Линклар

Белоруслик компьютер ўйини ихтирочиси миллиардерга айланди


Bloomberg ширкати маълумотларига кўра, белоруслик тадбиркор Виктор Кислийнинг мулки 1 миллиард доллардан ошиб кетган. Эндиликда Кислий Белоруснинг илк миллиардеридир. Тадбиркорнинг мулки 1,5 миллиард долларга тенг эканлиги айтилмоқда.

39 ёшли Кислий ўзининг янги титули ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. Bloombergга берган интервьюсида у камтар ҳаёт кечиришини айтди.

Кислий компьютер ўйинларини ишлаб чиқарувчи Wargaming.net ширкатининг директоридир.

Ширкат машҳур World of Tanks (“Танклар дунёси”) онлайн ўйинини ишлаб чиққан.

Ўйинда XX асрда ишлаб чиқарилган танкнинг аслига жуда ўхшаш моделини бошқариш ва ундан ўқ узиш мумкин.

Ўйинчилар турли мамлакатларда яратилган 400 га яқин машина ичидан бирини танлаб олишлари мумкин.

Сўнгра Интернет орқали бошқа ўйинчилар билан беллашадилар.

Ютиш учун ўйинчилар бирга ҳаракат қилиши ва бир-бири билан мулоқот қилиши зарур.

Ўйин бепул, лекин машиналарни мукаммаллаштириш ёки ўзгартириш ҳамда бир этапдан иккинчисига осонроқ ўтиш учун пул тўлаш мумкин.

Янги танклар 6 АҚШ долларидан 65 долларгача туради.

Аммо Кислий 2014 йил Tut.by белорус вебсайтига берган интервьюсида ўйинчиларнинг 70-75 фоизи умуман маблағ сарфламаслигини айтди.

Bloomberg ҳисобларига кўра, 2015 йил Wargaming.net 590 миллион доллар фойда кўрган.

Кислий ширкатнинг 64 фоизига эгалик қилади. 25,5 фоизи эса унинг отасига тегишлидир.

Тадбиркор ўз ширкатига 1998 йил Минскда асос солган. 2011 йил Wargaming.net Кипр пойтахти Никосияга кўчиб ўтган.

Кислий ширкат ўз халқаро бизнес фаолиятини очиқ ва адолатли тарзда олиб бора оладиган ерни излаганини айтади.

Ҳозир тадбиркор ҳам Белорус, ҳам Қибрис фуқаросидир.

Bloomberg ширкатига кўра, Кислий болалигидан компьютер ўйинларини севиб келади.

Тадбиркор отаси ишлаган илмий лабораториядаги “қадимий, улкан” компьютерларда илк ўйинларини ўйнаганини айтади.

Кислий ўзининг илк ўйинлари устида 1996 йил, Белорус давлат университетининг физика факультетида таҳсил олаётган пайтида ишлай бошлаган.

Анна Шаманская

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG