Линклар

logo-print

Москвада ўзбек энага 4 яшар қизчани бошини кесиб ўлдирганликда айбланиб ушланди


Москвадаги “Октябрьское поле” метро бекати ёнида ёш боланинг танасидан жудо қилинган калласини кўтариб, “Аллоҳу Акбар!” деб бақириб юрган қора қийимдаги аёл полиция томонидан ҳибс этилди. Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган бу аёлнинг руҳий ҳолатини текшириш учун экспертизага жўнатилди. Шахси асли самарқандлик 39 яшар Гулчеҳра Бобоқулова, дея аниқланган аёл ўзи энагалик қилаган 4 яшар қизчани ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, Бобоқулова қизчанинг бошини кесиб олгач, квартирага ўт қўйган. Квартирадан гўдакнинг бошсиз танаси топилган.

Метро бекатида ёш боланинг бошини кўтарган аёл ушланди

29 февраль куни эрталаб Москванинг “Октябрьское поле” метро бекати ёнида “Аллоҳу Акбар!” деб бақириб юрган аёл пайдо бўлди.

Йўловчилар узун қора кийимдаги аёлнинг қўлида ёш боланинг танасидан жудо боши борлигини кўргач, полиция чақирган.

Воқеа жойига келган полиция аёлдан ҳужжатини кўрсатишни талаб қилган пайтда у сумкасидан кеси олинган каллани чиқариб, ўзини портлатиш билан таҳдид қилади.

Метро бекатида қўлга олинган аёл

Метро бекатида қўлга олинган аёл

Ҳодиса жойига етиб келган ҳуқуқ муҳофазаси ходимлари дарҳол метро бекатининг кириш ва чиқиш йўлакларини ёпиб, у ерда “портловчи моддалар қидирилаётгани”ни эълон қилишади.

Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, қора қийимдаги аёл ўлдирилган боланинг энагаси бўлган.

Душанба куни эрталаб “Народного ополчения” кўчасидаги уйлардан бирида ёниб кетган квартирадан 3-4 ёшларда бўлган қиз боланинг бошсиз танаси топилгани маълум бўлди. Полиция бола ваҳшийларча ўлдирилиб, боши танасидан жудо қилинганини айтмоқда.

Эрталабки соат 10-ларда содир бўлган ёнғин жойида ўт ўчирувчилар 4 кишининг ҳаётини сақлаб қолган, улардан икки нафари тан жароҳати олган.

Қотилликда ўзбекистонлик 39 яшар аёл айбланмоқда

​Полиция энагалик қилувчи аёл Самарқанд вилоятидан Москвага ишлагани келган 1977 йилда туғилган меҳнат муҳожири Гулчеҳра Бобоқулова эканини маълум қилди.

Муҳожир аёл қўлга туширилганида нима қилаётганини билмаган ҳолатда бўлган. Айрим маҳаллий ахборот воситалари асли самаркандлик аёл "кучли наркотиклар таъсири остида" бўлганини тахмин қилди:

- ​Квартира эгалари катта боласини олиб, ишга кетганидан кейин, бу аёл номаълум сабабларга кўра болани ўлдирган, квартирага ўт қўйган ва ҳодиса жойидан ғойиб бўлган, дея билдирди Москва шаҳри бўйича Бош Тергов қўмитаси.

Полиция Гулчеҳра Бобоқуловага 2016 йилнинг 22 апрелига қадар миграция картаси берилгани, бироқ у рухсатнома-патентсиз ишлаб келганини айтмоқда.

Настя исмли қизалоқнинг ота-онаси Орёл вилоятидан Москвага келиб ишлаб юрган россияликлар бўлгани маълум бўлди.

Метро бекатида ҳеч қандай портловчи моддалар аниқланмагани хабар қилинди.

Ижтимоий тармоқ ва маҳаллий ахборот воситаларида 39 ёшли бу аёлнинг танасидан жудо қилинган бошни кўтариб, ўтган-кетганларга нимадир деяётгани тасвирлари пайдо бўлди.

- Бир дақиқадан кейин охири дунё бўлади, тез бўлади. Мен террорчи! Мен ўлишларингни истайман! Мени неча маротаба ўлдиришди – мен тирикман. Охири дунё келиши билан мен ўламан, деб метро чиқаверишида узоқда туриб уни кузатаётган полициячилар олдида бақирганини эшитиш мумкин видео тасвирларда.

Кейинроқ махсус хизматлар ва полициячиларнинг бу аёлни ҳибсга олгани видеоси ҳам тарқалди.

Гумонланувчининг руҳий ҳолати текширилмоқда

Ҳозирга келиб терговчилар аёлни суд-психиатрия экспертизасига текширувга юборгани маълум қилинди.

Тергов қўмитасида Озодлик сўровига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми (“Вояга етмаган болани ўлдириш”) асосида жиноий қўзғатилганини билдиришди.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, Гулчеҳра Бобоқулова ўз ҳаракатларини эри уни ташлаб кетгани билан изоҳлаган, бироқ ёш гўдакнинг унга нима алоқаси борлигини тушунтириб бера олмаган.

Уни тинтув қилган идора ходимлари аёл руҳан лаёқатсиз ҳолатда бўлганини айтишмоқда. Бобоқуловада узоқ вақт давомида “маниакал психоз” ҳолати шаклланиб боргани тахмин қилинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилди

Ҳодисани ўз назоратига олган Россия Президенти ҳузуридаги Болалар омбудсмани Павел Астахов бу қотилликни “мудҳиш ва тушунарсиз ” деб таърифлаб, ота-оналарга ёлланаётган ҳар қайси энага ёки бола қаровчисининг руҳий ҳолатини обдон текширишни тавсия қилди.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик энагани кўриб, ҳодиса жойидан жуфтакни ростлаётган полициячилар ҳаракатларидан норозилик билдирилмоқда.

Таниқли мухолифатчи Алексей Навальний ҳам бу ҳодисага изоҳ берди:

Россия Федерацияси махсус хизматлари нормативлари: Путинга қарши плакат билан метро ёнида – 5 дақиқада ушланади, ёш боланинг бошини кўтариб “Оллоҳу Акбар!” ҳайқириқлари билан – бир соат”, деб ёзди у.

Яна бир сиёсатчи Владимир Милов виза режими бўлганида бу ҳодиса бўлмаслигини таъкидлади.

“Агора” ташкилоти собиқ раҳбари Павел Чиков “энага билан боғлиқ ҳодиса катта оқибатларга олиб келиши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Фарғона.ру” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов “Хавфсираб турибманки, бунинг ортидан Москвада Осиёдан келган энагалар модадан чиқади”, деб ёзди ўз саҳифасида.

Кўплаб кузатувчилар бу мудҳиш ҳодиса ортидан меҳнат мигрантларига қарши янги босимлар тўлқини кўтарилишидан хавотир билдирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG