Линклар

Тошкентдаги бир нечта ресторан Facebook саҳифаларида эълон қилган расмлар учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Маълум бўлишича, мазкур умумий овқатланиш шохобчалари ўз фаолиятига оид расмларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари акс этгани боис Давлат рақобат қўмитаси томонидан йирик миқдорда жаримага тортилган. Ҳозирда пиво сотишга ихтисослашган ресторанлардан бири Facebook саҳифасида ўз фаолиятини ёш болалар расмлари билан ёритиб боришга мажбур бўлмоқда. Айни пайтда Тошкентдаги айрим кўнгилочар муассасалар ижтимоий тармоқ саҳифаларида алкоголь маҳсулотларидан тортиб, 18+ форматидаги базми жамшидларни кўз-кўз қилаётгани давлат қўмитаси эътирозини келтириб чиқараётгани йўқ.


Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасининг нашри ҳисобланган “Истеъмолчи” газетаси 24 февраль куни эълон қилган хабарда айтилишича, Тошкентдаги “Italiano VERO”, “Bier Regen”, “Petrovich” каби ресторанлар ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида пиво, ароқ каби алкоголь маҳсулотлари тасвирланган расмларни эълон қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Умумий овқатланиш шохобчаларининг фаолиятига доир бу расмлар алкоголь рекламаси, дея талқин этилган.

Озодликка маълум бўлишича, мазкур ресторанлар 750 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача жарима тўлашган. Бизнеси асосан пиво савдоси атрофида қурилган “Bier Regen” ресторани ходимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бу ҳодиса ўтган йилнинг сентябрь ойида рўй берганини айтади. Ресторан маъмурияти бу айбловлар кулгили бўлишига қарамасдан, муаммони янада катталаштирмаслик учун тинчгина 1 миллион сўм жаримани тўлаб қўйди, дейди суҳбатдош.

“Биз бу воқеадан кейин Facebook саҳифамиздан алкоголь ёки сигарет тушиб қолган барча расмларни олиб ташлашга мажбур бўлдик. Ўйлаб кўринг, ресторанимизнинг номи “Bier Regen”, яъни немисчадан пиво ёмғири деб таржима қилинади. Ҳозир эса Facebook-да ресторанимиз мижозлари билан ўзаро мулоқот қилиш учун ёш болалар расмини қўйишга мажбурмиз. Бу энди ресторан раҳбариятининг ортиқча эҳтиёткорлиги албатта, чунки ёпилиб кетишимизга сал қолди ўшанда. Ҳозир ресторанда ўтказилган тадбирлардан олинган расмларда пиво у ёқда турсин, сигарет чекиб турган мижоз расми тушиб қолган бўлса, олиб ташлаяпмиз”, дейди “Bier Regen” ресторани ходими.

Унинг айтишича, Facebook саҳифасида турли тадбирлар тўғрисидаги эълонлардан ташқари, расмларнинг бирортаси реклама мақсадида чоп қилинмаган. Лекин Давлат рақобат қўмитаси бу изоҳларни қабул қилмади, дейди у.

Ўзбекистоннинг реклама тўғрисидаги қонуни 23-моддасида “тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар намуналарини текин тарқатиш савдо объектларининг олд томонида, кириш (транспортда кириш) жойларида, витриналарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг тасвирлари, номларини ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатиш тақиқланади”, дейилган. Лекин ижтимоий тармоқларда ресторанлар фаолиятига доир расмларда алкоголь маҳсулотлари тасвирини эълон қилиш тўғрисида қонунда ҳеч нарса айтилмаган.

Балки бу ҳолатга оид бирор меъёрий ҳужжат бордир, деган саволга Давлат рақобат қўмитаси мутасаддилари жавоб беришни исташмади.

“Истеъмолчи” газетасида эълон қилинган мақола муаллифи Ҳосил Каримов Озодлик билан суҳбатда гап алкоголь ва тамаки маҳсулотлари рекламасига қўйилган тақиқ ҳақида кетаётганини таъкидлади.

- Сизни тушуниб турибман, лекин қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари рекламаси ман қилинганку. Улар ресторанида нима сотса сотиши мумкин, лекин ижтимоий тармоқда, ҳамма кўрадиган жойда алкоголь маҳсулотининг расмини қўйиб бўлмайдику,- дейди “Истеъмолчи” газетаси мухбири.

Тошкентдаги ресторанлардан бирининг хўжайини ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка берган суҳбатда жаримага тортган ресторанларнинг бирортаси қонунни бузмагани, аксинча, Давлат рақобат қўмитасининг ҳаракатлари рақобатга ҳалақит бераётганини айтади.

“Бу ерда қонун бузилмаган. Қонунда гап реклама ҳақида кетмоқда. Расмлар ҳақида эмас. Масала бундай қўйиладиган бўлса, масалан тўйда туширилган расмда ароқ ичиб турган меҳмонларнинг расмини Facebook ёки бошқа жойга қўйган ҳар қандай одамни жавобгарликка тортиш мумкин, алкоголни реклама қилдинг, деб. Бундан ташқари Тошкентда нуфузли шахсларга тегишли ресторанларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини кўринг, улар истаган расмларни, алкоголь ёки чилим у ёқда турсин, очиқчасига фаҳш тарғиб этиладиган расм ва эълонлар бериб борилади. Рақобат қўмитаси негадир жим. Яъни кимгадир мумкин, кимгадир мумкин эмас. Бунақада рақобат қоладими?” дейди тошкентлик ресторатор.

Ҳақиқатан нуфузли шахсларга тегишли экани айтиладиган Тошкентдаги K.T.Komba ва Terminal каби тунгги клублар Facebook саҳифаларида алкоголь ичимликлар ва 18+ фоматидаги тадбирлар рекламаси берилаётганини кўриш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG