Линклар

Русларнинг машҳур актёри ўзбек аёлини машинасида уриб қочди


Актёр Валерий Николаев (чапда) “Евросиё” кинофестивали меҳмонлари билан мулоқот чоғида, Олмаота, 2014 йил 15 сентябри.

Актёр Валерий Николаев (чапда) “Евросиё” кинофестивали меҳмонлари билан мулоқот чоғида, Олмаота, 2014 йил 15 сентябри.

Россиялик таниқли актёр Валерий Николаев Москва шаҳрида ўзининг Subaru русумли автомашинасида ўзбекистонлик аёлни уриб юборди ва воқеа жойидан жуфтакни ростлади.

Россия нашрларининг хабар қилишича, мазкур нохуш ҳодиса Москва марказида жойлашган Чистопрудний хиёбонидаги йўловчилар ўтиш жойида 25 февраль куни содир бўлган.

Ҳодисадан сўнг ўзбекистонлик 54 ёшли Дилора Нурзуллаева Склифосовский институтига етказилган.

Муҳожир аёл Lifenews интернет-нашри билан суҳбатда ўша куни ишга кетаётган бўлгани, йўлни кесиб ўтаётган пайтда трамвай йўли бўйлаб катта тезликда келаётган автомобиль уни уриб юборганини айтган.

Рулда бўлган Николаев аёлни уриб юборганидан кейин машинасини трамвай йўлига тўхтатиб қўйган.

- Йиқилганимда ҳаммаёғим лой бўлиб кетди, кейин бир амаллаб эмаклаб кўчанинг нариги томонига ўтдим. У эса ҳатто ёнимга ҳам келмади, тиззалаб йўлдан ўтиб кетишимни кузатиб турди, кейин эса норози оҳангда: “Нима қиласан энди? Касалхонага борасанми?” дея сўради, - дея иқтибос келтиради Lifenews Дилора Нурзуллаева сўзларидан.

Ҳодиса гувоҳлари аёлнинг ўрнидан туришига кўмаклашганлар ва оёқда бемалол туролмагани учун унга яқиндаги емакхонадан курси келтириб берганлар. Актёр Николаев эса бу пайтда машинасининг ёнида тураверган. Трамвай келганида атрофдагилар ундан йўлдаги автомобилини олиб қўйишни сўраганлар. У эса машинасига ўтириб, ҳатто “тез ёрдам” ҳам чақирмай кўздан ғойиб бўлган. Шифокорларга воқеа гувоҳлари қўнғироқ қилганлар.

“Ҳеч бўлмаганда қўлини чўзиб, ёрдам ҳам қилиб қўймади. Агар одамгарчилик қилганда, ҳатто тез ёрдамга ҳам бориб ўтирмасдим”, дейди Дилора опа.

Шифохонада ўзбекистонлик аёлнинг учта қобирғаси сингани, бир қанча жойи лат егани маълум бўлган. Шунингдек, шифокорлар унинг мияси чайқалган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмаяптилар. Эртаси куни аёл қатнаб даволаниш талаби билан шифохонадан чиқиб кетган.

Валерий Николаев ўзбек аёлини уриб кетганидан сўнг орадан бир ўтгач, Москва марказида автомобили билан тротуарга чиқиб кетиб, бир неча машинага шикаст етказганидан кейин полиция томонидан тутилган.

26 февраль куни бўлиб ўтган маҳкама чоғида актёр “Полиция ходими буйруғига бўйсунмаганлик” айблови билан 10 суткага ҳибс этилган. Бироқ у маҳкама қарори ўқиб эшиттирилгунига қадар суд залидан жуфтакни ростлаган. Эртаси куни Россиянинг “Биринчи канал”и журналистлари Валерий Николаевни автосервис олдидан топишган. Журналистнинг: “Суд залидан нима учун қочиб кетдингиз?” деган саволига у: “Ҳар кунига 50 рублдан 500 рубль бериб, қутулиб кетдим”, дея жавоб берган.

Россиялик актёр суд биносидан полиция ходимларининг лоқайдлиги туфайли жуфтакни ростлаган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аммо 27 февраль куни Москва полицияси таниқли актёрни қайта қўлга олишга муваффақ бўлган. 50 ёшли актёр Валерий Николаевнинг айби судда исботланса, у 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG