Линклар

logo-print

Швецияда Обид қорини отган Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси берилди


Сундсвал шаҳар суди Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдни амалга оширишда айбдор, деб топилган Юрий Жуковскийга умрбод қамоқ жазосини берди. Суд ҳукми 1 март куни Швеция расмий матбуотида эълон қилинди. Назаровнинг яқинлари ҳукмдан қониққани, аммо буюртма қотиллик ортида тургани даъво қилинган Ўзбекистон сиёсий режимининг вакиллари жазоланишини талаб қилишда давом этишини айтмоқда.

Обид қори Назаровнинг ўғли Довудхон Обидхон ўғли Озодлик билан суҳбатда ҳукмдан рози эканини айтди:

- Биз аслида умрбод қамоқ жазоси берилсин, деб даъво қилган эдик ва даъвоимиз қондирилганидан мамнун бўлдик. Жуковский бу жазога лойиқ эди, деб ҳисоблаймиз. Лекин, бу билан иш тугамайди. Чунки, Жуковский бу жиноятни бир ўзи ижро этмаган. Унинг ортида бу жиноятни буюртма қилган шахслар бор ва уларнинг исми маълум. Прокурор такрор айтиб келганидек, бу буюртма ортида Ўзбекистон сиёсий режими турибди, деган жуда жиддий даъво бор. Шу боис, тергов ва суриштирув давом этади. Аммо, бугунги ҳукм бундай даҳшатли жиноятни содир этганлар жазосиз қолмаслигига жиддий бир ишорат бўлди, - дейди Довудхон.

Айни пайтда у отаси - ҳануз шифохонада қолаётган уламо Обид қори Назаровнинг соғлигига оид саволларга ҳам жавоб берди.

Қуйида Довудхон Обидхон ўғли билан суҳбатни тингланг:

Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга чиқарилган 18 йиллик қамоқ жазосидан ҳам ҳимоя томони, ҳам қоралов томони киритган аппеляция аризаси юзасидан маҳкама 9 февраль куни бошланган эди.

Швеция прокурори Кристер Петерссон ҳам 18 йиллик жазо бир умрлик қамоқ жазосига ўзгартирилишини талаб қилган. Петерссон айблов хулосасида Ўзбекистон ҳукуматини тўғридан-тўғри айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон ҳукумати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирган эди.

Швециялик журналистларнинг айтишича, сўнгги ҳукмда бу жиноятнинг "хориждан буюртма қилингани" қайд этилган, аммо прокурорнинг асосий иддаоси - бу жиноят ортида Ўзбекистон ҳукумати турибди, деган даъво ҳукм матнига киритилмаган.

Швеция қонунларига биноан, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслар 10 йилгача жазони енгиллатиш ёки бошқа турдаги сўровлар билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳозир бу давлатда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган жами 200 га яқин маҳбус бор.

37 яшар Жуковский ўтган йилнинг 25 августда Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган эди.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада ётибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG