Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:18

АҚШдаги оммавий қотиллик қурбонлари орасида қозоғистонлик 2 бола бўлган


Қозоғистон расмийлари ўтган ҳафтада АҚШнинг Вашингтон штатида рўй берган оммавий қотиллик қурбони бўлган икки ўсмир асли қозоғистонлик бўлиб, АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинганини тасдиқлашди.

29 февраль куни Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги икки ўсмир – 18 ёшли Тимур Тори Карлсон ҳамда 16 ёшли Дамир Куин Карлсон – Қозоғистон шимолидаги Оқмўла вилоятида туғилганини, 2002 йил уларни америкалик эр-хотин асраб олганини билдирди.

Асл исми Тимур Даниярович Коктиев ҳамда Дамир Дулатович Абдраҳманов бўлган икки ўсмир Шучинск шаҳридаги болалар уйидан асраб олинган.

Остонадаги расмийлар ўсмирлар Қозоғистон фуқаролигини сақлаб қолганини ёки АҚШ фуқаролигини олганини аниқлашга уринмоқда. Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмени “келажакда фуқароларимиз бошига бунга ўхшаш фожеа тушишининг олдини олиш учун” мазкур ҳолат яқиндан кўриб чиқилиши кераклигини билдирди.

Икки ўсмир 51 ёшга тўлган Девид Уэйн Кэмпбелл 25 февраль куни Белфер шаҳрида жойлашган уйи яқинида отиб ўлдирган тўрт шахс орасида бўлган.

Кэмпбелл яна 49 ёшли аёли Лана Карлсонни ҳам ўлдирган. Хабарларга кўра, Карлсон аввалги турмуш ўртоғи билан қозоғистонлик болаларни боқиб олган. Кэмпбелл яна қўшнисини ҳам отиб ўлдирган. Кейинроқ полиция билан тўқнашув пайтида Кэмпбелл бошига ўқ узиб ўзини ҳам ўлдирган.

Аввалроқ икки ўсмир Россияда асраб олингани хабар қилинган эди. Россия 2012 йил АҚШ фуқаролари томонидан рус болаларининг боқиб олинишини ман қилган. Россия ҳукуматининг бу ҳаракати иқтисодий санкцияларга жавоб ўлароқ кўрилган эди.

Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсмени Павел Астахов 28 февраль куни “Вашингтон хорижда асраб олинган барча болаларни рўйхатга олиш учун умумий тизим яратиш бўйича Москва илтимосини рад этгани учун” болаларнинг фуқаролигини аниқлаш осон кечамётганини билдирди.

XS
SM
MD
LG