Линклар

Ҳужжатини йўқотган ўшлик ўсмир яқинларини қидирмоқда


Ўзини Ойбек Муҳиддинов деб атаётган ўшлик ўсмир Атирау адаптация маркази директори Ғалия Бижанова билан.

Ўзини Ойбек Муҳиддинов деб атаётган ўшлик ўсмир Атирау адаптация маркази директори Ғалия Бижанова билан.

Қозоғистоннинг Атирау шаҳридаги Вояга етмаганларни адаптациялаш марказида ўзини Қирғизистон фуқароси деб атаётган, бироқ ҳеч қанақа ҳужжати бўлмаган ўсмир уч ойдан бери яшаяпти. Қозоғистонга бир неча йил аввал амакиси билан келганини айтаётган ўсмир ота-онасининг исм-фамилиясини тўлиқ айта олмайди.

Атираудаги Вояга етмаганларни адаптациялаш марказига 2015 йил 5 декабрида олиб келинган Ойбек Муҳиддиновнинг ёнида унинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қанақа ҳужжат йўқ. Марказ директори Ғалия Бижанова ўсмир ҳақидаги барча маълумотлар унинг сўзларига таянган ҳолда ёзиб олинганини айтди.

Бижанова хоним Ойбек Муҳиддинов ҳали балоғат ёшига етмаганини айтиб, Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига ўсмир билан яккама-якка суҳбат қуришга изн бермади, бироқ ўсмир аввал айтиб берган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Марказ директорига кўра, 17 ёшли Ойбекни Вояга етмаганларни адаптациялаш марказига шаҳар темир йўл полицияси ходимлари олиб келганлар, чунки ўсмирнинг қўлида шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.

Ора йўлда қолган Ойбек

Ойбек Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилганини, онаси беш ёшга тўлганда ўлиб кетганини, отаси уни амакиси Улуғбекка ташлаб, кетиб қолганини айтган. Ғалия Бижанова ўсмир ота-онасининг исм ва фамилиясини тўлиқ айта олмаганини қайд этади.

- Унинг айтишича, онасининг оти Дилноз(а) бўлган, отасининг оти эса Эргаш бўлиши мумкин. Онасининг сиймосини элас-элас хотирлайди, отасини эса мутлақо эслолмайди. Ойбек 1 июль куни 18 ёшга тўлишини айтаяпти, - деди Ғалия Бижанова.

Ойбек Муҳиддинов Олмаотага 12 ёшида отасининг укаси Улуғбек билан бирга келган. Кейинроқ амакиси унга: “Новосибирскда иш топиб, жойлашиб олганимдан сўнг сени олиб кетаман” дея ваъда бериб, Россияга кетиб қолган.

Ғалия Бижановага кўра, Ойбек 17 ёшгача Олмаотада яшаб, турли жойларда дуч келган ишни қилиб, қорнини боқиб келган. Атирауда яхши пул топиш мумкинлигини эшитган ўсмир кейин бу шаҳарга йўл олган.

- Марказ психологи Ойбек билан гаплашди. У билан суҳбатда ўсмир Олмаотада таъқиб-тазйиққа учрамагани, уни ҳеч ким калтакламаганини айтган. Баъзан ишлаб топган пулини беришмаган пайтлар бўлган экан, лекин бунинг ўрнига кийим-кечак ва егулик беришаркан, - деди Атираудаги Вояга етмаганларни адаптациялаш маркази директори.

Ғалия Бижанова Ойбек Муҳиддинов ҳеч қачон мактабга бормагани, аммо русча ёзишни билишини айтади. Ўсмирнинг айтишича, унинг саводини Олмаотадаги иш берувчилари чиқарган.

Бижанова хонимга кўра, адаптациялаш маркази тартибига мувофиқ, улар Ойбекни муассасада уч ойдан ортиқ тутиб туролмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда у Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига хат билан мурожаат қилган.

- 1 март куни бизга Қирғизистон элчихонасидан жавоб келди. Улар Ойбекни Олмаотадаги адаптация марказига ўтказишни сўрашмоқда. Яқинда биз уни бир педагог ҳамроҳлигида Олмаотага юборамиз, - деди Ғалия Бижанова.

Қирғиз дипломатлари кўмак ваъда қилмоқда

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги консули Алмасбек Байбосовга кўра, Ойбек Муҳиддинов тўғрисидаги маълумот элчихонага тахминан 10 февралда келиб тушган. Кейин элчихона Ойбекнинг шахсини аниқлаш учун Қирғизистондаги давлат идораларига сўровнома юборган.

- У билан телефон орқали суҳбатимиз қисқа бўлди, балки бу унинг руҳий ҳолати билан боғлиқдир. У ва тарбиячисидан олган маълумотларимизга кўра Қирғизистон идоралари қидирув ишларини олиб бормоқда. Вояга етмаган боланинг фуқаролиги ота-онасининг фуқаролиги аниқланганидан кейин маълум бўлади, - деди Байбосов.

Консулга кўра, Ойбек ўз фамилиясини ҳар хил айтган.

- У фамилияси Муҳиддинов эканини айтганди, кейин ўзини Эргашев деб таништирди. Ойбек Олмаотага етиб келганидан кейин дипломатларимиз у билан гаплашиб кўришади. Ҳозирча унинг қулликда бўлгани ҳақида гап йўқ. У қаерда ва қандай шароитда ишлаганини айтиб, кўрсатиб берганидан кейин ҳаммаси аён бўлади, - деди Алмасбек Байбосов.

Ҳақсиз меҳнат муҳожирлари

Олмаотадаги “Халқаро ҳуқуқий ташаббус” жамғармаси Айна Шўрманбаевага кўра, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари иш берувчи билан расмий меҳнат шартномаси тузмай ишлаши, кейин эса пулсиз ва ҳужжатсиз ватанига қайтиб кетолмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилади.

- Улар орасида қурилишда, далада, емакхоналарда, хусусий уйларда ишлайдиган ўсмирлар ҳам бор. Вақтинча ишлашга келаётган муҳожирлар учун вазият у қадар яхши томонга ўзгармади. Имтиёзлар фақат уй хўжаликларида ишлаш учун келаётган муҳожирларга берилган. Қозоғистон фуқаросига уй хўжалиги ишлари учун шартнома асосида беш нафаргача хорижликни ишга ёллашга рухсат берилган. Бироқ бу талаблар ҳам бажарилаётгани йўқ, шунинг учун ҳам меҳнат муҳожирлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилолмайди. Асосий муаммо шунда, - дейди ҳуқуқ фаоли Айна Шўрманбаева.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, вояга етмаган муҳожирлар меҳнатидан ноқонуний равишда фойдаланишга оид ҳолатлар учраб турса-да, бу борада системали статистика йўқ.

- 2010-2012 йилларда биз одам савдосининг муҳтамал қурбонлари ҳақида сўров ўтказгандик. Сўровда 1500 нафар респондент қатнашган. Сўров натижалари 114 киши одам савдоси қурбони бўлганини кўрсатди, булардан 14 нафари ўсмирлардир. Шунинг учун ҳам одам савдоси билан боғлиқ вазият қарийб ўзгармади, деб айтишим мумкин, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Айна Шўрманбаева Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари ҳақларини ҳимоя қилиш ишига давлат аралашиши лозим, деб ҳисоблайди.

Миграция полицияси маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистонда хориждан келган 133 минг нафар меҳнат муҳожири қайдга олинган.

XS
SM
MD
LG