Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:25

Тилла заводида ўғирлик, 32 минг доллар пора ва селфомания


Икки юздан ошиқ машинани сохта ҳужжат билан пуллаган гуруҳ фош қилинди. Бухорода коллеж директори бир мавсумда 32 минг доллар пора олди. Оролбўйидаги қирққа яқин дарранда ва парранда йўқолиш хавфи остида. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Бухоролик коллеж директори бир мавсумда 32 минг доллар пора олди”

Бухоро вилояти Қоракўл тумани тиббиёт коллежи директори лавозимида ишлаган аёл имтиҳон мавсумида жами 32 минг АҚШ доллари миқдорида пора олди (“Ҳуқуқ”, 3 март).

2005 йилдан коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаган аёл 2015 йил апрелда директорликка тайинланган. Қайд этилишича, раҳбарлик курсисига ўтирган аёл тез айниган.

Шу коллежда ишлайдиган эри хотини нафснинг ҳийласига учаётганини билиб турса-да, уни йўлдан қайтариш ўрнига жиноий шерик бўлган. Исми ошкор этилмаган директор пора олган шахсларнинг номларини дафтарчасига ёзиб борган. Судланувчиларга тегишли жазо тайинланган.

“Электрни огоҳлантиришсиз узиб қўйган электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари жаримага тортилди”

Тошкентнинг вилоятининг Чиноз, Бўстонлиқ, Бўка, Оҳангарон, Зангиота, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон туманларида аҳоли огоҳлантиришсиз электр таъминотидан узиб қўйилди (“Biznes Daily”, 2 март).

Мазкур ҳолатлар Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси текширувида аниқланган. Қонун бузилишлари юзасидан Тошкент ҳудудий электр тармоқлари жамиятига нисбатан иш қўзғатилган.

Бўстонлиқ, Бўка, Чиноз ва Ўрта Чирчиқ туман электр корхоналари раҳбарларига нисбатан эса маъмурий жарима қўлланилган.

“Ўзбекистонда 200 дан ошиқ машинани сохта ҳужжат билан пуллаган жиноий гуруҳ фош қилинди”

Ўзбекистонга Қирғизистондан ноқонуний йўл билан автомашина олиб кириб, уларни сохта ҳужжатлар билан маҳаллий бозорда пуллаган жиноий гуруҳ фош қилинди (“Даракчи”, 3 март).

Гуруҳга ашаддий рецидивист саналган Ҳабибулло Матисаев бошчилик қилган. Тўдага Навоий ва Бухородан ҳам вакиллар қўшилган. Жиноий схемага кўра, Кореяда ишлаб чиқарилган “Ласетти”, “Такума” каби автомобиллар чегара ва божхонани четлаб ўтган ҳолда Ўзбекистонга олиб кирилган. Сўнг “Андижон инвест ҳамкори” фирмаси ёрдамида машиналар суд ҳукми билан мусодара этилгани ҳамда кимошдида сотилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрланган.

Сохта ҳужжатларга асосан машиналарга Навоий вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида давлат рақами олингач, улар маҳаллий бозорда сотилган.

Жиноий гуруҳ уч йил ичида 200 дан ортиқ машинани 9 миллиард 129 миллион сўмга пуллаган. Тўда бошлиғи Ҳ.Матисаев ҳамда “Андижон инвест ҳамкори” фирмаси раҳбари Улуғбек Усмонов 10,6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Гуруҳнинг қолган аъзоларига ҳам озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган.

“Хотин-қизлар қўмитаси раиси қайнонасига артистлик қилаётган келинлар масаласига тўхталди”

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига оилавий муаммолар юзасидан аёллар тез-тез мурожаат қилмоқда ва уларни ўрганишга анчагина вақт кетяпти. (“Оила даврасида”, 3 март).

Қўмита раиси Элмира Боситхоновага кўра, муаммоларнинг мутлақ ечими аёлларни маърифатли қилишда.

“Назаримда, бугунги кун аёлининг маърифий-маънавий даражасини юксалтирмоқ зарур. Бир мисол: телеканаллардаги сериалларни кузатсак, қайноналар келинларига бақираётганини, келинлар қайноналарига “артистлик” қилаётганини, оилага ёлғон аралаштираётганини кўрамиз. Бу ҳолатларнинг сабаби уларнинг маърифат ва мутолаадан бироз узоқлашгани эмасми?!” деган Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова.

“Навоий кон-металлургия комбинатидан антиқа йўл билан тилла маъдан ўғирламоқчи бўлган ишчилар қўлга олинди”

Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасига қарашли 1-сонли гидрометаллургия заводининг икки ишчиси тилла маъдан ўғирлигида айбланди.

Навоий ихтисослаштирилган прокурори Нодирбек Раҳмоновнинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзишича, шартли равишда “Алибек Жалилов” деб аталган ишчи 2014 йил апрелда цехнинг тегирмонидан таркибида 60 грамм олтин (баҳоси 5,3 милллион сўм) бўлган қум заррачаларини ноқонуний йиғиб олади.

А.Жалилов бу билан чекланмай, 2015 йил 30 январь куни яна ўша тегирмондан таркибида 430,89 грамм олтин (баҳоси 42,5 миллион сўм) бўлган 8,33 оғирликдаги маъданли тошнинг суюқ бўтқасини гиламга тўйинтирган ҳолда олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Аммо қўриқлаш хизмати томонидан қўлга олинади.

Судланувчи А.Жалилов 5 йил, унга кўмак берган бошқа ишчи 3,6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Оролбўйидаги 40 қа яқин дарранда ва парранда йўқолиш хавфи остида”

Яқингача биохилма-хиллиги билан машҳур бўлган Оролбўйи минтақасида ўсимлик ҳамда ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб бормоқда (“Халқ сўзи”, 2 март).

Жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури буткул йўқолиш хавфи остида турибди. Юзага келган мураккаб вазият инобатга олиниб,

2011 йилда “Бадай-тўқай” қўриқхонаси негизида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилди. Резерват ҳудудида умуртқалиларнинг 356, ўсимликларнинг 419 тури учрайди. Уларнинг бир қанчаси Қизил китобга киритилган.

“Ижтимоий тармоққа кунига 5 мартадан кўпроқ расм қўйиш селфизм касаллиги бошланганидан далолат”

Яшин тезлигида тарқалаётган селфизм ёки селфомания гиёҳвандлик сингари инсон онги ва руҳиятини парчалайдиган касаллик саналади (“Ҳуррият”, 2 март).

Руҳшунос З.Шариповага кўра, жамиятда ўз ўрнини топишга интилиш, яқин инсонлар ва танишлар ўртасида ўзининг борлигини эслатиб туриш селфининг асосий сабабларидандир.

“Кунига одам ўзини 5 маротабадан кўпроқ суратга тушириб, бошқаларга кўрсатиши, хусусан, ижтимоий тармоқларга жойлаштириши селфизм касаллигининг бошланаётганидан ва инсон руҳиятида салбий ўзгаришлар содир бўлаётганидан дарак беради”, деб ҳисоблайди руҳшунос З.Шарипова.

XS
SM
MD
LG