Линклар

Киевда Москва проспектига Бандера номини беришмоқчи


Киев расмийлари шаҳардаги Москва проспекти номини ўзгартириб, унга миллатчи украин етакчиси Степан Бандера номини беришмоқчи. Бу эса Россиянинг ғазабини келтириши аниқ.

Бу Украинада “коммунистик ва миллатчи-социалистик тоталитар тузум рамзларини тақиқлаш” кампанияси доирасида қилинган маҳаллий ҳукуматнинг навбатдаги қадами бўлади. Украинанинг Россия билан алоқалари Москва Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклай бошлаганидан кейин ёмонлашди.

Жой номларини ўзгартириш бўйича таклифларни кўриб чиқувчи Киев шаҳар кенгаши Москва кўчаси номини ўзгаритиш таклифини маъқуллаган. Бу ҳақида Украина миллий хотира институти директори Володимир Вятрович 2 март куни ўз Facebook саҳифасида ёзди. Вятрович кўча номини ўзгартиришни ҳам айнан шу институт таклиф қилганини билдирди.

Вятрович бир кун аввал махсус комиссия шаҳар мэри Виталий Кличкодан таклифни оммавий талқин қилиш учун имкон яратишни сўраганини билдирди. Агар Кличко бундай муҳокамани бошласа, бу жараён икки ойга чўзилиши мумкин.

Украинада 2015 йилнинг май ойида кучга кирган қонунга биноан 1917-1991 йилларда ҳукмронлик қилган совет ҳукумати жиноятчи тузум ўлароқ кўрилади.

Ҳозир Украинада совет ҳукумати рамзлари ва тарғиботи ман қилинган. Бу эса Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ бўлмаган барча коммунистик ёдгорликларни йўқ қилишни ҳамда совет даври билан боғлиқ ном берилган кўча ва диққатга сазовор жойларни қайта номлашни талаб қилади.

Қонунда фашистлар Германиясига ҳам айнан шундай муносабат билдирилган. Иккинчи жаҳон уруши давомида фашистлар Украинанинг катта қисмини эгаллаб олган.

Степан Бандера миллий мухолифат етакчиси бўлган ва ҳам фашистлар Германиясига, ҳам совет тузумига қарши курашган.

Аксар украинлар, айниқса, мамлакат ғарбида яшовчи украинлар Бандерани озодлик учун курашган қаҳрамон ўлароқ баҳолайди. Аммо Россияда ҳамда Украина шарқида Бандера фашистлар билан ҳамкорлик қилган шахс сифатида кўрилади.

2010 йили Украина президенти Виктор Юшченко Бандерага Украина қаҳрамони унвонини берган. Аммо президентнинг бу қарорини Европа парламенти, Россия ҳамда яҳудий ва поляк ташкилотлари қоралади. Россия билан анча яхши муносабатда бўлган навбатдаги президент Виктор Янукович эса Бандерага бу унвоннинг берилиши ноқонуний эканини айтди ва 2011 йил январида Юшченко қарори расман бекор қилинди.

2014 йил февралидаги Евромайдон намойишлари натижасида Янукович президентликдан четлатилди ва Россияга қочиб ўтди. Унинг ўрнига келган ғарбпараст ҳукуматни Кремль “бандерачилар” деб атаб келади. Россияда бу атама асосан украин миллатчиларига нисбатан қўлланилади.

Россия 2014 йилнинг март ойида Украинанинг Қрим минтақасини ҳарбий куч ишлатиб аннексия қилиб олганидан бери шарқий Украинада россияпараст айирмачиларни қўллаб келаётгани учун Киев ва Москва алоқалари кескин ёмонлашган. Украина шарқидаги тўқнашувларда 2014 йилнинг апрелидан буён 9 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди.

Россия агрессиясидан ғазабланган Украина ўзининг совет ўтмишини янада тезроқ унутиш учун курашиб келмоқда. “Декоммунизация” қонунларига бинон Лениннинг бир неча ҳайкали қулатилди, унинг номи билан аталувчи кўчалар қайта номланди.

XS
SM
MD
LG