Линклар

logo-print

Москвада мигрант-жиноятчилар гуруҳи ўз ватандошларини тўнамоқда


Суратнинг лавҳада тилга олинган ҳодисага алоқаси йўқ.

Суратнинг лавҳада тилга олинган ҳодисага алоқаси йўқ.

Москвада ватандошларини кўчада тўнаб, уларнинг уйигача бориб бор-будини ўғирлаб кетаётган қирғиз уюшган жиноий гуруҳлари пайдо бўлди. Айримлар буни Россиядаги иқтисодий инқироз билан боғласа, баъзилар Қирғизистондан келган жиноий гуруҳлар сонининг кўпайгани билан боғламоқда.

Бетига ниқоб кийган қуролли одамлар қирғизистонлик Назгул яшаётган Москвадаги уйни тўнаб кетган. Назгулнинг айтишича, улар ижарага уй излаяпмиз деб қирғиз тилида гапирган.

- Қирғиз йигит ижарага уй излаяпман деди. Биз йўқ эдик қўшнимиз эшикни очган экан пичоқ, пистолет кўтарган ниқобли тўрт киши кириб келибди. Уни икки соатча ушлаб ўтиришган. Қўшни яшаган икки бола билан билмай келиб қолдим. Эшикдан киришимиз биланоқ ошхонадан икки йигит чиқди. Пичоқ ва пистолет тақаб, “овозингни чиқарма”, дейишди. Мобил телефон, пул, кийим-кечак, ошхонадаги озиқ-овқатларни кўтариб кетишди, -дейди Назгул.

Назгулга кўра, бостириб келиб, олти одамни пистолет билан қўрқитган 20-25 ёшлар атрофидаги йигитлар озиқ-овқатдан ташқари, аёлларнинг лаб бўёғи ва упаларигача олиб кетган. Бироқ қирғиз муҳожирлари полицияга ариза ёзмай эртаси куни бошқа ерга кўчиб кетган.

Москвадаги “Айкўл Манас” спорт клуби тренери Нурғази Амиракулов Москвада хунарсиз, ишга ўрнашолмай юрган ёшлар жиноятларга қўл уради, деб ҳисоблайди.

- Бундай жиноятни қилганларнинг кўпчилиги ишсиз, кўчада юрганлар. Улар ота-онаси, яқинларига ҳам фойда бермайди. Қирғизистонда жиноят олами таъсири кучли. Энг яхши машина минганлар, меҳмонхона тўрида ўтириб ҳурмат кўрганлар – жиноятчилар. Жиноятчиликни озайтириб, ёшларга таълим-тарбия беришни кучайтириш керак, -дейди Нурғази Амиракулов.

Сўнгги пайтларда Россияда қирғизистонликларнинг жиноятга аралашаётгани тўғрисидаги маълумотлар кўпайди. Мутахассислар бу ҳолат россиялик иш берувчини қўрқитиб, жамоатчилик орасида қирғизларга қарши миллатчилик руҳини пайдо қилиши мумкинлигини айтишади.

Россиядаги “Муҳожирларни қўллаш” маркази раҳбари Чўлпўн Ўсмўновага кўра:

- Ишлайман деганлар ишлаяпти. Рус тилини билмаганлар, иш тополмаганларга катта шаҳарда қийин. Айтишим керакки, бир-икки жойда қирғизистонликларни ишдан бўшатиб юборган ҳолатлар бўлаяпти. Менинг олдида 15 одам бор. Иш берувчи “Қирғизлар жиноятчиликка яқин экансизлар, дўконни тўнаб кетишинглар мумкин”, дебди. Уларнинг касофати оддий одамларга тегаяпти. Шундай одамлар сабабли қирғизга қўл кўтарувчилар ҳам чиқиши мумкин, -дейди Ўсмўнова.

Россияда жиноятчиларга дуч келган қирғиз муҳожирлари полицияга оз мурожаат қилади. Ҳужжат текшириш, полицияда кўп вақт кетиши муҳожирлар жиноятни яширишига сабаб бўлади.

Қирғизистон Ички ишлар министрлигининг Москвадаги жамоатчилик вакили Қубаничбек Ўсмўнбековга кўра, муҳожирларнинг бундай фикри аксинча жиноятчиликнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

- Фуқароларимиз полицияга мурожаат қилиб, ариза ёзишдан қўрқади. Биринчидан қонунни, иккинчидан ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмайди. Ўз ҳуқуқини яхши билиб, полицияга мурожаат қилиб, ариза ёзишса бундай жиноятлар сони озаярди. Бироқ ҳужжати текширилишидан қўрққани учун муҳожир мурожаат қилмаяпти. Улар бунга вақт сарфлашни ҳам исташмайди, -дейди Ўсмўнбеков.

Россия федерал миграция хизмати маълумотига асосан Россияда ишлаётган қирғизистонликларнинг сони 560 мингдан ортади. Турли жиноятларни содир этганликда айбланиб, рус қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётганларнинг сони эса бир ярим мингдан ортиқ. Уларнинг аксарияти ўғирлик каби жиноятларда айбланиб судланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG