Линклар

Эрондаги сайловларида президент Ҳасан Руҳонийга иттифоқчи бўлган ислоҳотчилар пешқадамлик қилмоқда. 28 февраль кунги расмий хабарга кўра, берилган овозларнинг 90 фоизини, асосан ислоҳотчилар қозонган. Бу эса мамлакат олий раҳнамоси бўлган оятуллоҳни келгусида ультра-консерватив уламолар эмас, балки мўътадил ислоҳотчилар сайлаши мумкинлигини англатади.

Эрон расмийлари 28 февраль куни мамлакатда парламент ва Экспертлар кенгашига ўтган сайловларда берилган овозларнинг 90 фоизи санаб бўлинганини маълум қилди.

Дастлабки натижаларга кўра, президент Ҳасан Руҳонийнинг иттифоқчиси бўлган ислоҳотчилар пешқадамлик қилмоқда.

Бу галги сайловларда президент Руҳоний мамлакатдаги мўътадил ва ислоҳотчи сиёсий кучлар лидери бўлган собиқ президент Акбар Ҳошимий Рафсажоний билан бирлашди.

Экспертлар кенгаши мамлакатнинг олий руҳонийси бўлган оятуллоҳни сайлайди. Шу вақтга қадар кенгашга сайланганларнинг кўпчилик қисмини ультра-консерватив уламолар ташкил қилиб келган.

26 февраль кунги сайлов Эронга нисбатан ғарб санкциялари олинганидан буён ўтказилган илк сайловдир ва дастлабки натижалар ультра-консерватив пешволарнинг ортда қолаётганини кўрсатмоқда.

Дастлабки натижалар эълон қилинганидан сўнг президент Руҳоний ўз ҳукумати сайловда қозонган сиёсий лидерларнинг ҳаммаси билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирди:

"Мусобақа тугади. Бу ички салоҳият ва халқаро имкониятларга таянган ҳолда Эроннинг иқтисодий тараққиётида янги даврни бошлаш пайтидир", деди Руҳоний.

Сайловларда етакчилик қилаётган ислоҳотчилар етакчиси Ҳошимий Рафсанжоний ҳам: "Рақобат битди, энди бирлашув вақти келди", деди.

Мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги кузатувчилар бу сайловлардан сўнг Эрон парламети аввалгилари каби ультра-консерватив диндорлар ҳукмида эмас, балки нисбатан мўътадил парламент бўлишига умид билдирмоқда.

28 февраль кунги расмий хабарга кўра, овозларни санаш жараёни ҳануз давом этмоқда. Сайловларни ўтказган Эрон Ички ишлар вазирлиги рўйхатга олинган 35 миллион сайловчининг 60 фоизидан ортиғи овоз бериш жараёнида иштирок этганини маълум қилди.

Айни пайтда Эроннинг 76 яшар олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг хасталиги айтилмоқда. У 1989 йилдан бери Эронни бошқариб келмоқда ва бугунги ўзгаришлар фонида оятуллоҳликнинг кейинги 8 йиллик муддатига янги раҳбар келиши мумкинлиги ҳам кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG