Линклар

logo-print

Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларга Россия истаган истиснолар киритилди


Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин.

Россиянинг БМТдаги элчиси Шимолий Кореяга қарши жорий қилинадиган янги санкциялар дастурида Москванинг муҳим иқтисодий лойиҳалари ҳимояга олинганини иддао қилмоқда.

БМТ хавфсизлик кенгаши янги санкцияларни бир овоздан қабул олганидан кейин журналистлар олдида чиқиш қилган Виталий Чуркин АҚШ билан музокара қилиб, Россия шарқидаги Хасан шаҳрини Шимолий Кореянинг Ражин порти билан боғлайдиган темир йўл лойиҳасини давом эттиришга келишганини билдирди. Россия мазкур темир йўл ёрдамида кўмир ва бошқа рус экспортларини Хитой билан Жанубий Кореяга олиб боришни режалаштирмоқда.

“Хитой каби бизда ҳам муайян иқтисодий қизиқишларимиз бўлиб, уларнинг Шимолий Кореянинг ядровий ёки ракета дастури билан умуман алоқаси йўқ”, деди Чуркин.

“Россия темир йўллари ширкатининг йирик лойиҳасини, яъни Россия кўмирини Хитойнинг жанубий ҳудудларига ҳамда Жанубий Кореяга элтиб бериш учун Шимолий Кореяга борувчи темир йўл қуришни назарда тутяпман”, деди Чуркин.

Чуркин Россия музокара олиб боргани сабаб лойиҳа “ва бошқа иқтисодий қизиқишларимиз ўзгармади”, дея қўшимча қилди.

Россия учун Корея темир йўли лойиҳаси жуда муҳимдир, чунки мамлакат ўзининг шарқий ҳудудларини ривожлантиришга ва экспорт йўлларини Европадан бошқа тарафларга ўзгаритишга ҳаракат қилиб келмоқда. Пхеньян эса лойиҳа ёрдамида пул ишлаб олишни ҳамда ожиз иқтисодини озгина яхшилаб олишни истайди.

Россия туфайли Шимолий Кореяга қарши санкцияларнинг қабул олиниши бир неча кунга кечикди. Дипломатларнинг айтишича, Россия нафақат темир йўл, балки бошқа лойиҳаларни ҳам давом эттириш ҳуқуқини қўлга кириш учун музокара олиб борган.

Ҳайратланарлиси, Россия Кореяга рейслари мавжуд бўлган халқаро авиаширкатларнинг самолётлари учун мамлакатга ёқилғи олиб киришга ҳамда Кореяга “тирикчилик учун” кўмир каби минералларни экспорт қилиш рухсати берилишига эришди.

Шуларни ҳисобга олмаганда, янги иқтисодий санкциялар анча кенг кўламли бўлиб, Кореядан кўмир, темир рудаси, титан, ванадий ҳамда бошқа қимматли металларни импорт қилишни ҳамда мамлакатга авиация ҳамда ракета ёқилғиси экспорт қилишни қатъиян ман қилади.

Россия яна санкциялар рўйхатига киритилган бир шахснинг номи ўчирилишига ҳам муваффақ бўлди. Бу Корея кончиликни ривожлантириш ва савдо корпорациясининг Россиядаги вакилидир. АҚШ Молия вазирлиги бу ширкат қурол-аслаҳа савдосида иштирок этишини айтиб келади.

Чуркин Жанг Сонг Чол “Россияда эмас. У рўйхатга киритилганидан ҳайратдамиз”, деди.

Россия бу эркинликларни қўлга киритиш учун санкцияларнинг одамлар ҳаётига кўрсатадиган таъсирига урғу берган.

Аммо АҚШ ва Европанинг БМТдаги вакиллари санкциялар фақатгина Шимолий Корея тузумини ҳамда мамлакатдаги бошқарувчи элитани мўлжалга олишини, шусиз ҳам оғир аҳволда яшаётган оддий фуқароларга қаратилмаганини айтишди.

XS
SM
MD
LG