Линклар

Белгород колониясида ўзбек қочқини ғойиб бўлди


 Белгород вилоятидаги 5-сонли АТК

Белгород вилоятидаги 5-сонли АТК

Россиянинг Белгород шаҳарчасидаги 4-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан озодликка чиқарилган яна бир ўзбек қочқини, қаршилик Сарвар Мардиев ғойиб бўлди. Ҳуқуқ фаоллари Мардиевнинг расмий Тошкентга топширилганини тахмин қилишмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Мардиевни "жиҳодчилик"да айблаб, унга нисбатан жиноий иш қўзғаган.

4 март куни тонг саҳарда Россиянинг Белгород вилояти Алексеевка шаҳарчасидаги 4-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан озодликка 29 ёшли қаршилик муҳожир Сарвар Мардиев чиқиши керак эди.

Мардиевнинг шахсий илтимосига кўра, уни колония эшиги олдида кутиб олишга борган “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари, “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроев “қора ниқоб”даги ФСБ ходимлари Сарварни “Газель” автомашинасида номаълум томонга олиб кетганини аниқлаганини Озодликка гапириб берди:

- Озод қилиниши керак бўлган йигит қочқинликка муҳтож эди. Аниқланишича, ФСБнинг адвокатлари Сарварга ўхшаганлар номидан “қочқинликка” ариза бериб, ҳамма инстанцияларни ўтиб, “йўқ” деган жавобни олиб, ҳужжатни расмийлаштириб қўяр экан ва кейин осонгина уларни ё топшириб юборади, ё бошқа ҳолатда ишлатворар экан.

Алексеевка темир йўл бекати

Алексеевка темир йўл бекати

Мен билан бирга колония олдида бир украин аёлнинг ўғли озод этилишини кутди. Мен ичкарига кирганимда, бир “Газель”да “қора ниқобда”ги ФСБ ходимлари Сарварни олиб кетишган. Колония раҳбари муовини оператив ходим Кузняк Евгений Викторович “Сизларнинг МХХларинг бизнинг ФСБ билан ҳамкорлик қиляптику”, деди. Менга шу гапнинг ўзи етарли! У “Сарвар ҳозир чиқиб кетди. Вокзал томон кетди”, деди. Охири, бу аёлнинг ўғлини олиб чиққан полиция ходими ўша ердаги ФМСчига “Мардиева уже увезли в ФСБ”, деганини эшитиб қолдим, деди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли полиция ходими сўзларидан Сарвар Мардиев ҳақиқатан оқ рангдаги “Газель” автомашинасида Москвага олиб кетилганини аниқлаган.

4-сонли колония раҳбарияти Озодлик сўровига Сарвар Мардиев дарҳақиқат бугун эрталаб колония ташқарисига чиқариб юборилганини тасдиқлади.

- Ким? Сарвар, Ўзбекистон фуқароси, адашмасам. Ҳа уни чиқариб юбордик, дея гапни узди қамоқхона навбатчи офицери.

Ҳамроев ўзбекистонлик маҳбус Мардиевнинг колония маъмуриятининг бевосита ноқонуний кўмагида йўқолиб қолганини иддао қилди.

Унинг билдиришича, Россия қамоқхоналари раҳбариятларига “юқоридан” қамоқхоналарда ўтирган хорижликларни ўз юртига чиқариб юборилиши кераклиги тўғрисида махсус қарор юборилган.

Колония дарвозаси олдида

Колония дарвозаси олдида

- Бу қамоқда ўтирганларни шунчаки қурбонлик ҳам қилишяпти: қачонки булар ишсиз қолса, Сарварга ўхшаганлар, масалан, Ўзбекистонга олиб кетилиб ўлдирилган Ғаниев Жавлиддиндек қурбонлик қилинаяпти. Мардиев бу ерда сохта ҳужжатлар билан юрганликда айбланиб, суд қилинган ва 3 йилдан кўпроқ ўтирган. У менга қамоқдалигида “Мени депортация қилишмасин Ўзбекистонга”, деб менга мурожаат қилган. Қашқадарёдан уни оғайнилари қўнғироқ қилиб, “Акажон, шу укамиз уйида СНБ ходимлари келиб тинтув ўтказди. Жиҳодчиларга қўшилаётган экан, деган гаплар билан савол-сўроқ қилган экан яқинларини”, дейишди. Хуллас, Сарварнинг уйдагиларини қўрқув остига олиб, аллақандай ҳужжатларга қўл қўйдириб олишган, деди Баҳром Ҳамроев.

Суҳбатдош СНБ ва, айниқса, МХХ ходимлари қизиққан шахс айбланмасдан ва судланмасдан қолмаслигига ҳам ишонишини айтди. У Сарвар Мардиевнинг колония ичкарисидан ғойиб бўлишини унинг Ўзбекистонга бериб юбориш учун ўғирлангани билан боғлади.

“Ёрдам” ташкилоти раиси сўнгги йилларда Россиядан ўнлаб муҳожир ва қочқин қонунга хилоф равишда ўғирлаб кетилганини ҳам маълум қилди.

Озодлик 1987 йилда Қарши шахрида туғилган Мардиев Сарвар Абдуллоевичнинг кейинги тақдирига оид хабарларни кузатиб боради.

Бундан олдин ҳам Россия ва Ўзбекистон махфий хизматлари ҳамкорлигида Россиядан кўплаб диний ва сиёсий қочқинларнинг ўғирлаб кетилиши ҳолатлари бўлган.

Ўтган йилнинг июнь ойида ҳуқуқ фаоллари сайи-ҳаракатлари туфайли Россиянинг Орёл вилоятидаги колониядан 29 ёшли учқўрғонлик Шаҳобиддин Ўриновнинг ноқонуний ўғирлаб кетилиши олди олинган эди. 4 йилдан буён рус қамоқхоналарида қолаётган Ўринов Ўзбекистонда террорчилик, давлат тўнтаришини уюштириш, ноқонуний ташкилотларга алоқадорликда айбланмоқда.

2014 йилнинг сентябрида Орёл шаҳридаги 5-сонли колониядан Ўзбекистонга ўғирлаб кетилган ва узоқ муддатга ҳукм этилган сурхонлик 49 ёшли диний қочқин Жавлиддин Ғаниевнинг жасади Ўзбекистондаги ҳибсхонадан чиққани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG