Линклар

Бомба ортилган машина Ҳиндистоннинг Афғонистондаги консуллиги олдида портлатилди


Афғонистон шарқидаги Жалолобод шаҳрининг дипломатик маҳкамалар жойлашган қисмида 2 март куни худкушлик ҳужуми уюштирилди. Ҳужум ортидан портлашлар ҳамда отишма овози эшитилди.

Озодликнинг Жалолободдаги мухбирининг хабар беришича, ҳужумчи портловчи моддаларга тўлдирилган автомобилни маҳаллий вақт билан соат 12:00 ларда Ҳиндистон консуллиги олдида портлатиб юборган.

Илк портлашдан кейин бошқа жангарилар консулликни ишғол қилишга уринган.

Озодлик мухбири хавфсизлик кучлари билан бўлиб ўтган тўқнашув ўз якунига етганидан кейин консуллик ташқарисида тўрт жангарининг ўлигини кўрганини хабар қилди.

Нангарҳор вилояти губернаторининг матбуот котиби Озодлик радиоси саволларига жавобан, худкушлик ҳужуми амалга оширилганини, илк портлаш натижасида камида беш одам жароҳатланганини тасдиқлади.

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Викас Сваруп консулликка ҳужум қилинганини, лекин ҳамма соғ-саломат эканлигини билдирди. Консуллик шаҳарнинг бошқа дипломатик офислар ўрин олган қисмида жойлашган.

Ҳозирча ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳужум содир этилган ҳудудда толиблар ҳам, “Исломий давлат” жангарилари ҳам кўпдир.

Кейинги йил давомида Нангарҳор вилоятида “Исломий давлат” жангариларининг сони кўпайиб, улар толиблар билан тўқнашиб келади.

Вилоят пойтахти бўлмиш Жалолобод шаҳрининг дипломатик идоралар жойлашган мавзесида кейинги ойларда бир неча марта турли ҳужумлар амалга оширилди.

Январь ойида “Исломий давлат” жангарилари Жалолободда Покистон консуллигига уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олди. Бу жангариларнинг шаҳардаги илк ҳужуми бўлди.

Ҳиндистон Афғонистонда толиблар тузумини ағдаришга кўмаклашган. Ҳиндистон Афғонистонга гуманитар ёрдам берувчи ҳудуддаги энг йирик мамлакатлардан биридир.

Аммо Делининг Афғонистондаги фаолияти Исломободга хуш келмайди. Покистон Ҳиндистон разведка хизматини Покистонни кучсизлантиришга уринишда айблаб келади.

2008 йилнинг июлида Ҳиндистоннинг Қобулдаги элчихонасига худкуш ҳужуми уюштирилган, натижада 58 нафар одам ҳалок бўлган эди.

Ўшанда АҚШ разведкаси расмийлари ҳужумда Покистон разведкасининг қўли борлигини билдирган эди. Покистон эса бу айбловни рад этиб келади.

2 март куни АҚШ армияси генерали Жон Николсон Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги коалициянинг етакчиси этиб тайинланди.

Коалицияга Николсондан авал генерал Кэмпбелл етакчилик қилган эди. Генерал Кэмпбелл журналистлар билан суҳбатда Афғонистонда қилиниши керак иш ҳали кўп эканлигини билдирди.

Кэмпбелл Афғонистонда хавфсизлик хизмати анча яхшиланганини, лекин ҳалиям НАТО ёрдамига муҳтож эканлигини қўшимча қилди.

Ўтган ҳафтада Қобулда учрашган Афғонистон, Хитой, АҚШ жамда Покистон расмийлари март ойининг илк ҳафтасида толиблар ҳамда Афғонистон ҳукумати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланишини билдиришди.

Аммо бу эълон ортидан толиблар Афғонистон бўйлаб ҳужумларини жадаллаштирди. Натижада президент Ашраф Ғани ўз ҳукумати бегуноҳ фуқароларни ўлдирувчи экстремистлар билан музокара олиб бормаслигини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG