Линклар

Москвада 4 яшар қизчани ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган Гулчеҳра Бобоқулованинг тўнғич ўғли Ўзбекистонда ҳибсга олингани айтилмоқда. Бобоқулованинг отаси Баҳриддин Тўраев Россиянинг Газета.ру Интернет нашрига берган интервьюсида қизи бундан бир ой аввалроқ Самарқанддан Москвага учиб кетганини гапириб берди. Ота ҳам қизининг кўп йиллардан бери руҳий касаллик билан диспансер рўйхатида бўлганини тасдиқлади.


Баҳриддин Тўраевнинг Газета.ру нашрига айтишича, қизи бундан аввал ҳеч қачон намоз ёки Қуръон ўқимаган, масжидга қатнамаган. 62 ёшли Тўраевнинг билдиришича, 29 февраль кунги воқеа ортидан Бобоқулованинг тўнғич ўғли 19 яшар Раҳматилло Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, Раҳматилло ўтган йилнинг ноябрь ойигача Москвада яшаган.

Душанба куни Москвада 4 яшар қизчанинг танасидан жудо қилинган бошини кўтарган ҳолда метро бекати ёнида қўлга олинган Бобоқулованинг отасига кўра, у ноябрь ойида Ўзбекистонга паспортини алмаштириш мақсадида қайтиб борган:

“Унинг кетишини истамаган эдик, кетма, шу ердан ҳам иш топасан, деб қайтармоқчи бўлдик. Лекин Гулчеҳра оёғини тираб туриб олди. Бу ерда зерикишини, у ерда эса “қизчаси” борлигини айтар эди. Москвада энагалик қилган қизчанинг расмини бизга кўрсатиб, уни соғинишини айтар эди. У 23 январь куни Москвага учиб кетди, ўзим Самарқанддан кузатиб қўйдим. Ундан аввал эса, икки ойча бизникида онаси билан яшади”, дея билдирди Тўраев Газета.ру мухбири Елизавета Маетнаяга берган интервьюсида.

Унинг яна айтишича, Бобоқулованинг 19 яшар тўнғич ўғли воқеа рўй берган куниёқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан ҳибсга олинган:

“У Москвада бир оилада яшаган. Раҳматилло Москвадаги бозорда ишлаган пайтда у билан уч мартагина учрашишган холос, чунки улар бир-бирларидан узоқ жойларда яшашган. Раҳматилло ноябрь охирида Москвадан учиб келди ва қайтиб кетиш нияти йўқ эди. Уни душанба куни кечқурун ҳибсга олишиб, қаергадир олиб кетишди. Ҳозир қаердалигини, унга нима бўлганини билмаймиз, бизга ҳеч нарса айтишмаяпти”, дея иқтибос келтирди Газета.ру нашри.

Баҳриддин Тўраев қизи Гулчеҳра 2002 йилда руҳий касллик билан оғриб касалхонага ётқизилганини ҳам гапириб берган:

“2002 йилда бўлди бу. Қандайдир ғалати гапларни гапира бошлади, овозларни эшитаётганини айтди, қулоғига гап кирмасди. Қандайдир агрессия пайдо бўлди. У ерга борма, десам, қайсарлик қилиб, йўлидан қолмасди. Юпатсам, “ота қўрқиб кетяпман”, деб такрорларди. Шундан кейин касалхонага олиб бордик, у ерда 13 кун ётиб чиқди”, дея билдирган Бобоқулованинг отаси Газета.ру нашрига.

Газета.ру мухбири Елизавета Маетная ўз мақоласида ёзишича, Самарқанд вилояти руҳий касалликлар клиникасида Бобоқулова 2002 йилда даволанганини тасдиқлаган.

Гулчеҳра Бобоқулова 29 февраль куни Москванинг “Октябрьское поле” метро бекати ёнида қўлида кесиб олинган қизчанинг бошини кўтариб юрган пайтда қўлга олинди. Маълум бўлишича, у ўлдирилган қизчанинг энагаси бўлиб ишлаган. Терговчиларнинг гумон қилишича, асли самарқандлик аёл қизчани ўлдириб, бошини кесиб олган. Шундан сўнг у изларни йўқотиш мақсадида квартирага ўт қўйган ва воқеа жойидан кетиб қолган.

Чоршанба куни судга олиб келинган Бобоқулова ўзи энагалик қилган 4 яшар қизчани ўлдирганини тан олди. Журналистларнинг “нега ундай қилдингиз”, деган саволига “Аллоҳ буюрди”, дея жавоб қайтарди у.

2 март куни Москва шаҳар Пресна тумани суди қарорига кўра, Бобоқулова икки ойга ҳибсга олинди.

3 март куни Бобоқулова сўроқ-савол қилинаётгани тасвирланган навбатдаги видео пайдо бўлди. Унда ўзбекистонлик аёл ўз ҳаракатларини Сурияни “бомбалаётган Путиндан қасос олиш” билан изоҳлади. Журналистнинг “болада нима айб”, деган саволига Бобоқулова:

- Қасос олдим. Ким қон тўккан бўлса, ўшандан қасос олдим. Путин қон тўкяптию, самолётлардан бомбалаяптию. Нима учун мусулмонларни бомбалаяпсизу, ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти? Улар ҳам яшашни истайдику. Қаранг кичкина-кичкина болалар ўлиб кетяпти. Ҳа, шунинг учун қасос олдим,- дейди Бобоқулова йиғламсираб.

Бобоқулованинг бу сўзлари Россия матбуотининг асосий мавзусига айланди. Пайшанба куни Россия расмийлари бунга муносабат билдирди.

Россия Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин бу сўзлардан шов-шув ясамасликка чақирди. Чунки, деди расмий, “шизофрения диагнози қўйилган одамнинг жиноят содир этилаётган пайтдаги мотивлари, у кейинроқ берган изоҳларига, одатда тўғри келмайди”.

Кремль матбуот вакили Дмитрий Песков эса, гап “мутлақо лаёқатсиз аёл” ҳақида кетаётганини инобатга олиб, унинг сўзларига ҳам тегишли тарзда муносабатда бўлишга чақирди.

Материал Газета.ру мухбири Елизавета Маетная
ёрдамида тайёрланди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG