлатамиз. Сифат яхши бўлмаганидан кейин¸ немис автобуслари кўп юрмаяпти¸ мана шунақанги нуқсонлар чиқаяпти ”¸ дейди Тошкент траспорт тизими мутахассисларидан бири.

Озодликка маълум бўлишича¸ 2014-15 йилларда биргина пойтахт Тошкентнинг ўзида Мерседес русумли автобуслар билан боғлиқ 18 та ëнғин содир бўлган. Расмийларга кўра¸ бу ëнғинларда ҳеч ким талофат кўрмаган.

Ҳукуматга яқин бошқа манбанинг айтишича¸ ҳозирда Ўзбекистон Германиядан харид қилган йўловчи транспорти воситалари учун бевосита ишлаб чиқарувчининг ўзидан эҳтиëт қисмлар сотиб олиш ҳақида президент фармони ҳозирланмоқда. Бу ҳужжат тегишли вазирликлар тасдиғидан ўтиб¸ Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқуллангач¸ Ўзбекистонга истисно тариқасида Германиядан эҳтиëт қисмлар олиб келиш бўйича Мерседес ширкати билан шартнома имзоланиши мумкин.

Айни пайтда кузатувчилар¸ Ўзбекистонда кучайиб бораëтган валюта тақчиллиги бундай савдо истиқболини чиппакка чиқариши мумкинлигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG