Линклар

logo-print

Трамп ва Клинтон "Суперсешанба"да лидерликни сақлаб қола олди


2016 йилнинг 1 марти сешанбага тўғри келди ва бу кун АҚШда “суперсешанба”, деб аталди. Чунки айнан шу куни мамлакат президенти лавозими учун бирламчи сайловлар бирданига 12 та штатда, шу жумладан Техас ва Жоржия каби улкан штатларда бўлиб ўтди.

Бундан олдинги сайлов кампаниялари тажрибасига таяниб фикр билдирган таҳлилчиларга кўра, “суперсешанба” натижалари жорий йил ноябрида ўтадиган сайловда президентликка айнан кимлар даъвогар бўлишини аниқлаб беради.

“Суперсешанба”нинг дастлабки натижаларига қараганда, АҚШ президенти лавозимига номзодликка даъвогарлар орасида Республикачилар партиясидан Дональд Трамп ҳамда Демократлар партиясидан Хиллари Клинтонлар сайловолди пойгасида илғорликни қўлга киритган.

Сенатор Трамп 6 та штатда ўтказилган бирламчи сайловда ғолибликни қўлга киритди.

АҚШ собиқ Давлат котиби Клинтон эса, 7 та штатда ютди.

Номзодликка бошқа даъвогарлар эса, қуйидагича натижаларга эришди.

Дональд Трампнинг асосий рақиби сифатида бўй кўрсатган техаслик республикачи сенатор Тед Круз ўз штати ва Оклахомада энг кўп овоз олди.

Бошқа бир республикачи даъвогар, Флорида штатидан сайланган сенатор Марко Рубио Миннесота штатида ўзининг биринчи ғалабасига эришди.

Сенатор Берни Сандерс Хиллари Клинтон учун асосий рақибдир. У ўзининг Вермонт штатида, шунингдек, Колорадо, Миннесота ва Оклахома штатларида ғалабани қўлга киритди.

“Суперсешанба” куни бирламчи сайловлар ва партияларнинг “кокус”, деб аталадиган йиғилишлари 12 та штатда ўтказилди. Бу анжуманлар натижаларидан келиб чиқиб Республикачилар ва Демократлар партияларининг Бутунамерика қурултойларига делегатлар сайланади. АҚШ президенти лавозимига айнан кимларнинг номзоди кўрсатилиши ана ўша қурултойларда маълум бўлади.

XS
SM
MD
LG