Линклар

Россия судлаётган украин учувчиси яна очлик эълон қилди


Надежда Савченко суд жараёнида.

Надежда Савченко суд жараёнида.

Россия томонидан суд қилинаётган украиналик учувчи Надежда Савченко пайшанба куни тўртинчи маротаба очлик эълон қилди.

3 март куни Донецк шаҳар судида ўтган жараёнда судья Надежда Савченкога сўнгги сўз бермади ва суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилди. Навбатдаги жараён 9 март куни бўлиб ўтади.

Чоршанба кунги жараёнда прокурор суддан Савченконини 23 йиллик қамоқ жазоси ва 100 минг рубль жаримага тортишни илтимос қилган эди.

Савченконинг яқинлари унинг судда сўзлаши кутилаётган нутқини матбуотда эълон қилди. Нутқ матнида Савченко ўзига билдирилган айбловни, судни ва суд чиқарадиган ҳукмни тан олмаслигини айтган.

Савченко, шунингдек, суд ҳукм чиқарганидан сўнг ҳам очликни 10 кун давомида давом эттиришини ёзган. “Шундан сўнг Россия мени ўғирлаб келишган Украинага қайтариш учун 10 кунлик муддатга эга бўлади”, деб ёзади Савченко.

Савченко Россия ҳудудига ноқонуний кириш ва 2014 йилда Украина шарқида икки россиялик журналистнинг ўлдирилишига алоқадорликда айбланмоқда. Учувчи айбловни инкор қилиб келади.

Учувчининг адвокатлари эса журналистлар ўлдирилган кезда Савченко россияпараст сепаратчи гуруҳлар қўлида ҳибсда бўлгани ва айнан улар томонидан Россияга олиб ўтилганини тасдиқловчи далиллар борлигини айтмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва Ғарб ҳукуматлари учувчини озод қилиш бўйича Киев сўровини қувватлашини билдирган.

34 яшар учувчи аёл аянчли тақдири ва Россия қамоқхонасидаги матонати учун Украинада миллий қаҳрамонга айланган.

XS
SM
MD
LG