Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:40

Олтиариқлик 11 йигитни ҳизбчи деб, қора ниқоблилар олиб кетди


Олтиариқлик йигитларнинг ҳозирда қаерда ҳибсда ушлаб турилгани маълум эмас.
Олтиариқлик йигитларнинг ҳозирда қаерда ҳибсда ушлаб турилгани маълум эмас.

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўн бир нафар йигит диний айбловлар билан ҳибсга олинди. Олтиариқдан олинган маълумотга кўра, бир пайтнинг ўзида ўн бир йигитнинг уйларида рейд ўтказилган ва барча йигитлар бошига қоп кийгизилган ҳолда олиб кетилган. Ушланганларга Ҳизбут Таҳрир гуруҳига алоқадорлик айблови қўйилгани айтилаяпти.

Олтиариқда 16 февраль кун ўтган рейдлар ва ҳибслар ҳақида Озодликка 2 март куни маълум бўлди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор олтиариқлик манбанинг айтишича, қора ниқоблилар рейди натижасида 11 йигит бир куннинг ўзида ҳибсга олинган:

Қора кийимдаги ниқобли одамлаб келишган. Йигитларнинг уйлари жуда қаттиқ тинтув қилинган. Одамларни қўрқувга солиш учун ҳамма хонадонни тонг саҳарда босишган. Эрталаб соат 6 да, ҳамма бомдод намозини ўқиш учун масжидга чиққан пайтда келишган. Тинтув соат 6 да бошланиб, соат 15 гача давом этган. Йигитларни хавфли жиноятчиларни қўлга олгандек, бошларига қоп кийдириб олиб кетишган”, дея хабар қилди тафсилотлардан хабардор манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Олтиариқдан олинган маълумотга кўра, ҳибсга олинган 11 йигит Олтиариқнинг Тинчлик шаҳарчаси, Полосон қишлоғи, Чўрак қишлоғи ва Чинор таги маҳалларида яшовчи фуқаролардир.

Ушланганларнинг энг ёши 25 ёшда, ёши каттаси эса 34 даги йигитлардир.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ҳибсга олинганлардан икки нафари Тинчлик (собиқ Ҳамза) шаҳарчаси Рўдакий кўчасида яшовчи йигитлардир. Улардан бири Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси, 29 яшар Ҳусанбой Каримов бўлиб, унинг эгизаги Ҳасанбой Каримов ҳам ўтган йили диний айбловлар билан ҳибсга олиниб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ҳасан-Ҳусан Каримовларнинг қўшниси 25 яшар Нодирбек Ибрагимов ҳам нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси бўлиб, у ҳам 16 февраль кунги рейд давомида ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба берган маълумотларга кўра, рейд давомида Полосон қишлоғида яшовчи тадбиркор, 33 яшар Баҳром Тошпўлатов ҳам ҳибсга олинган.

Манбанинг Озодликка айтишича, ушланган 11 йигитнинг барчасига Ҳизбут Таҳрир гуруҳига алоқадорлик айблови қўйилган.

Ҳибсга олинган йигитларнинг ҳозирда қаерда ушлаб турилгани Озодликка номаълум. Ушланганларнинг яқинлари ҳам бу борада бирор маълумотга эга эмасликларини айтишаяпти.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда диний айбловлар билан сўроққа тутиш ва ҳибсга олиш ҳолатлари кўпайгани кузатилаяпти.

Хусусан олтиариқлик йигитлар ҳибсга олинган куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди пойтахтнинг Чилонзор туманида яшовчи 4 нафар диндор устидан маҳкама жараёнини бошлади. Бу диндорлар “Салафийлар” диний оқимига мансубликда айбланиб, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан 2015 йилнинг 20 июлида ҳибсга олинган.

2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Тошкент вилояти ҳамда шаҳрида 200дан ортиқ одамнинг ҳибсга олингани инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан хабар қилинган.

Бундан ташқари, яна ўнлаб одам Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон ИИВ фаоллар тарқатган бу хабарларни қисман тасдиқлаган, аммо бу борада аниқ рақамларни маълум қилмаган.

XS
SM
MD
LG