Линклар

Кўзлар бироз гўзаллик кўрсин

  • Сарвар Усмон

Ўзбек рассоми Ғофур Қодировнинг "Келин" асари (фрагмент)

Ўзбек рассоми Ғофур Қодировнинг "Келин" асари (фрагмент)

Кеча кечқурун хо(ти)нимимдан бир нарса сўрамоқчи бўлдиму кўзим унинг туркча сериалига тушди:

Экрандаги қиз, эгнидаги келин кўйлагини ёнидаги аёлга кўз-кўзларкан, “Истанбулдаги энг гўзал келин бўлажам”, деди.

Аёл (онасидир, холаси ё аммасидир) “Бўл”, деди. Кейин мана бундай деди: “Gozler biraz guzellik gorsun”.

- Нима деди, деб сўрадим сериал кўравериб туркчаси мукаммал бўпқолган хо(ти)нимимдан,- кўзлар бироз гўзаллик кўрсин, дедими?

- Ҳа, деди хо(ти)нимим, ҳалақит бераётганим – сериалини бўлаётганим - учун ичида келган ғашини ташига чиқармай.

- Яхши гап экан, дедим, чиройли гап экан.

- Туркларда кўп бунақа чиройли гаплар, деди.

Завқим жўшди. Қон босимим ошди. Тилим такрор-такрор айтаверди:

Кўзлар бироз гўзаллик кўрсин

Кўзлар бироз гўзаллик кўрсин

Кўзлар бироз гўзаллик кўрсин...

Хо(ти)нимимдан нима сўрамоқчи бўлганим ҳам эсимдан чиқиб қолди.

Кейин бошим ёстиқда, ўйлаб ётдим:

қизиқ, ҳаммаси таниш сўзлар – кўзлар, бироз, гўзаллик, кўрсин.

Лекин мен умримнинг ярмида сўз билан ишлабману, бирон марта ҳам бу сўзларни турклар тизган тартибда тизмабман, “кўзлар бироз гўзаллик кўрсин”, демабман.

Яна ўйладим. Қарасам, бундай гапни биронта бошқа миллатдошимдан ҳам эшитмабман, биронта ўзбекча матндан ўқимабман.

Хўш, ўзбек учун гўзаллик қадрият эмасми? Билмадим...

Лекин бошқа нарсани аниқ биламан: ўзбек учун одоб мутлақ қадрият.

“Ўзбекона одоб” аталмиш бу қадрият ўта шафқатсиз ҳодиса. Кейинги йилларда бу ҳодисанинг талаблари ўқлари асосан қизларга, аёлларга бориб тегаяпти.

“Рўмолни шундоқ ўраки, томоғинг кўриниб турсин, ўзбекона одоб шуни тақозо этади”.

“Ўзбекона одоб”нинг давлат белгилаб берган бу критерийлари замирида мислсиз одобсизлик ётгани билан бировнинг иши йўқ.

Уч-тўрт кундан бери бошқа бир жанжал. Бир қўшиқчи жувон томоғи “сағал” кенгроқ очилган кўйлакда суратга тушиб қўйган экан, “ўзбекона одоб”дан гап сўқиш навбати жамоатчиликка кўчди.

“Ўзбекона одоб”нинг жамият белгилаб олган бу критерийлари замирида мислсиз одобсизлик ётгани билан бировнинг иши йўқ.

Танқидчиларнинг биронтаси ҳам ўзига ўзи: “кечагина Энг Катта Қиз киндик декольте билан саҳнада сўлқиллаб юрганида миқ этолмаган эдим, энди ҳам тилимни қисай”, демайди.

Томоғи кенгроқ очилган қўшиқчи билан боғлиқ жанжал шу кунда авжида. Ишга давлат идораси аралашиши, қўшиқчини хиргойи қилиш ҳуқуқидан мосуво қилиши ҳам мумкин.

Ахир яқиндагина куракларини кўрсатгани учун бошқа бир жувоннинг овозини ўчиришган эдику, эсингиздами?

Балки миллат бироз шаштидан қайтар?

Дунёдаги энг одобли миллатмиз, деган иддаодан воз кечар?

Ахир одобсизлик эмасми бу?

Балки ҳаммамиз онда-сонда “кўзлар бироз гўзаллик кўрсин”, дермиз?

Майли, кимдир гўзалликни аёл томоғининг рўмол билан ёпилганида кўрсин.

Майли, кимдир гўзалликни аёл томоғининг рўмол билан ёпилмаганида кўрсин...

Нима бўлса ҳам, Кўзлар Бироз Гўзаллик Кўрсин!

Ҳа, айтганча, юқорида мен “хо(ти)ним”, деб ёзиб бошингизни қотирдим.

Турклар хотинини хонимим, дейди.

Биз хонимимизни хотиним, деймиз.

Орадаги фарқ сезилмайдигандай.

Лекин фарқ, менимча, улкан.

Ишонмасангиз, бирон марта “Хотин!”, деб эмас, “Хоним”, деб чақириб кўринг...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG