Линклар

АҚШ элчиси Киевни қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга чақирди


АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайетт

АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайетт

Украина АҚШнинг йирик қишлоқ хўжалиги ширкати бўлмиш Cargill компанияси билан дон экспорти билан шуғулланувчи терминал қуриш бўйича шартнома имзолади. АҚШ элчиларига кўра, бу шартнома мамлакатни қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган қудратли мамлакатга айлантиришда ёрдам бериши мумкин.

Киевдаги иқтисодий бўҳрон ва мамлакат шарқида россияпараст айирмачилар билан ҳалиям давом этаётган можарога қарамасдан M.V. Cargo украин ширкати билан имзоланган шартнома 100 миллион доллар қийматга эгадир.

АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайетт 24 февраль куни бўлиб ўтган шартномани имзолаш маросимида “Украина шундоқ ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан биридир, аммо уни қишлоқ хўжалиги соҳасида қудратли мамлакатга айлантириш керак”, деди.

“Дуёдаги қоратупроқли ерларнинг тахминан чорак қисми Украинада жойлашган. Шу сабаб мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича глобал марказга айланган. 2015 йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 16,5 миллиард долларга етди”, деди Пайетт ва Киевни бу каби шартномаларга жалб қилиш учун иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда давом этишга чақирди.

Cargill каби йирик глобал ширкатлар “қонун устуворлиги соҳасидаги ўсишга, шу булан бир қаторда, коррупцияга қарши ислоҳотларга содиқ ҳукумат ва президентликни кўришни истайди”, дея сўзини давом эттирди элчи.

Украина расмийлари эса янги шартномани илғор глобал ширкат томонидан Украина келажагига кўрсатилган ишонч ўлароқ баҳолашди.

Украина бош вазири Арсений Яценюк “Бу америкалик ҳамкорларимизни бизни инвестиция ётқизиш учун ишончли ва яхши жой сифатида қабул қилишга ундовчи илк қадамимиздир”, деди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Олексий Павленко узоқ асрлар давомида Европани нон билан таъминлаган давлат бўлган Украина 2015 йилнинг июлидан 2016 йилнинг июнигача бўлган вақт ичида рекорд 37 миллион тонна дон экспорт қилишни режалаштираётганини билдирди.

Украина расмийларига кўра, Одесса вилоятида қуриладиган янги дон портидан бошида йилига 5 миллион тонна юк ўтади. Кейинроқ бу кўрсаткич 50 фоизга оширилади.

Cargill ширкати терминал икки йил ичида қуриб битирилишини билдирди.

Ширкат директори Андреас Рикмерс “Янги порт украиналик фермерларга, мамлакат иқтисодига ҳамда глобал озиқ-овқат хавфсизлигига ижобий таъсир кўрсатади. Бу Қораденгиз ҳудудидаги порт иншоотларида қолдирадиган изимизга қўшимча бўлади ва Украинанинг қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция ётқизишда давом этиш ниятида эканлигимизни кўрсатади”, деди.

Cargill 150 йиллик тарихга эга йирик ширкат бўлиб, кунига 500 га яқин юк кемаларини ишлатади. Forbes журналига кўра, Cargill қимматли қоғозлари биржага чиқарилмаган энг йирик АҚШ ширкатидир.

XS
SM
MD
LG