Линклар

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги қадимий "Олой" деҳқон бозорининг озиқ-овқат ва қуруқ мева сотиладиган қисми душанба кундан бузила бошлади. Савдогарлардан олинган маълумотга кўра, улар аввалига бозорнинг усти очиқ автомобил паркига кўчирилган, аммо тушдан кейин у ердан қувилган. Бозор маъмурияти қайта қуриш ишларини мустақилликнинг 25 йиллигига тугатмоқчи. Бу бозор 2013 йилда ҳам қайта қурилган эди.

"Олой деҳқон бозори" ҳудудидаги дўконлардан бирида савдо қиладиган тадбиркорнинг исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка айтишича, душанба куни тонгдан бозорнинг бир қисми бузила бошлаган:

"Бозорнинг озиқ-овқат сотадиган қисмининг ярмини бузишни бошлашди. Биз савдо қиладиган дўконларга тегилмайди, деб туришибди ҳозирча. Биз савдо қилаяпмиз. Лекин, озиқ-овқат сотадиганларнинг бир қисми автостоянкага ёймага ўтишди бугундан. Аввалдан огоҳлантиришган, шунақа реконструкция қиламиз, деб. Албатта, рози ҳам бор, норози ҳам бор энди. Лекин, булар бир бузамиз дедими, бузадида барибир", деди Олой бозори ҳудудидаги дўконлардан бирида савдо қиладиган тадбиркорлардан бири.

Айни бозор ҳудудида бўлган хорижий валюта қора бозоридаги саррофлардан бири ҳам буни тасдиқларкан, бозорнинг айвонлар остидаги очиқ расталари бугундан ёппасига бузила бошлаганини айтди.

Расмий маълумотга кўра, бозор тўлиқ бузилиб, қайта қурилади. Эндиликда бозор марказида бир неча қаватли яна бир йирик павильон қурилиши ва барча маҳсулотлар ана шу павильон ичида сотилиши айтилмоқда.

Бозордаги савдогарлар эса "Юнусобод" ва "Аҳмад Дониш" деҳқон бозорларига кўчирилган. 29 февраль куни "Олой" бозорига борган тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, қурилиш-бузилишлардан норози тадбиркорлар, одатдагидек, бор ва уларнинг бир қисми тушгача бозорнинг усти очиқ автомобил паркида савдо қилган. Аммо, тушдан кейин уларнинг савдоси хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатилган.

Тошкент шаҳар маъмурияти 2016 йилда Тошкентдаги бир неча бозор, жумладан, "Миробод", "Авиасозлар", "Наврўз", "Сергели", "Юнусобад" бозорлари ҳам қайта қурилишини маълум қилган. Бозорлардаги таъмирлаш ишларини бу йилги Мустақиллик байрамига қадар тугатиш режаланган.

Ҳозирча, "Олой" ва "Миробод" бозорларида йирик таъмирлаш ишлари бўлиши ва фақат шу икки бозордаги бузилиш-қурилиш ишлари учун 15 миллиард сўм (5 миллион 200 минг АҚШ доллари) ажратилгани айтилмоқда.

Бузила бошлаган қадимий "Олой" бозори 2013 йилда ҳам қайта қурилган эди. Ўшанда бозор ёнида автомобил парки, бозор ичкарисида тўртта павильон қурилган. Бу павильонларда балиқ, чўчқа, гўшт ва сут маҳсулотлари сотилаётган эди. Ўшанда бозорнинг 2 ярим минг метр квадрат ҳудуди қайта қурилган ва 1 ярим миллиард сўмга яқин маблағ сафрланган.

Орадан 2 йилдан ошироқ вақт ўтиб, айни бозор нега яна қайта қурилаётгани ҳақидаги савол ҳозирча очиқ қолмоқда. "Олой деҳқон бозори" очиқ акциядорлик жамияти раҳбари Аҳад Раззоқов идорасидан бу саволга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

"Олой" бозори Тошкентдаги қадимий масканлардан биридир. Унинг тарихини қадимий Ипак йўли тарихига боғлашади. Аммо, айнан ҳозирги ҳажмдаги бозор бундан 150 йил муқаддам қурилган ва эски савдо расталарининг каттагина қисми 2013 йилги қайта таъмирда бузиб ташланган.

Ўшанда жамоатчилик Тошкентнинг бетакрор тимсоли бўлган бозор ўз тарихий қиёфасини йўқотмоқда, дея қаттиқ норозилик билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG