Линклар

Афғонистондаги қонли ҳужумлар Толиблар билан сўзлашувни ортга сурди


Афғонистон пойтахти Кобулда 27 февраль куни содир бўлган ва 28 кишининг ҳаётига зомин бўлган 2 портлашдан сўнг Толиблар билан тинчлик сўзлашувлари тақдири яна мавҳумлашди.

Мамлакат президенти Ашраф Ғани ўз ҳукумати тинч аҳолини ўлдираётган ҳеч бир жангари гуруҳ билан сулҳ тузмаслиги ва қуролли кучлар террорчиларга қарши курашни янада кучайтиришини айтди.

27 февраль куни Афғонистоннинг Покистонга чегарадош Кунар вилоятида рўй берган портлашдан камида 13 киши қурбон бўлди. Ҳудкуш ҳужумчи мотоциклда Асадободдаги шаҳар маъмурияти олдида ўзини портлатди. Оқибатда, қирқдан ортиқ одам яраланди. Жабрланганлар, асосан, тинч аҳоли вакилларидир.

Бундан бир неча соат ўтгач, Кобулда Мудофаа вазирлиги биноси олдида яна бир худкуш ўзини портлатди ва натижада, тинч аҳоли вакилларидан яна камида 15 нафари қурбон бўлди. Бу худкуш ҳужуми учун масъулиятни Толиблар ўз зиммасига олди.

Шу кунларда Афғонистон, Покистон, АҚШ ва Хитой дипломатлари Толиблар билан тинчлик музокараларини март ойи бошида ўтказишга келишишга уринаётган эди.

Ҳозирча ички ихтилофлар билан банд бўлган Толиблар раҳбариятидан бу муддат борасида бирор жавоб бўлгани йўқ.

XS
SM
MD
LG