Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:12

"Қуръоний" ва анъанавийлар баҳси: Радикаллашув учун ким айбдор?


Аброр Мухтор Алий (чапда) ва Камолиддин Йўлдош
Аброр Мухтор Алий (чапда) ва Камолиддин Йўлдош

Шу кунда ижтимоий тармоқларда тортишган икки ўзбекистонлик ёш аҳли илм - Аброр Мухтор Алий ва Камолиддин Йўлдошларни Озодлик юзма-юз баҳсга чорлади. Суннатсиз ёхуд қисман суннатсиз Ислом ғояси тўғрими-хатоми, радикаллашувга ким масъул каби саволлар устида тортишган томонлар баҳсида Сурия ва Ироқда пайдо бўлган жориялар, асирлар, қуллар масаласи ҳамда бунга Исломдан келтирилаётган далиллар ҳам муҳокама қилинди.

Тошкентда диний-маърифий китобларни нашр этадиган "Ҳилол" нашриётида январь ойида ўтказилган анжуманлардан бирида "Қуръонийлар" номли жамоа танқид қилинган ва Ўзбекистон ҳамда унга қўшни давлатларда "Қуръонийлар" ғоясини ташувчи ўзбек тилидаги қўлланмалар пайдо бўлгани айтилгани ҳақида хабар қилган эдик.

Озодлик бу анжуман ортидан икки аҳли илм - Аброр Мухтор Алий ва Камолиддин Йўлдошни суҳбатга тортган эди. Суҳбатлардан сўнг юзма-юз мулоқотга рози бўлган томонлар ўртасида қарийб бир соат баҳс бўлди.

Унда томонлар Исломда "Қуръон" ва ҳадиснинг ўрни, мазҳаблилар ва суннатни инкор қилувчилар илгари сураётган даъволарни муҳокама қилдилар. Аҳли илмлар баҳсига хос равишда соф диний далилларни келтирдилар.

Аммо, баҳснинг асосий қисми бугунги кунда долзарб бўлиб турган икки муаммо - мусулмонлар орасида радикаллашув сабаблари ва сиёсий тузумларнинг диндорлар устидан назоратига қаратилди.

Шу кунда Истанбулда бўлган Камолиддин Йўлдош таъкидича, асл мусулмонлар "Қуръон" ва унга мос келган ҳадисларни мустақил равишда ўрганиб, уламолар ақлига таянмаган ҳолда эркин ибодат қилишлари мумкин. Унинг даъвосича, айниқса, пайғамбар алайҳиссаломдан қолган суннатга таянганини иддао қилган уламолар аслида оддий мусулмонларнинг эркин фикрлашига тўсқинлик қиладилар ҳамда шу иши билан сиёсий режимларга қулай восита бўлиб хизмат қилмоқдалар.

Шунингдек, Камолиддин Йўлдош тобора сафи кенгаяётган бугунги радикал мусулмонлар, хусусан, Сурия ва Ироқдаги жангарилар "жория, асир, қул, ғанимат" каби тушунчаларни айнан сохта ҳадислардан олмоқда ва бундай ҳатти-харакатларга буюрувчи оятлар аслида "Қуръон"да йўқдир.

Унга қарши баҳсга чиққан Аброр Мухтор Алий фикрича, аслида бугунги радикаллашув сабабчилари айнан "Қуръонийлар" кабилардир.

Унинг таъкидича, "Қуръон" ва ҳадис илмига ўз ақли даражасида ёндошган ва бунда аҳли илмларни мутлақо тан олмаганлар хатога йўл қўймоқдалар, айнан уларнинг таълимотларига эргашган мусулмонлар радикаллашмоқдалар.

Аброр Мухтор Алий соф Ислом аввало "Қуръон", сўнгра ҳадис ва албатта, асрлар давомида Ислом илмини авлоддан авлодга ўтказиб келаётган аҳли илмларнинг китобларига таяниши керак, деб таъкидлади.

Ушбу баҳсни айни пайтда Швецияда бўлган асли ўзбекистонлик аҳли илм - ҳадисшунослик фанлари доктори Муҳиддин Ширинов ҳам кузатувчи сифатида иштирок этди ҳамда масалага ўз муносабатини билдирди.

Қуйида аҳли илмлар орасида бўлиб ўтган баҳсни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг махсус сони
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:00:00 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG