Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:11

Покистонда номус учун қилинадиган қотилликлар ҳақидаги фильм “Оскар” билан тақдирланди


“Дарёдаги қиз: Кечириш баҳоси” фильмининг режиссёри Шармин Обаид-Чиной.
“Дарёдаги қиз: Кечириш баҳоси” фильмининг режиссёри Шармин Обаид-Чиной.

Покистонда олинган “Дарёдаги қиз: Кечириш баҳоси” деб аталувчи фильм энг яхши қисқа ҳужжатли фильм номинациясида “Оскар” мукофотини олди.

Мукофот 28 февраль куни Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ Кинематограф санъати ва фани академиясининг 88-тақдимот маросимида топширилди.

Режиссёр Шармин Обаид-Чиной яратган фильм Покистонда номус учун қилинадиган қотилликлар ҳақидадир. Чиной 2012 йил кислота ҳужуми қурбони бўлганлар ҳақида яратган “Юз сақлаш” фильми ҳам энг яхши қисқаметражли ҳужжатли фильм номинациясида “Оскар” мукофотини олган эди.

Мукофотни олганидан кейин сўзга чиққан Чиной “Журъатли аёллар бирлашса, шундай бўлади”, деди.

Режиссёр отаси ва турмуш ўртоғи каби “аёлларни мактабга боришга, ишлашга ундовчи ҳамда аёллар учун адолатли жамият қуриш учун курашувчи барча эркаклар”ни ҳам олқишлади.

Покистон қонунларига биноан, ўз қариндошини ўлдирган эркакларни аёлнинг қариндошлари “хун пули” эвазига кечирса, қотиллар жазосиз қолиши мумкин.

Чиной яқинда Покистон бош вазири Наваз Шариф билан учрашди. Вазир “тегишли қонунлар ёрдамида Покистонни ушбу ёзувликдан халос қилиш”га сўз берди.

Қўшиқчи Эми Уайнхаус ҳақидаги фильм энг яхши ҳужжатли фильм номинациясида “Оскар” мукофотини қўлга киритган. “Оловли қиш: Украинанинг эркинлик учун кураши” фильми ҳам шу номинацияда номзодликка қўйилган эди.

Бостондаги католик руҳонийларнинг жинсий тажовузкорлигини фош қилиш учун курашувчи журналистлар ҳақидаги “Эътибор” драмаси энг яхши фильм номинациясида “Оскар” олди.

Леонардо ДиКаприо энг яхши актёр номинациясида “Оскар” мукофоти билан тақдирланди. Актёр бундан аввал тўрт марта шу категорияда номзод ўлароқ кўрсатилган эди.

41 ёшга тўлган ДиКаприо “Тирик қолган” фильмида яратган XIX асрда мўйна савдоси билан шуғулланган шахс образи учун бу мукофотни қўлга киритди.

Фильм режиссёри Алехандро Гонсаалес Иньярриту эса энг яхши режиссёр номинациясида ғолиб бўлди. Бу режиссёрнинг сўнгги икки йил ичида қўлга киритган иккинчи “Оскар” мукофотидир.

Актриса Бри Ларсон эса “Хона” фильмидаги роли учун энг яхши актриса деб топилди.

Энг яхши хорижий тилдаги фильм деб Холокост ҳақидаги “Саулнинг ўғли” драмаси топилди. Бу “Оскар” мукофоти билан тақдирланган иккинчи можар фильмидир.

Афсонавий итальян бастакори Эннио Морриконе эса Квентин Тарантино яратган “Қабиҳ саккизталик” фильмидаги иши учун “Оскар” билан тақдирланди.

Алисия Викандер “Даниялик қиз” фильмидаги роли учун энг яхши ёрдамчи актриса, Марк Райлэнс эса “Жосуслар кўприги” фильмидаги роли учун энг яхши ёрдамчи актёр, деб топилди.

Бу йилги маросим муаммосиз ўтмади, чунки икки йилдан бери индивидуал номзод ўлароқ бирорта ҳам қора танли шахс кўрсатилмай келади. Бу йилги маросимни олиб борган қора танли қизиқчи Крис Рок ҳазил тариқасида тадбирни “оқ одамлар танлови мукофоти”деб атади.

XS
SM
MD
LG