Линклар

Чеченистоннинг Кремль тайинлаган президенти Рамзан Қодиров ўз лавозимини бўшатишга тайёр эканлигини айтди. У Давлат томонидан назорат қилинадиган “НТВ” телеканалига берган интервьюсида “муддатим битди”, деди.

Қодировнинг президентлик муддати апрель бошида ўз якунига етади.

“Мен бошлаган ишни давом эттирувчилар жуда кўп. Яхши мутахассисларимиз бор”, деди Қодиров. Интервью Кремлнинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов ўлдириб кетилганинга бир йил тўлган кун - 27 февралда эфирга узатилди.

Россия мухолифати аъзоларининг аксари Немцовни ўлдиришда Қодировнинг қўли борлигига ишонади. “Аслини олганда, Немцов мени умуман ташвишлантирмаган. Сабаби - у менинг тенгим эмас”, деди Қодиров.

“Менинг номим халқимга қарши ишлатилмаслиги учун халқ етакчилари бошқа шахсни топишлари керак”, дея қўшимча қилди у.

Немцовнинг ўлими бўйича қўлга олинган беш чеченнинг ҳаммаси Чеченистон ва Шимолий Кавказ билан алоқадордир.

Россия Давлат Думасидаги саноқли мухолифатчи депутатларнинг бири Дмитрий Гудков Озодлик радиоси рус хизматига 27 февраль куни берган интервьюсида “Борис Немцовнинг ўлдирилиши ортидан федерал ҳукумат билан Чеченистон етакчилиги ўртасидаги алоқа анча ёмонлашганини биламан”, деди.

“Рамзан Қодировнинг мухолифатга кейинги пайтлардаги васвасасини сабаби ҳам шудир”, дея қўшимча қилди Гудков.

Ҳафта бошида мухолифатчи лидер Илья Яшин Немцовнинг ўлдирилишида Қодировнинг қўли борлиги айтилган ҳисоботни эълон қилди ва чечен лидеридан ўз лавозимини бўшатишни талаб қилди.

Қодировни Чеченистон президентлигига номзод сифатида Владимир Путин 2007 йили таклиф қилган. Ўшанда Чеченистон парламенти Путин таклифини ҳеч бир эътирозсиз қабул қилган эди.

Путин Чеченистонда бўлиб ўтган икки урушдан кейин Қодиров ёрдамида тартиб ўрнатишни кўзлаган. Шу сабаб чечен президенти федерал ҳукумат назоратидан де факто озоддир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG