Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:37

Қамоқдаги собиқ ҳоким Аҳмад Усмонов айбланувчига айланди


 Собиқ ҳоким Аҳмад Усмонов
Собиқ ҳоким Аҳмад Усмонов

Ўтган ҳафта вақтинча ҳибсга олинган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими 59 яшар Аҳмад Усмоновга айблов эълон қилинди. Усмонов¸ унинг устидан очилган жиноий иш тергови давомида қамоқда сақланадиган бўлди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ва собиқ ҳукумат мулозимининг айтишича¸ Усмоновга “хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик, кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйганлик ва порахўрлик" каби қатор айблар қўйилган:

- Гувоҳ сифатида вақтинча ҳибсга олинган Аҳмад Усмоновга айблов эълон қилинди. У олдинига 72 соат вақтинча ҳибсга олинган эди. Энди эса тегов тугаб суд бўлгунга қадар эхтиëт шарти сифатида бир кишилик камерада ўтиради. Энди у айблаанувчига айланди¸ деди Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги яна бир манбасининг айтишича¸ўтган ҳафта ҳибсга олинган Усмонов Тошкентдаги МХХ ертўласида сўроқ қилинмоқда.

Манбага кўра¸ собиқ ҳоким “Гвардейский кўчасидаги подвалда сўроқ бермоқда ва сўроқни МХХнинг иқтисодий жиноятлар бўйича терговчилари олиб боряпти”.

Собиқ ҳоким устидан бораётган терговдан хабардор ўзбекистонлик собиқ мулозимнинг Озодликка айтишича, Аҳмад Усмонов устидан жиноят иши феврал ўртасида очилган.

Президент айблаганидан кейин газеталар ҳам урган “Гитлер” лақабли генерал-губернатор

4 феврал куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессияси чоғида ишдан олинган собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон расмий матбуотида собиқ ҳокимни “қоралаш маъракаси” давом этди.

Расмий газеталар президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни "одамларнинг ишончини оқламагани" ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилганини иқтибослар билан эслатишди:

"Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак", деди президент.

Бу аснода ўзбек расмий матбуоти Усмоновнинг "яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар" порахўрликда айбланиб, жазога тортилгани ҳақида ëзишди.

Асли самарқандлик 59 ёшли Аҳмад Усмонов милиция генерали рутбасига эга бўлган ягона вилоят ҳокими эди.

Усмонов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ва 2010 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

У 2004 йилда Наманганда генерал унвонини олган биринчи вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Усмонов 2005 йил майидаги қонли воқеалардан кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокимлигига тайинланган.

Унинг 2006 йил октябридан 2013 йил апрелига қадар давом этган ҳокимлиги даврида Усмонов вилоятни қаттиққўллик билан бошқаргани кузатилган.

Озодлик манбалари Аҳмаджон Усмоновнинг жуда ҳам зўравон ҳоким бўлганини, унинг раҳбарлиги даврида қама-қамалар авж олганини айтадилар. Узметроном нашрининг ёзишича, Усмонов Андижонга ҳокимлик қилган пайтида унга “Гитлер” лақабини беришган.

Аҳмад Усмонов охирги 3 ой ичида лавозимидан четлатилган иккинчи вилоят ҳокимидир.

Ўтган йил ноябрида Президент Каримов Наманган вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповни "фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари" учун ишдан четлатганди.

XS
SM
MD
LG