Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:57

Қозон изоляторидаги ўзбеклар "эгасиз" қолган


Россиянинг Қозон шаҳрида жойлашган Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш маркази (СУВСИГ)дан Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари маҳаллий диаспора ва элчихона томонидан беэътибор қолаётганидан шикоят қилди.

Бир неча ойдан буён депортация қилинишини кутиб ётган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга чиқиб кетиш учун ҳужжатларнинг бунчалик узоқ вақт тайёрланиши сабабларини била олмай ҳайрон.

Қозон шаҳрининг Эш Урам, 8 манзили бўйича Татаристонда энг йирик Хориж фуқароларини сақлаш маркази жойлашган.

Ўзини Муҳаммаджон деб таништирган Ўзбекистон фуқароси мутассадди ходимларга “Нима учун тожик ва қирғиз муҳожирлари ўзбеклардан тезроқ жўнатилаяпти?” саволи борлиги билдирди:

- Масала шундаки, Тожикистон, Қирғизистон посольстваси келяпти – улар кетяпти, лекин Ўзбекистон паспорт столи вакили келмаяпти. Мен ўзи 50 кун бўлди бу ерга тушганимга. Бу ерда 70 ортиқ ўзбек ётибди. Кўпчилигида паспорти, бошқа ҳужжатлари бор, лекин кета олмаяпти. Ўзбек диаспораси вакилларига мурожаат қилсак, “эртага-индинга” қилиб, қулоққа лағмон осаяпти. Кўпчилик 2-3 ой ўтирибди, 4 ой ўтирган ҳам бор. Бу ерда болларнинг тоқати тоғ бўлди, деди кўпчилик фикрини телефон орқали билдирган Муҳаммаджон ака.

Суҳбатдош қўшни республикалик муҳожирлар ўз элчихонаси ва диаспораси ёрдамида 15-20 кунда юртига жўнатилаётганини айтди. У буни кўриб турган ўзбекистонликлар орасида Ўзбекистон ваколатхонаси ишидан қаттиқ норозиликлар юзага келди, дейди.

Россияга водийдан келиб, миграция идораси кўлига тушган яна бир ёшроқ суҳбатдошимизнинг исми Раҳмонберди. Бу йигит ҳам СУВСИГда сақланаётган ўзбеклар ўз ҳукумати ва Қозонда яшаётган диаспора вакиллари томонидан мутлақо эътиборсиз қолганидан хафа бўлаётганини айтади.

- Биз диаспора айби билан ўтирганимиз йўқ. Ўз айбимиз билан ўтирганимизни ҳам тан оламиз. Бу ерда Украина, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари билан ётамиз. Жами марказда 200 яқин одам бўлса, шуни қарийб 50 фоизи ўзбек, чунки Ўзбекистонга охирги маротаба бир ой олдин юборилган. Ўшанда ҳам кимдир 5, кимдир 6-8 ойларда кетган. Бир ой олдин диаспора вакиллари келган, лекин “Фуқароларимиз бор шу ерда!”, деб келмаган эди – бу ерда оз-моз жанжал бўлганидан кейин чақиртирилди. “Шошилишим керак!”, деб кетворди. Ҳаммада саволлар жавобсиз қолди! Бошқа диаспора вакиллари икки кунда бир шу ерда! Ўзбек диаспорасидан натижа бўлмагандан кейин ..., деди Раҳмонберди.

Муҳожирнинг айтишича, Қозондаги ўзбек диаспораси вакиллари “эрта-индин” билан боқиб келаётгани ўзбекистонликларга оғир ботмоқда.

Раҳмонбердига кўра¸ изоляторда бир қанча ўзбекистонлик болалик ва боласиз аёллар ҳам сақланмоқда:

- Охирги маротаба келганида “Нима, менинг айбим билан ўтирибсанларми?” деган қўпол гаплар ҳам бўлди. Пастда иккита болалик ва 6-7та боласиз аёллар бор. Бироз тушкунликка тушган одамларни қўллаб-қувватлаш деган нарсалар бор, ахир. Авваламбор, талабимиз тезроқ кетиш. Тўғри, одамларимиз сони кўплиги боис биз жичча кутишга мажбурмиз, кутамиз. Шу диаспора вакилларимиз келиб бироз далда бўлиб турсин. Бошқа ҳеч нарса керак эмас, деди ўзбекистонлик муҳожир.

Қозон шаҳар СУВСИГидаги ўзбекистонликлар билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:03 0:00
Бевосита линк

Озодлик Қозон СУВСИГи раҳбари Руслан Садреев билан ўзбек муҳожирлари шикояти юзасидан суҳбатлашиб кўрди. Изолятор бошлиғи “ҳужжатлар жойида бўлса¸ муаммо йўқ”, деган жавоб берди:

- Агарда бирор ҳужжати жойида бўлмаса, уни расмийлаштириш кераклиги муаммо бўлиб турибди. Ҳамма ҳужжати жойида бўлса уларни бир ойдан ортиқ ҳеч ким ушлаб турмайди. Одатда, ҳужжати йўқ ёки суд қарори устидан арз қилганларни сақлаш муддати чўзилади. Ўзбекистон масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ, бўлмаган. Ҳозир ўзбек миллий автономияси раҳбари Москвада чиқиш сертификатларини олиб келишга кетган, деди Руслан Рафаэлевич Садреев.

Россиянинг бошқа минталақалида жойлашган кўплаб Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказларида ҳам Ўзбекистонга жўнатиш билан муаммолар вужудга келиб тургани тўғрисида олдинроқ ҳам хабар берилган эди.

XS
SM
MD
LG