Линклар

4 яшар қизчани ўлдиришда айбланган аёлни деб ўзбеклар яна Россиядан ҳайдаляпти


Озодликка Иркутскдан мурожаат қилган муҳожирга кўра¸ самарқандлик энага хотин 4 яшар болакайнинг калласини олиб¸ кўчада Оллоҳу Акбар деб қичқириб юргани акс этган видео рунетда тарқаши ортидан бутун Россия бўйлаб¸ хусусан¸ пойтахт Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ëппасига ҳибсга олиш жараëни бошланган. Иш берувчиларнинг ўзлари ўзбекистонликларни кўчага чиқмаслик¸ акс ҳолда ФМС зўравонлигига учрашдан огоҳлантирмоқда¸ дейди Озодлик манбаси.

Ўзи Иркутск ўрмонларида меҳнат қилаëтган Муроджон ака¸ кечадан бери Москвада кўча тозаловчи бўлиб ишлаëтган укаси тинимсиз қўнғироқ қилаëтгани ва Россия пойтахтида ўзбекистонлик муҳожирларни ëппасига ушлаш амалиëти бошланганидан огоҳлантираëтганини айтади.

Россия телеканаллари самарқандлик энага хотин - Гулчеҳра Бобоқулованинг ўзи қараëтган 4 яшар боланинг бошини узиб¸ Москва кўчаларида кўтариб юргани акс этган видеони кўрсатмаëтган бўлса-да¸ бу видео Интернет сайтлари орқали тарқаб улгурди ва Россиядаги ўзбекистонликларга нисбатан муносабат бир кеча ўзгарди¸ дейди Муроджон ака.

Муносабат ўзгарганининг биринчи кўриниши¸ суҳбатдошга кўра¸ Россия Федерал хизмати ходимларининг ўзбекларни ким қонуний¸ ким ноқонуний деб ўтирмасдан¸ ëппасига олиб кетаëтгани бўлса¸ бошқаси русларнинг ўзбеклардан қўрқиб қолишида акс этмоқда.

- Бундан кейин ўзбекистонликлар¸ хусусан¸ руслар эшигида энага ва оқсоч бўлиб ишлаб юрганларни териб олиб кетишади¸ руслар ҳам қўрқиб боласини уларга ишонмай қўяди. Шўрлик ўзбекистонликлар яна ишсиз қолади¸ Россиядан депорт бўлади¸ дейди Муроджон ака.

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларни огоҳлантириш мақсадида Озодликка мурожаат қилган Муроджон ака билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG