Линклар

Тошкент цирки асосчиси Тошкентбоевнинг юбилейини ўтказишга пул топилмади


Ўзбек цирки асосчиси Тошкентбой Эгамбердиев сулоласи

Ўзбек цирки асосчиси Тошкентбой Эгамбердиев сулоласи

Ўзбек цирки асосчиси Тошкентбой Эгамбердиевнинг 150 йиллиги ва Тошкент циркининг 100 йиллик тўйи пул ажратилмагани боис нишонланмайдиган бўлди. 3 март ўзбек цирки асосчиларидан бири 1963 йил оламдан ўтган Тошкентбой ҳожи Эгамбердиевнинг таваллуд куни ва айни пайтда Тошкент циркига асос солинган кундир.

Тошкент цирки раҳбарларидан бири Рустам Хаметовнинг Озодликка айтишича, бу тарихий икки сана нишонланмайди:

- Пул ажратилмади¸ бўлмаса режада бор эди. Ҳозир циркда Тошкенбоевлардан ҳеч ким йўқ. Бу сулоланинг сўнгги вакиллари ҳам биздан бўшаб кетди. Ҳозир фақат Зариповлар сулоласи ишлаяпти, - дейди суҳбатдош.

Шу кунларда Тошкентдаги цирк биносида мунтазам ўзбек цирки артистларининг дастури намойиш қилинмаяпти.

Цирк биноси Ëқутистондан келган труппага вақтинча ижрага берилган. Цирк артистлари шароит йўқлиги ва ойликлар озлигидан шикоят қилишади.

Тошкент циркидаги ночор аҳвол боис, ўтган йили Россиянинг афсонавий "Юрий Никулин” номидаги цирки Тошкент шаҳрига гастрол сафарини бекор қилган эди.

Тошкент циркида 11 йил ишлаган чавандоз Михаил Калисломовнинг айтишича¸ циркдаги ҳолат тўқсонинчи йиллардагидан яхшироқ:

- Тўқсонинчи йилларда отларга ем топа олмаганмиз¸ ҳайвонлар очликдан инграган. Ҳозир энди цирк ўз биносини ижарага бериб бўлса ҳам муаммоларни ечяпти. Лекин давлат ҳам кўмак бериши керак. Тошкентбоев каби афсонавий устознинг юбилейига пул топилмагани мени ачинтирди¸ - дейди айни циркда 11 йил ишлаган ва ҳозирда Германияда яшаëтган Михаил Калисломов.

Чавандоз Михаил Калисломов

Чавандоз Михаил Калисломов

​Суҳбатдошга кўра¸ ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Тошкент давлат цирки биноси қад ростлаган. Бу ерда ҳозирги кунгача нафақат маҳаллий, балки кўплаб хорижий мамлакатлар цирклари ҳам ўз томошаларини намойиш этиб келяпти.

Михаил Калисломовнинг таъкидлашича, “Ўзбекдавлатцирк” бирлашмаси ташкил этилгандан сўнг асосий эътибор ўзбек цирки миллийлигини таъминлашга қаратилган:

- Бироқ бу борада бир қанча муаммолар бор. Миллий кадрлар етишмаслиги ўзбек халқи анъаналарини цирк орқали кенгроқ тарғиб этишга тўсқинлик қилмоқда. Цирк артистлиги тор мутахассислик бўлгани учун маҳаллий миллат вакиллари орасида соҳага қизиқувчилар кам. Борлари ҳам иқтисодий аҳволни рўкач қилиб, циркни ташлаб кетиш ҳолатлари учраб туради¸ - дейди суҳбатдош.

Калисломовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда цирк чипталари баҳоси бошқа мамлакатларга қараганда анча арзон:

- Ҳайвонлар иштирокидаги цирклар томоша кўрсатганда чипталар бироз қимматлашади. Чунки ҳайвонларни боқиш катта харажат талаб этади. Бугунги қийинчиликларга қарамасдан мен ўзбек циркининг эртаси бор, бу ижодий жамоанинг истиқболи порлоқ деб биламан, - дейди суҳбатдош.

Ҳожи дорбоз бошлаган юз йиллик томоша

Илк цирк томошалари 1914 йилда Самарқанд ва Тошкентда кўрсатилгани айтилсада, турғун цирк томошасининг илк тақдимоти 1916 йилда бўлгани айтилади.

1942 йилда Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган бир пайтда собиқ СССРда биринчи бўлиб Тошкентда миллий цирк жамоаси тузилган.

Бу цирк томошалари Тошкентбой Эгамбердиев труппаси асосида тузилган.

1866 йилнинг 3 мартида Андижоннинг Асака туманида туғилган Тошкентбой Эгамбердиев ўспирин пайтида отасига эргашиб, Ҳажга борган ва Мадина шаҳрида дорбозларга шогирд тушган.

Шу боис, у халқ орасида Ҳожи дорбоз деб ном чиқарган. Ҳожи дорбоз арқон ўрнига сим тортгани учун симбоз, деган исмга ҳам нойил бўлган.

Тошкентбой Эгамбердиев 1908 йилда Туркистон ўлкасининг энг машҳур дорбозига айланиб олтин медал билан тадирланди.

1909 йилда Бухоро амирининг ўзи унга зарбоф чопон ëпиб олтин тангалар билан сийлагани айтилади.

1916 йилда Тошкентбой Эгамбердиев ўзининг Қодиржон¸ Шокиржон ва Обиджон исмли ўғиллари билан Ўзбекистон бўйлаб мунтазам томошалар бера бошлайди.

1935 йилда санъаткор Ленинград циркига таклиф қилинади.

1937 йилда Тошкентбой Эгамбердиевга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилади.

То саксон ëшга киргунича Тошкентбой Эгамбердиев дордан тушмайди. 1956 йилгача Тошкент циркига раҳбарлик қилади.

Ҳожи дорбоз сифатида танилган санъаткор 1963 йили 97 ëшида оламдан ўтади.

Асакадаги истироҳат боғига Тошкентбой Эгамбердиев номи берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG