Линклар

logo-print

Назарбоевга мадҳия битган тожик шоири қимматбаҳо чопон ва ақча билан сийланди


Назарбоев илтифотига ноил бўлган тожик шоири Саиджалол Каримзода.

Назарбоев илтифотига ноил бўлган тожик шоири Саиджалол Каримзода.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган шеър шарофати билан тожикистонлик Саиджалол Каримзода қозоқларнинг духоба чопони бўлган бешмет, қалпоқ, қозоқ герби ва 1000 сомонийдан (тақрибан 130 АҚШ доллари) иборат ҳадялар соҳибига айланди.

Фархор туманининг Ватан жамоати Доманакўҳ қишлоғида яшовчи Саиджалол Каримзода шоҳона туҳфага муносиб кўрилган жўнгина мисраларини ўтган йил ёзида ёзган ва почта орқали Нурсултон Назарбоев манзилига йўллаган.

“Мен бунинг учун ҳеч қанақа ҳадя кутмаётгандим ва умуман, мен ўз шеърларим учун ҳеч нарса таъма қилмайман. Аммо шунақа бўлди. Гапнинг пўсткалласини айтганда, мен Назарбоевни одил подшоҳ, деб биламан ва шунинг учун ҳам унга шеър бағишлагандим”, деди Саиджалол Каримзода Озодликнинг тожик хизматига 1 март куни берган интервьюсида.

Каримзоданинг қозоқ президентига бағишлови соддагина бўлиб, кўпроқ халқ термаларини эслатади:

“Нурсултон Назарбой

Султонлар ичра сен бой!

Сен ҳаммага нон бердинг,

Сен ҳаммага жон бердинг!” деб ёзади доманакўҳлик шоир.

Бу чапани қасида эвазига Қозоғистон президенти маъмурияти Тожикистондаги дипломатлари орқали халқдан чиққан шоирга бешмет, қалпоқ, герб ва ақча инъом этган. Бу Тожикистоннинг чекка қишлоғидан бўлган ашъорнависнинг давлат раҳбаридан олган илк совғасидир.

Мазкур ҳадялар ва қозоқ президентидан олган мактубни Каримзода Фархор туман музейига топширган.

“Назарбоевга миннатдорчилик изҳори сифатида мен у ҳақда яна уч ғазал ва тўрт рубоий битдим”, дейди тожик шоири.

Саиджалол Каримзода Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга бағишлаб ҳам кўплаб шеърлар ёзган. Саноғи 100 га етиб қолган бу шеърларни шоир алоҳида тўплам шаклида чоп эттирмоқчи бўлган, бироқ бу ишни амалга оширишга қўли калталик қилган. Каримзода бу ишда кўмак беришни сўраб Фархор ҳукумати раисига мурожаат қилгани ва ҳозир жавоб кутаётганини айтади.

Саиджалол Каримзодага кўра, шеър ёзиш ҳаваси унда болаликдаёқ уйғонган, битганлари маҳаллий газеталарда чоп этиб турилади, бироқ яна ўша маблағ етишмовчилиги туфайли у ҳали ўз китобини чиқаролгани йўқ.

Нурсултон Назарбоев масаласига қайтсак, келажакда доманакўҳлик шоир “одил подшоҳ” ҳақида шеър тўплами чоп эттириб, уни Қозоғистон пойтахти Остонага – аввал шеър йўллаган манзилига юбориш орзусида эканини айтади.

Ўтмишда Шарқ адабиётида ҳукмдорларни алқалаб, қасида ва мадҳиялар ёзиш анъанаси бўлган. Ўз навбатида, ҳукмдорлар ўзларини мадҳ этган шоирларни мурувватан кимхоб чопон, олтин-кумуш ақча ёки бошқа қимматбаҳо туҳфалар билан сийлаб келганлар.

XS
SM
MD
LG