Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:30

Ангрен-Поп темир йўлидаги янги туннелда "хитойча" тақдимот бўлди


Ангрен-Поп йўналишида қурилаётган 19 километрлик туннелда қазиш ва бурғулаш ишлари якунига етиб, икки томондан қазилаётган йўлак туташтирилди. Шу муносабат билан ўтказилган тақдимот маросимининг қизил рангларга бурканган хитойча шиор ва анъаналар остида ўтгани эса ижтимоий тармоқларда танқидга сабаб бўлди. "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати вакиллари берган хабарга кўра, тақдимотни хитойликлар ўтказгани бунга сабаб бўлган.

27 февраль куни "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик жамияти Ангрен-Поп темир йўли йўналишида қурилаётган туннелни қазиш ва бурғулаш ишлари муддатидан аввал якунланганини хабар қилди.

Расмий хабарда акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган 19 километрлик темир йўл туннели 27 февраль куни туташтирилгани айтилди.

Туннел қурилишига "мураккаблиги бўйича жаҳонда биринчи саккизталик, узунлиги бўйича 13 таликдан жой олган, МДҲ мамлакатларидаги ягона ноёб қурилиш иншооти", деб баҳо берилган.

Тақдимот маросимидан узатилган фото-хабарлар эса Facebook тармоғи фойдаланувчилари орасида баҳсларга сабаб бўлди.

Тақдимот маросимидан чоп этилган суратларда Хитойнинг коммунистик режимига хос алвон рангдаги паннолар ва асоосан, йирик-йирик ёзилган хитой тилидаги шиорлар остида ўтгани кўринди. Улкан шиорлар битилган стендлардаги ёзувларнинг хитой, инглиз, рус тилларида экани ва ўзбек тилидаги бирор эълон ёки шиорнинг бўлмагани эътирозларга сабаб бўлди.

Тақдимот маросимидан суратларни Facebook ижтимоий тармоғига юкланган фойдаланувчи пости остида давлат тилига бўлган эътиборсизликдан норозиларнинг танқидлари йиғилди. Бу фойдаланувчи тақдимот маросимида иштирок этганини ёзди.

Фойдаланувчилардан бири суратлардан: "Ушбу байрам Хитойда бўлаяпти деб ўйлаш мумкин. Паннолардаги ёзувларда менимча ўзбек тилида биринчи қаторда катта ҳарфлар билан тантанали қилиб ёзиб қўйиш лозим эди", деб ёзди.

Яна бир фойдаланувчи эса: "Сарлавҳасини ўқимаган одам ушбу тадбир Хитойда бўлибди деб ўйлайди!" деб шарҳ қолдирди.

Аммо, ўзбек тилига эътиборсизликни танқид қилганлардан норозилар жавоби ҳам кўринди. Жумладан бир фойдаланувчи: "Битта хитойча лозунгга шунча жон куйдирибсизлар... Битта кичкина маросим бу, расмий давлат тадбири эмас. Ҳаммаси ҳали олдинда. Юртбошимиз ўзлари очиб йўлни, поездга байроқни тикиб борадилар, оз қолди, юракни кенгроқ қилайлик...", деб ёзди.

Унга жавобан қолдирилган шарҳ эса шундай бўлди: "Эътироз бир нарсада: нега давлат ҳудудида давлат тилига ҳурмат кўрсатилмади? Хитой тили – тушунарли, тоннелни хитойликлар қурган... Ўзимизни ҳурмат қилмасак, биров бизни ҳурмат қилмайди. Ўзбек тили эмас, давлат тили масаласи кўтарилганида миллатчилик, радикаллик деган атамаларни ишлатмай турган маъқул".

Сўнгра тақдимотда иштирок этган фойдаланувчи вазиятга изоҳ бера туриб, бунинг расмий тақдимот маросими эмаслиги ва асосан, хитойликлар томонидан уюштирилгани, улар ҳозирлаган эълонларда эса “China Railway Tunnel Group” ширкати рекламаси битилганини ёзди. Унга кўра, хитойлик қурувчилар қазиш ишларини якунига етказган ва тантанали равишда ўзбекистонликларга тақдим қилган.

Айни пайтда туннелда пардозлаш ишлари ҳам якунламоқда. Расмий хабарга кўра, пардозлаш ишларининг 85 фоизи якунланган. Тез орада темир йўл рельсларини ётқизиш, электрлаштириш ва коммуникация тармоқларини ўрнатиш ишлари бошланади.

Жами узунлиги 123 километрдан ортиқ бўлган темир йўлининг туннелдан ташқарисидаги қисмида эса барча қурилиш ишлари 2015 йилнинг августида якунига етган.

XS
SM
MD
LG