Линклар

Сундсвал суди Обид қорини отган Жуковскийга умрбод қамоқ тайинлади


Швециянинг Сундсвал шаҳар суди Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдни амалга оширишда айбдор, деб топилган Юрий Жуковскийга умрбод қамоқ жазосини берди.

Суд ҳукми 1 март куни Швеция расмий матбуотида эълон қилинди.

Обид қори Назаровнинг ўғли Довудхон Обидхон ўғли Озодлик билан суҳбатда ҳукмдан қониққанини айтди:

- Жуковскийга қилмишига яраша жазо берилди. Аммо, Жуковский бу жиноятни бир ўзи ижро этмаган. Унинг ортида Ўзбекистон сиёсий режими турибди, деган жуда жиддий даъво бор. Бу жиноятни буюртма қилган шахслар бор ва уларнинг исми маълум. Шу боис, тергов ва суриштирув давом этади, - дейди Довудхон.

Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга чиқарилган 18 йиллик қамоқ жазосидан ҳам ҳимоя томони, ҳам қоралов томони норози бўлиб, аппеляция маҳкамасига шикоят қилган эди.

Швеция прокурори Кристер Петерссон ҳам 18 йиллик жазо бир умрлик қамоқ жазосига ўзгартирилишини талаб қилган. Петерссон айблов хулосасида Ўзбекистон ҳукуматини тўғридан-тўғри айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон ҳукумати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирган.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган. Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада ётибди.

XS
SM
MD
LG