Линклар

Петербургнинг Красногвардейский туманидаги универсамларидан бирида икки нафар қўриқчи ўртасида келиб чиққан жанжал бирининг чавақланиши билан якунланди. Ўзбекистон фуқаролари экани айтилаётган муҳожирлардан бири оғир аҳволда шифохонага, иккинчиси кишанланган ҳолатда тергов изоляторига жўнатилди. Полиция охирги пайтларда совуқ қурол ишлатилиши оқибатида жароҳат олаётган меҳнат муҳожирлари сони кўпайиб бораётганини қайдга олмоқда.

"Народный"да ўзбек муҳожири пичоқланди

Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман полицияси Косигина кўчасида жойлашган “Народный” универсамида икки ўзбек муҳожири жанжали юзасидан тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган Ольга Кессенних ўз ҳамюртини пичоқлаган мигрантга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Полиция ходимаси 25 феврал куни универсам ҳудудида соат кундузги 4-ларда содир бўлди, деди:

- Биздаги маълумотга кўра, улардан бири жуда оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди. Кеча жиноий иш қўзғатилиш масаласи кўтарилган эди, бугун Жиноят Кодексининг 111 моддаси асосида очилгани маълум бўлди, деди Ольга Кессених.

Полиция ходимасига кўра, “Народный” универсамида қўриқчи бўлиб ишлаб келган 22 ёшли хориж фуқароси ўзининг 36 ёшли ҳамюрти билан ҳозирча аниқланмаган сабаб асосида жанжаллашиб қолади. Ҳодиса гувоҳлари ёши каттароқ бўлган муҳожир ёшроқ ҳамкасбига ўзбек тилида ниманидир исботлаб беришга уринган. Бироқ, 22 ёшли йигит уни қулоқ солмасдан, қўйнидан пичоқ олиб ҳамюрти кўкрагига солган.

Ўзбекистонлик жабрланувчи ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Озодлик сўровига полицияда ўпка қисми пичоқ билан тешилган 36 ёшли муҳожир Петербург шифохоналаридан бирида реанимация бўлимида қолаётганини билдиришди.

Маҳаллий патрул-пост хизмати ходимлари исми ошкор этилмаётган 22 ёшли ўзбекистонлик йигитни дўкон ичидаёқ ҳибсга олди. Бу шахс 2016 йилнинг май ойигача шаҳардда қайдда тургани ва шаҳарда расман ишлаб келгани маълум бўлди.

Гумонланувчи суд қарори билан тергов якунига қадар ҳибсга олинди.

Петербургда пичоқланаётган муҳожир сони ошмоқда

Озодлик сўнгги пайтларда айнан пичоқлашиши оқибатида оғир жароҳат олаётган ёки нобуд бўлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони кўпайиб бораётгани тўғрисида хабарлар олмоқда.

Бундан бироз олдинроқ, 12 феврал куни, соат 23:00-ларда Санкт-Петербургнинг “Международная” метро бекатида қорни ва оёқ қисмидан пичоқлаб кетилган Ўзбекистон фуқароси Жанелидзе номидаги тиббиёт институтига олиб кетилган эди.

26 ёшли Шерзод А. экани айтилган бу меҳнат муҳожири оғир аҳволда метро вестибюлида маҳаллий йўловчилар томонидан аниқланган. Кейинроқ пичоқлаганлар Тожикистон фуқаролари экани айтилди.

Петербург прокуратурасига кўра, тожикистонлик йигит икки нафар шериги билан ўзбекистонлик муҳожирни калтаклаб, ундан чарм куртка ва мобил телефонини тортиб олган. Орқасидан “Международная” бекатигача қувиб борган Шерзод метро бекатининг эскалатор ёнида безорилар томонидан пичоқланган.

Полиция кузатув камераларини кўриб чиқаётгани ва бу жиноятга алоқадор шахслар борасида ортиқча маълумот берганича йўқ.

Петербургда 2016 йилнинг 1 январида ўз эрини сўйиб қўйганликда айбланаётган 29 ёшли ўзбекистонлик Интизор Қўчқоровага нисбатан жиноий иш тергови давом этмоқда. Маст ҳолатда бўлгани аниқланган бу аёл 1979 йилда туғилган эри билан бошланган жанжал пайтида унга пичоқ урганликда айбланмоқда.

Ўтган йилнинг 25 ноябрида эса Петербургнинг Колпино туманида бўйин ва юрагига пичоқ санчилган 30 ёшли яна бир Ўзбекистон фуқароси аниқланган эди. Жабрланувчи муҳожир ҳушига келмасдан шифохонада жон таслим қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG