Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:11

Қирғизистон МХХда чиққан ёнғин миш-мишларга сабаб бўлмоқда


4-март куни кечаси Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Бишкекдаги Бош идорасида чиққан ёнғин турли миш-мишларга сабаб бўлмоқда. Миллий хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ёнғин электр симидан чиққан ва идоранинг олти ходими тан жароҳати олган. Айни пайтда мутахассислар ёнғин беъэтиборликдан келиб чиққанини айтса, идора яқинида истиқомат қилувчи аҳоли иморатдан портлаш овози эшитилганини айтмоқда.

Жума куни кечки соат 21дан кейин Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бош биносида содир бўлган ёнғинда битта хона ёниб кетди. Шу сабабли бинонинг электр энергияси тўлиқ ўчирилган.

Бундан ташқари, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бош идораси атрофидаги кўчалар қуршаб олинган ва ёнғин бошқа ерларга кўчишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрилган:

- Ёнғин натижасида олти нафар ҳарбий ходим турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Ҳозир уларнинг аҳволи яхши. Тергов бошқармаси билан боғланганимизда, ҳеч қандай архив материаллар куймагани ва ўта муҳим ҳужжатларга зарар етмаганини айтишди, - дейди Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулайманов.

Миллий хавфсизлик хизмати расмийси ёнғин чоғида портлаш бўлгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларни инкор қилди. Бино яқинида истиқомат қилувчи одамлар портлаш овозини эшитганини айтмоқда.

Ёнғин чиққан жойга яқин кўчада яшовчи Любовь Иванова хозиргача хавфсираётганини айтса, ўзини Леонид деб таништирган яна бир бишкеклик қаттиқ овозни эшитиб, машина тўқнашиб кетди, деб ўйлаганини айтади:

- Қаттиқ овоз чиқди, мен катта йўлда юк машиналари уришиб кетди, машина балони портлади, деб ўйладим. Бироқ кўп ўтмай ёнғинга қарши кураш хизмати машиналари ва милиция машинаси сиреналари эшитилди. Шундан кейингина бинода ёнғин бўлганини билдим, - дейди Леонид.

Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги қошидаги ёнғинга қарши кураш давлат агентлиги раҳбари Нуржан Ўсмоналиев Озодликнинг қирғиз хизматига барча ҳужжатлар Миллий хавфсизлик хизматига берилгани, бироқ бошқа маълумотларни очиқлай олмаслигини билдирган:

- Биздаги тегишли маълумотларнинг барчасини Миллий хавфсизлик хизматига бердик. Ёнғин жойига қанча машина борди, ёнғин соат неччида ўчирилди, барча ҳужжатларни уларга ўтказдик. Биз ёнғин бўйича бирон бир маълумот айтолмаймиз, - деди Нуржан Ўсмўналиев.

Қирғизистондаги таниқли сиёсатчилардан бири Азимбек Бекназаров ёнғин тўғрисида турли миш-мишларга йўл қўймаслик учун бу воқеани диққат билан ўрганиш лозим, деб ҳисоблайди. Унга кўра:

- Бизнинг Миллий хавфсизлик хизматида кимлар ишламади?1 Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам ўша ерда юради. МХХда ҳозир ўзаро келишмовчиликлар бор. Ходимлар орасида келишмовчилик бўлса, шу каби сўзлар тарқалади. Мен ёнғиннинг асл сабабларари аниқланишига ишонмайман, бу ишни аста-секинлик билан тўхтатиб қўйишади, - дейди Азимбек Бекназаров.

Бироқ МХХ расмийси Раҳат Сулайманов яқин кунларда ёнғин сабаблари аниқланиши ва айбдорлар жазоланишини айтди.

Мазкур ёнғин Қирғизистонда куч тизими идораларида ёнғин чиқиши бўйича биринчи ҳолат эмас. Шу йилнинг 27-февралида Жалолобод шаҳар прокуратурасида ёнғин чиқиб 450 метр квадрат катталикдаги бино куйиб кетган. Натижада прокуротурага келиб тушган ҳужжатларнинг бир қисми куйгани маълум қилинган.

2015-йилнинг июлида Чуй вилоят судида ёнғин чиққан. Ёнғин натижасида 2010 йил апрель воқеалари чоғидаги ўғирликлар тўғрисидаги ҳужжатлар куйгани тўғрисида маълумот пайдо бўлган.

2010-йил апрель инқилоби чоғида Қирғизистон Бош прокуротураси биноси ёндирилиб, кўплаб ҳужжатлар куйиб кетган. Бино эса бугунгача таъмирланмаган, айбдорлар топилмаган.

XS
SM
MD
LG