Линклар

OzodJavobнинг навбатдаги сонида нима учун ва қай тартибда фуқароликдан маҳрум қилиниши борасида ўрганамиз. Ўтган йилнинг августидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартибига ўзгартиш киритилган.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга кўра,​

қуйидаги ҳолатларда Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинади:

1) Ўзбекистонлик чет давлат армиясида ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизматига, шунингдек чет давлатда полицияга, адлия органларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органларига ишга кирган тақдирда;

2) Ўзбекистонда доимий пропискадан чиқиб чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқароси беш йил давомида консуллик қайдидан ўтмаса, бу ҳолат уни фуқароликдан чиқариш учун асос бўлиши мумкин. Лекин узрли сабаби бор шахс фуқаролигини йўқотмайди. Консуллик бўлимининг раҳбари Ўзбекистон фуқароси ўз вақтида консуллик ҳисобидан ўтмаганлиги сабаблари узрли ёки узрли эмаслигини вазиятга қараб мустақил баҳолайди.

Бу тартиб Ўзбекистонда доимий пропискадан чиқмасдан, чет элда вақтинча юрган фуқароларга тегишли эмас.

5 йиллик муддат тўғрисидаги қоида 16 ёшга етмаган шахсларга ҳам тааллуқли бўлмайди.

3) Ўзбекистон фуқаролиги ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса;

4) Агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

Фуқароликдан маҳрум қилиш тартиби қандай?

Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш факти "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 31, 32-моддаларига мувофиқ шахс Ўзбекистон ичкарисида доимий қайддан ўтган жойдаги ички ишлар органлари томонидан, чет давлатда доимий истиқомат қилувчилар учун эса консуллик муассасалари томонидан қайд этилади.

Агар шахс хорижда бўлса, Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари фуқарога тегишли материалларни Ташқи ишлар вазирлигига юборади.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматидан шахс борасида хулоса олади ва материалларни Президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга тақдим этади. Комиссия президент қарор қабул қилиши учун таклиф киритади;

Чет давлат фойдасига фаолият юритиш натижасида жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказилгани аниқланган ҳолатда ҳуқуқ-тартибот идоралари Ички ишлар вазирлигига тақдимнома юборади.

Ушбу вазирлик Ташқи ишлар вазирлиги ва МХХ билан ҳамкорликда Президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга материалларни тақдим этади. Комиссия президентга таклиф киритади.

Ўзбекистон Президенти фармони чиққан кундан бошлаб шахснинг фуқаролиги йўқотилган ҳисобланади.

Лекин аввало тегишли идоралар шахснинг ўзига фуқароликни йўқотишига асос бўлувчи сабаблар борасида маълум қилиши лозим. Шундан кейингина уни фуқароликдан чиқариш жараёни бошланиши лозим.

Ўзбекистонда фуқароликдан маҳрум қилиш ҳам фуқароликка кириш ҳам, чиқиш ҳам Президент ваколатидадир.

Хориж давлатида доимий яшаш ҳуқуқини олиб¸ бу давлат фуқаролигини олиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги ариза 1 йил давомида кўриб чиқилади. Лекин аксар ҳолатларда фуқароликдан чиқиш учун ариза бериб, йиллар давомида кутаётганлар сони анчагина.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки OzodlikOnline манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG